Тадбирнинг очилиш қисмида вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров, НамДУ доценти, филология фанлари номзоди Фарида Каримова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими адабий маслаҳатчиси Руқия Ғозиева, вилоят ахборот - ресурс маркази раҳбари Мавлуда Жўрабоева, "Ёшлар маркази" директори Шербек Усмоновлар китобнинг халқимиз маънавиятини бойитишдаги ўзига хос ўрни ҳақида сўзладилар.

Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Косонсой туманлари вакиллари "Сирли сандиқча", "Мен-отам-онам, бобом ва бувим - китобхон оила", "Сирли қопча" мавзуларида кўргазмалар ташкил қилишди.

Вилоят АРМнинг инглиз тили тўгараги аъзолари "Китоб - маънавий бойлигимиз" мавзусида шеър ва қўшиқлар ижро этишди. Марказнинг мактабгача тарбия ва қуйи синф ўқувчиларига хизмат кўрсатиш бўлимининг тайёрлаган овозли ва расмли эртаклар мультимедиялар кўргазмаси барчага бирдек манзур бўлди.

Вилоят АРМнинг янги ахборот технологиялари ва интернет синфи томонидан "Ўқинг, янги адабиётлар" номли видеороликлари ҳам китобсеварларда бой таассурот қолдирди.

26-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларнинг мусиқий чиқишлари анжуманга янада файз киритди.

М. ЭРГАШЕВА.