Беихтиёр ўйлаб қоламан: Наврўз фақат одамларга суюклими? - деб. Йўқ, йўқ! У барча тирик жонга ардоқли. Ҳатто жонбахш, ҳатто чиройбахш, ҳатто толебахш. Унинг бу хислатлари ҳар йили такрорланаверганидан кўзларимиз ўрганиб қолгани учун ҳайратга тушмасдирмизу, аслида Наврўз ҳайратона мўъжизакор айём. Қуёшни булутлар ортига, туманлар ортига беркитиб чарчамайдиган қишдаёқ интиқ-интиқ кутамиз, соғинамиз, қўмсаймиз ва ниҳоят келиши билан олқишлаймиз кўксимизга ҳаяжон тўлиб. Бу бесабаб эмас. Наврўз билан бирга тупроққа тафт қайтади. Офтобтўш жойларда илк бор чумолилар уясидан бош кўтариб, туйнуклари атрофига майин тупроқни ғарамчалай бошлайдилар. Меҳнатга, тирикчилик ташвишига тушиб кетадилар. Лойқа-қуйқалардан тозаланган ариқларда яна зилол сувлар "қўшиқ айтиб", далаларга чопишади. Деҳқонбобонинг эгатларида жилдирашиб, уруғларга нам етказишади. Ариқ қирғоқларида эса болалар яна уймалашишади. Уларнинг саватлари ялпизга, димоғлари ёқимли ифорга тўлади.
Кейин йўл-йўлакай жағ-жағ, отқулоқ, исмалоқ теришади. Тандирларда кўк сомсалар пишади, қозонларда кўк чучваралар қайнайди.
Шу пайт қалдирғочлар яна ўзларига таниш хонадонлардаги уяларини қидириб топишади. Тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурган юртга қайтганларидан беҳад қувонишиб, ҳовлиларда чарх уриб қанот қоқишади. Одамлардаги меҳр-оқибат қушларда ҳам борлигини уқтиришаётгандек симёғочларда тизилишиб, байрамона базм қуришади. Шодиёна чуғур-чуғурлари кўкни тутади.
Болаларнинг севинчлари ичларига сиғмайди. Қўлларида елим- қоғозу ғалтак. Боболари ва оталарини кичиклигини эслатишга чоғлангандек уларни "лайлак" ясаб беришга ундашади. Кўп ўтмай ҳавога варраклар кўтарилади. Ерда ўғил-қизларнинг қийқириғи, кўкда эса "лайлак"ларнинг бири-биридан баландроқ учиш ҳаракати авжланади.
Энди момо ва оналаримиз удумларига назар ташлаймиз. Маҳаллаларда уюшишиб буғдой увитишгани, кўкбарранинг тотли томирларини келида янчишиб, ширали сувини дошқозонга қуйишиб, тагидан олов қалашаётгани кўҳна Наврўзнинг сумалаги дастурхонларга тортилиш лаҳзалари келганини англатади. Бу ҳол ҳамма маҳаллада ҳар йили такрорланса-да, ҳар йили янгича иштиёқ, завқу-шавқ уйғотаверади. Туни билан остидан олов аримаган дошқозонлардаги сумалаклар тонгга бориб пишиб етилади. Унинг атрофида алёрлар, дуолар, тилаклар янграйверади. Катта-ю кичикнинг бу таомга оғзи текканида, кўнгилларида Наврўзга етиб келганликларига шукроналик туйғулари жўш уради. Сумалаклар сайли нафақат маҳаллаларда, айни дамда муассасаларда, ташкилотларда ҳам одатий тусга аллақачон кириб улгургани ўзбекона ҳаётимизнинг яна бир гўзал жиҳати шаклланганлигининг ифодаси эмасми?! Бу ҳурлигимиз шарофатидандир.
Ўзбекистонимизнинг баҳорини боғларда кўринг. Турфа дарахтларнинг кечагина яйдоқ турган шохларини ранго-ранг гуллар безаган. Мудроқ куртаклар қуёш нурларида кипригини қоқиб, Наврўзга саломга шайланган. Сону-саноқсиз гул "косача"ларидаги болни йиғиб олишни ғанимат билган ариларни айтмайсизми. Виз-визлашиб одамлар учун асал тўплаш билан қаттиқ бандлар.
Йироқ-йироқлардаги тоғларда бойчечаклар бўй кўрсатаётган бўлса, қир-адирларда гулбарралар барқ ураётир. У ерларга қадами етганлар шу кеча-кундузда ҳеч қуруқ қайтишмайди. Қўлларида баҳор элчилари, дилларида кўклам сурури. Гулдонлари яна чирою, файзга бурканади.
Ҳамма-ҳаммаси Наврўзи айём нашидасидан намоён. Қаёққа боқмайлик, яшариш, яшнатиш. Истиқлолли ватанимизнинг барча гўшаларида шундай манзара ҳукмрон. Ахир табиатнинг ўзи бизларга беқиёс ўрнак. Халқимизнинг яратувчанлиги ва бунёдкорлиги ҳеч қачон сусаймаган, аксинча, йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Бунда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Наврўз байрамини кенг нишонлаш ҳақидаги Фармонлари чорак асрдан буён дастуриламал бўлиб келмоқда. 21 март дам олиш куни сифатида белгилаб қўйилган. Энг муҳими, бу байрам янги-янги жиҳатлари билан тобора бойитилмоқда. Республикамиз пойтахтидан тортиб барча вилоятлардаги хиёбон ва майдонларда сайллар ташкилланди, концертлар уюштирилди. Ҳайр-эҳсон тадбирлари амалга оширилди. Байрам шодлиги кирмаган бирорта хонадон қолмади.
Наврўзнинг 21 мартда нишонланишида халқ донишмандлиги мужассам. Чунки, бу кунда кеча билан кундуз тенгланади. Эртасидан эса кундуз кўпайиб, кеча узайиб бораверади. Чинакам йилбоши эканлигидан яна бир нарса аниқ далолат беради. Худди шу пайтда Ҳамал киради. Халқимизнинг "Ҳамал кирди - амал кирди" деган нақлида чуқур ҳаётий ҳақиқат акс этган. Яъни, хамал чоғи ерга уруғ ташлайдиган пайт бошланади, бутун дов-дарахт уйғонади.
Уйғониш палласи муборак сизга,
Гўзаллик кутади бизлардан ардоқ.
Ҳавас-ла қарангиз бу дам Наврўзга,
Яшнатиш бобида беради сабоқ.
Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяётган экан, халқимиз кўнглини юксак эзгу орзулари сари янада шаҳдам бориш иштиёқи ҳеч вақт тарк этмасин!
Манзура АБДУЛЛАЕВА.