Бир замонлар борлиқда Худо

Бунёд айлаб кўрксиз дунёни,

Унга чирой этсин, - деб ато

Пайдо қилмиш Одам Атони.

 

Танҳо яшаш осонмас, ахир

Ёлғизлик минг куйларга солмиш.

Турмуш,

Юрмиш,

Ўтирмиш,

Охир

Одам Ато зерикиб қолмиш.

 

Шундан кейин Эгам дафъатан

Жуфтлаш учун Одам Атони

Қарангки,

Чап қовурғасидан

Яратганмиш Момо Ҳавони.

 

Не учун чап қовурғасидан?

Қойил,

Эгам!

Офарин!

Таҳсин!

Ахир қай зот бермас шунга тан:

Чап қовурға юракка яқин!

 

Эгам яна айласа тусмол,

Янграгандай бўлмиш шундай сас:

- Қовурғанинг ўзидан аёл

Яратганинг етарли эмас!

 

Шундан кейин бир ойжамолни,

Яратай,-деб Эгам бошлаб иш,

Қовурғани - яъни аёлни

Сайқаллаш-чун қирқ унсур қўшмиш:

 

Дастлаб Ойни андоза қилиб,

Олмиш ундан кўрку тароват.

Кейин эса Қуёшдан олиб,

Қўшмиш унга оташ - ҳарорат.

 

Аршдаги бор саришталикни

Аёл учун айламиш-да бахш,

Фариштадан фаришталикни

Бошдан - оёқ қилиб қўймиш нақш.

 

Олиб юксак тоғлар бардошин,

Бермиш унга қаноат қилиб.

Сўнг бошига палахмон тошин

Бахш айламиш саодат қилиб.

 

Ундан сўнг Ҳақ боқиб чаманга,

Олмиш ундан хуш бўй ва чирой.

Шу иккиси сингиб баданга,

Аёл бўлмиш мисли тўлин Ой!

 

Сўнгра Эгам асаларига

Боқар экан олмиш ундан бол.

Кираркан бол вужуд қаърига

Қаранг,

Болга айланмиш аёл!

Бол, - дея еб қўймасинлар, - деб

Сурмиш пича тилига заҳар.

Сўнг васлига тўймасинлар, деб

Бахш айламиш

Ишқ деган гавҳар.

 

Бўлса, - дебон аразчи, рашкчи,

Нишин тортиқ айламиш чаён.

Жаврашини бахш этса эчки,

Аврашини илинмиш илон.

 

Бунёд айлаб барака,

Қутдан,

Аёлнинг қўл, оёқларини

Юксак-юксак учган бургутдан

Олмиш унинг тирноқларини.

 

Шояд олтин этса, - деб мамнун,

Узук тақмиш бармоқларига.

Қадрин яна оширмоқ учун

Балдоқ илмиш қулоқларига.

 

Давом этиб яна Худойим,

Хислатларни йиғиб ҳар ёндан

- Бўлсин жасур ҳамда мулойим, -

Деб руҳ олмиш

Шердан,

Қуёндан.

 

Итдан олмиш вафодорликни,

Ҳуркакликни оҳудан олмиш.

Мусичадан беозорликни,

Тишларин дур-инжудан олмиш.

 

Яноғини лоладан,

Қирмиз

Дудоғини олмиш ғунчадан,

Қабоғини бодомга эгиз

Айлаб,

Танин этмиш гулбадан.

 

Тимсол бўлсин, - деб иқболидан,

Етмасин, - деб бахтига қулоч

Совға қилмиш отнинг ёлидан

Тақимларин ўпадиган соч.

 

Кўзларига қадамиш мунчоқ,

Лабларига суркамиш гилос.

Меҳри ийиб пардозлаган чоғ,

Аёл гулдай очилмиш қийғос.

 

Борликда энг муаттар ифор

Бўйларини аёлга бермиш.

Қумри,

Булбулларнинг охангдор

Куйларини аёлга бермиш.

Камалакдан олмиш ранг,

Жило

Яна,

Яна толмиш хаёлга.

Жаннатдаги гуллардан Худо

Чирой олиб бермиш аёлга.

 

Манглайида порлатгач нурни

Аёл яшнаб, товланмиш ял - ял.

Қалбига жо этгач сурурни

Яна ҳам у бўлмиш мукаммал.

 

Хуллас,

Воқиф бўлдингиз сирдан,

Асли энг зўр мўъжиза бу иш -

Озмас,

Кўпмас

Қирқта унсурдан

Аёлнинг қирқ жони яралмиш.

 

Афсус,

Афсус!

Бир ҳолат, бирок...

Салгина завқ,

Салгина хатар:

Бирига бол қўшилмиш кўпроқ,

Бирига кўп қўшилмиш заҳар...

 

Шундан бирин тўла болга лиқ,

Заҳарга лиқ этмиш қай бирин -

Аччиқлари аччиқдан аччиқ,

Ширинлари шириндан ширин!

 

Тағин бир гап:

Асли хотиндан

Қўрқмас эркак борлиги

Гумон.

Ўйланг,

Енга оларми чиндан

Қирқ жонни

Бор-йўғи битта жон?!

 

Боз устига аёлга худди

Рамз этгандай дўзах-маъвони

Доносига вафони тутди,

Нодонига тутди жафони.

 

Лек бахтлидир шу бир урфга

Ўзни иқрор қилолган эрлар:

Аёл, деган олтин қулфга

Олтин калит бўлолган эрлар

 

Яна айтмоқ керакки таҳсин,

Бу ҳам эмас ҳазил ё эртак:

Қирқ туяга юк аёл макрин

Кўтаришга маҳкум ҳар эркак.

Шу боисдан эр қисматига

Ёзмиш абад қулликни,

Эвоҳ!

Аёлни ишқ салтанатига

Белгиламиш Ҳақ этиб подшоҳ!

 

Тағин айлаб илтифот,

Карам,

Бергач ишқнинг мўътабар тахтин

Аёлга бахш айламиш

Эгам

Ўғил-қизлар яратмоқ бахтин!

 

Мўъжизани қаранг,

Дўст - ўртоқ,

Бу - илоҳий қудратга асос:

Қаранг,

Қаранг,

Банда яратмоқ

Гарчанд фақат

Яратганга хос!

 

Ҳавойилик бўлмиш шундан зеб,

Шундан исми аталмиш Ҳаво.

Бирга яйраб -

Яшнасинлар, - деб

Кўрмиш Одам Атога раво.

 

Ҳаво кўркин кўрибоқ Одам,

Ёнга чорлаб бир имо қилмиш.

Момо Ҳаво эшилиб шинам,

- Ўзинг кел! - деб таманно қилмиш.

 

Кел-э! - дея дўқ урганда-ку,

Келарди у -

Турганди зўрға.

Одам Ато дўқ урмабди-ю

Чопиб бормиш

Мисоли йўрға.

 

Ана холос!

Водариғ!

Эвоҳ!

Иш ортди-да,

Ҳатто бизга ҳам...

Бу ишингиз савобми,

Гуноҳ -

Не қилдингиз,

Ҳазрати Одам?!

 

Ўша - ўша

Эрлар бериб тан

Эргашамиз аёлга,

Қизга,

Чунки улуғ Одам Атодан

Шундоқ қисмат меросдир бизга.

 

Майли,

Яшнанг,

Қизлар,

Аёллар!

Қирқ жонингиз

Ҳеч бўлмасин кам.

Эрлар...

Бўлиб қолсак-да чоллар,

Ортингиздан қолмайлик

Биз ҳам!