Жумладан, Мингбулоқ тумани Гулбоғ қишлоғидаги агросаноат касб-ҳунар коллежида навбатдаги анжуман ташкилланди. Уни вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров очди ва олиб борди.

Дастлаб Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Сўнгра вилоятдан ташриф буюрган таниқли шоиралар - "Мураббий" газетаси муҳаррири Дилбар Ҳайдарова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг адабий маслаҳатчиси Руқия Ғозиева, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, "Наманган" нашриёти раҳбари Гулчеҳра Зокировалар халқимиз маънавиятини бойитишда ўзига хос ўрин тутган ёш авлоднинг интеллектуал қобилиятини ўстиришда китобларнинг аҳамияти ҳақида сўзлашди ва янги шеърларидан намуналар ўқиб беришди.

Коллежнинг 3-босқич талабаси Лайло Ортиқованинг "Наманган" нашриётида яқинда чоп қилинган "Қалбингда яшайман" номли илк китобининг тақдимоти тадбирга янада файз бағишлади.

Иқтидорли қизнинг "Ватан", "Жийда гули", "Косов" ва бошқа бир қатор ижод намуналаридан жамланган тўплами ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди.

«Китоб - камолотга элтади» тадбири барча қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Манзура ЭРГАШЕВА.