Унга бошқарма бош мутахассислари, вилоят ДПМлари бош шифокорлари, РС ва ТСИ Наманган филиали ҳамда "Шифокор ва ҳаёт" газетаси таҳририяти ходимлари, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси вакиллари таклиф этилди.
Тадбирни бошқарма бошлиғи ўринбосари Улуғбек Ботиров олиб борди. Андижон Давлат тиббиёт институти тиллар, педагогика ва психология кафедраси катта ўқитувчиси Маҳфуза Қўзибоева "Абу Али ибн Синонинг ҳаёти, ижоди ва илмий фаолияти" тўғрисида маъруза қилди.
Йиғилишда истиқлол йилларида келажаги буюк мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида асрларга татигулик улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигига эътибор қаратилди. Бинобарин улуғ аждодларимиз хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилиб, улар қолдирган бой маданий ва маънавий меросни ўрганиш, ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда.
- Она заминимиздан не-не улуғ зотлар етишиб чиққанки, улар жаҳон тамаддунида ўз ўринларига эгалар. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломалар ўзининг юксак салоҳияти, кенг дунёқараш ва ноёб истеъдоди, мислсиз кашфиётлари туфайли жаҳон аҳлини ҳайратга солганлар. Бугун ана шундай табаррук зотлардан бири Абу Али ибн Сино бобомизни эслаб, унинг ҳаёти, ижоди ва илмий мероси билан танишиш учун йиғилдик,-деди маърузачи.
Жаҳон тиббиётининг асосчиларидан бири бўлган улуғ бобокалонимиз - Ибн Сино номини бугун бутун дунё аҳли ҳурмат билан тилга олади. Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек: "Биз доим ғурур ва ифтихор билан эътироф этамизки, тиббиёт тарихида энг машҳур бўлган, "Тиб қонунлари" деб аталган ўзининг бебеҳо фундаментал асари билан Ибн Сино кейинги бир неча юз йиллар учун тиббиёт фанлари тараққиётининг асосий йўналишларини олдиндан белгилаб берди, ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солди".
Тадбирда Ибн Синонинг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, бой меросини ўрганишга бағишланган анжуманларни барча тиббиёт муассасаларида ўтказиш юзасидан фикрлашиб олинди.
Абдулла Ғозиев.