Бу байрамнинг ибтидоси узоқ ўтмишга бориб тақалади. Илмий исботланган далилларга таяниб айтсак 3500-4000 йил муқаддам пайдо бўлган. Буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний жумладан, "Авесто"да йилнинг турли пайт­ларида нишонланувчи хал­қона оммавий одатлар ҳақида фикр юритилган. Сўнгра Абу Райҳон Бе­рунийнинг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида қимматли маълумотлар келтирилган. Дастлаб байрамлар диний маросим сифатида шаклланган. "Авесто"га асосланган, Ахурамазда шарафига ўтказилган ибодат тарзида бошланган. Кейин эса шодиёна лаҳзаларда давом эттирилган. Яъни дастурхон ёзиб, зиёфат қилиш, ўйин - кулгу ташкиллаш ўрин олган. Албатта, қанча аср­лар кечмасин, бу удумлар йўқолмаган, аксинча, такомиллашган, халқ ҳаётига чуқур сингиб борган. Агар Беруний асаридаги фикрларга диққатингизни қаратсак, хоразмликлар учун қутлуғ айём - Йилбоши айнан Наврўз эканини, у аввало табиат билан уйғун ҳолда нишонланганини англаб етамиз. Ўлкамизда исломгача байрамда диний маросимлар ўтказиш муҳим аҳамиятга молик бўлганигача ёзиб қўйилган.

Наврўзнинг таваллуди тўғрисида ёзар экан уни "...қуёшнинг саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди,-дейди Беруний юқоридаги асарида.- Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ҳайвонларда уйғониш мавсуми бошланишидан то насл вужудга келгунича давом этадиган вақтда келади. Шунинг учун "Наврўз" оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган". Демак, мазкур халқона байрамни ўйлаб топилган тадбир эмас, ҳаётнинг ўз тақазоси туфайли туғилган, десак асло янглишмаймиз.

Одамларнинг оламга муносабатлари, қарашлари табиатдаги ўзгаришлар асносида шаклланган, оммавий тусга кириб,кўпчилик қадрлайдиган удумларга айланиб қолган. Энг муҳими, улар йилнинг тўрт фаслидаги ўзгаришларга монандлиги туфайли йилдан йилга мазмун-моҳияти орт­са ортганки, асло камаймаган. Лекин жамият ҳаёти ҳамма замонларда бир меъёрда тинч ва оҳиста кечмаган. Инчунун, давлат сиёсати ҳукмрон қавмларнинг қарашларига тобеланиб, мустамлакачиларнинг мустамлака ўлкаларнинг мазлум халқларига жабру ситамлари наинки иқтисодий маънавий-мафкуравий жиҳатдан авжланган жаҳолатли дамлар кўп бор такрорланган. Энг аввало, қўҳна қадриятларимизни халқ ҳаётидан сиқиб чиқаришга ҳаракатлар гоҳо пинҳон, гоҳо очиқ-ошкора олиб борилган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг "Юксак маънавият-енгилмас куч" китобларида алоҳида таъкидланганидай: "...инсоннинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунё­даги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин".

Биз ҳам ўтган ХХ асрда - Шўролар даврида атеистик, яъни динсизлик тарғиботига зўр берилган чоғларда шундай кўнгилсизликларни бошдан кечирганмиз. Диннику халқ учун афюн-оғу деб тушунтиришган, боз устига 70-йилларга келиб, "Наврўз"ни қоралашдан ҳам тап тортишмаган. Гўёки диний байраму, уни ўтказиш мумкин эмасдай тескари тасаввур уйғотишга чиранишган "азамат атеистлар". Вилоят, туман ва шаҳар марказларидан бошлаб, чекка-чекка қишлоқларда яшовчиларгача таъқибдан қутула олишмаган. Ҳатто ўз миллатимизнинг раҳбар вакиллари Москвага ён босишиб, халқимизга Наврўз тантанасини таъқиқловчи топшириқларни беришгани кечагидек ёдимизда.

Қайсидир "қаҳрамонлик"ни ўзига эп билган, атеистик қарашларни онгига кўр-кўрона сингдириб олган чечану чаққон, сўзамолу ўзамол шошқалоқ ҳамюртларимизнинг дошқозонда қайнаб турган сумалакни ерга ағдартиргани оғиздан-оғизга таажжубона кўчиб юрган паллаларни эсдан чиқариб бўладими! Асло! Яхшиямки, журъатли ва жасоратли Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистоннинг раҳнамосига айландилар ўша 80-йилларнинг охирларида. У кишининг оқилона саъй-ҳаракатлари халқимиз иродасини тўла ифодалади, армонларни диллардан тарқатиб юборди. Яна Наврўзимизни эмин-эркин нишонлаш бахтига муяссарландик.

Борлиққа боқийлик берар табиат,

Бетимсол чиройга бой яшар Наврўз.

Авлодлар-чун азал суюк қадрият,

Ёшимизга мудом ёш қўшар Наврўз!

Содиқ САЙҲУН.