Кейинчалик мазкур асар дунёнинг кўп тилларига ағдарилган. Инглиз, француз ва русча нусхалари ҳам Мир Абу Толибнинг форсча таржимасига асосланган. Ҳозирги ўзбек тилидаги биринчи нашри эса Алихонтўра Соғуний томонидан амалга оширилган. Айни пайтда бу эзгу иш билан Ҳабибулло Кароматов ҳам шуғулланган. Таржиманинг дастлабки нусхалари "Гулистон" журнали саҳифаларида ўқувчиларга ҳавола этилган. 1991 йили эса Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чоп қилинган. 1996 йили иккинчи нашри ҳам чиқарилган. 2015 йилга келиб эса "Ўзбекистон" нашриёти томонидан "Темур тузуклари" янада мукаммал ҳолатда, қимматли суратлар, қўлёзманинг, турли тиллардаги нашрининг титул варағи, бобомиз давлатида зарб қилинган тангаларнинг фотонусхалари илова қилинган ҳолатда халқимизга етказилди.
Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг янги нашрга ёзган сўзбошисида айтилганидек: "Ҳар бир сатри бир умр эл-юрт, салтанат ташвиши билан яшаган фидойи инсон, улкан давлат арбобининг кенг миқиёсдаги ўй-фикрлари, ҳаёт ва кураш тажрибаси, мушоҳадаси, баъзан эса дардли ва изтиробли кечинмалари билан суғорилган бу асарда қандай теран маъно мужассам эканини маърифатли, зукко китобхон яхши англайди, албатта".
Биз китобни мутолаа қилиш асносида бебаҳо ва дурдона фикрларнинг таъсирчан ифодасини онгимизга беихтиёр сингдириб оламиз. Бундай томчида қуёш акс этгандек донишмандона ҳаётий хулосалар ва пандномаларни бобомизнинг авлодларга ўз вақтида қилган огоҳлантириш ҳамда насиҳатлари деб тушуниш керак. Етти ёшдан етмиш ёшгача улардан сабоқ олиши мумкин. Гапимизнинг далили сифатида мисоллар келтирамиз:
Адлу инсоф билан жаҳон гулшани обод бўлур.
* * *
Бир кунлик адолат юз кунлик тоат-ибодатдан яхшироқдир.
* * *
Душманингга ҳам жабр-зулм қилма.
* * *
Сўзлагувчи нодон бўлса ҳам, тингловчи доно бўлсин.
Юқоридаги мухтасар ва сермаъно битиклар ҳар биримизни инсофга чақиради. Адолатли бўлишга ундайди. Дўст у ёқда қолиб, душманга ҳам меҳрлироқ бўлиш зиён эмаслигини уқтиради.
Амир Темур бирлик ва ҳамжиҳатликни ҳам ғоят улуғлаган. Шу икки ҳолат билан инсон кўп нарсага эришишини кўрсатиб берган:
Агар сизлар бир тан, бир жон бўлсангизлар сизга адоват қилганларни енгасиз.
* * *
Бирликсиз - куч бўлмас.
* * *
Қўшилган қутулур, қўшилмаган - титулур.
Раҳбарлик жуда-жуда масъулиятли эканини ва бу ишда атрофидагилар билан кенгашиш муҳимдан муҳимлигини бобомизнинг қуйидаги ҳикматлари исботлаб турибди:
Кенгаш икки турли бўлур. Бири - тил учида айтилгани, иккинчиси - юракдан чиққани. Тил учида айтилганини шунчаки эшитиб, юракдан айтилганини қалбинг қулоқларига қуйиб ол.
* * *
Маслаҳат, кенгаш, тадбиркорлик, ҳушёрлик ва фаоллик билан иш тут.
Бобомизнинг музаффарликлари ул зотнинг одамдан одамни фарқлай олишдаги тенгсиз ақл-заковатлари натижасидир, албатта. Ҳамиша қўлидан иш келадиган моҳир ва куч-қудратли кишиларга таяниб кам бўлмаганлар. Зеро, ўзлари буни қуйидагича таъкидлаганлар: "Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшироқдир".
"Темур тузуклари"ни ўқиб, бу китоб ҳикматларнинг чинакам хазинаси, қандай яшамоқнинг олтин сабоқномаси эканлигига яна бир бор иқрор бўламиз.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.