Энг муҳими, кичик жамоа тиббиётчиларнинг буюк устози Инб Синога катта эҳтиром кўрсатди. Унинг ҳаёти, илмий-амалий ишлари тўғрисида тўлқинланиб гапирилди.

 

ВИЛОЯТ БОЛАЛАР КЎП ТАРМОҚЛИ ТИББИЁТ МАРКАЗИДА

Аҳил жамоа касб байрамларини тантанали нишонлашди. Тўкин дас­турхон атрофида жамулжам бўлган саломатлик посбонлари, аввало, буюк аллома Ибн Синони ёдга олишди.

Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош педиатри Дилфуза Болтабоеванинг тиббиёт асосчиси ҳаёти ва фаолияти тўғрисидаги маърузасини мароқ билан тинглашди. Кейин эса, байрам қутловларига навбат берилди.

ВҲССБ кадрлар бўлими бошлиғи Муҳаммадниёз Эргашбоев, марказ бош врачи Абумалик Раҳмонов, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғо­зиев, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Иброҳимжон Абдуллаев ва бош­қаларнинг шифокорларни шарафловчи эзгу тилаклари давра қатнашчилари кўнгилларини тоғдек кўтариб юборди.

Санъаткорларнинг куй - қўшиқлари, шоирларнинг шеърлари тадбирга янада файз киритди.

 

ВИЛОЯТ СУД-ТИББИЙ ЭКСПЕРТИЗА ВА ПАТАЛОГИК АНАТОМИЯ БЮРОЛАРИДА

Ҳамкорликда ташкил этилган тадбир буюк аждодимизнинг бой ижодий меросини ўрганишга бағишланди. Унда ВҲССБ 2-махсус бўлим бошлиғи Алишер Эргашев ҳамда "Шифокор ва ҳаёт" газетаси мухбири Рустамали Мамадалиевлар иштирок этишди. Улар Абу Али ибн Синонинг жаҳон тиббиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси хусусида фикр юритишди. Ривояту, ҳикоятлардан намуналар келтиришди.

Вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси бўлим мудири Шавкатжон Тўхтаев, касаба уюшма қўмитаси раиси Зафаржон Шарофиддинов, катта ҳамшира Муҳтарама Зокировалар буюк аждодимиз таълимотининг тиббиётимиз тараққиётидаги аҳамиятини мамнуният билан эътироф этдилар. Ҳамкасбларини анъанавий байрамлари билан қутлашди.

 

ЧУСТ ТУМАН ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИДА

Шифокорларнинг касб байрамлари "Баркамол авлод" мажмуасида нишонланди. ТТБ бошлиғи Олимжон Қосимов, касаба уюшма қўмитаси раиси Матлуба Ҳакимоваларнинг қутловлари тақдирлашларга уланиб кетди. Кўп йиллар соҳада хизмат қилган шифокорлар ва илғорларга Фахрий ёрлиғу эсдалик сов­ғалари тантанали топширилди. Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати аждодларга авлодларнинг юксак садоқати яққол намоён бўлди. Ибн Синонинг бугунги издошлари улуғ устозни зўр мамнуният билан ёдга олишди.

Чустлик саломатлик пос­бонлари анжуманига таниқли эстрада хонандаси Шароф Муқимов таклиф этилганди. У ўзининг мазмундор қўшиқлари билан йиғилганларни бағоят хушнуд қилди.

 

ПОП ТУМАН ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИДА

Туман марказидаги "Олтин балиқ" мажмуасида соғлиқни сақлаш соҳаси заҳматкашларига катта зиёфат уюштирилди. Улар шарафланди. Чунки, эл саломатлиги йўлида сидқидил иш юритаётган врачу ҳамширалар ҳар қанча ардоққа муносиблар. Улар Ибн Синодек буюк аллома таълимоти асосида касалларни муваффақиятли даволаб, ҳамиша олқиш олаётган ажойиб мутахассислардир. Шу боис, байрам кунида тиббиёт даҳосига юксак эҳтиром кўрсатилди. "Тиб қонунлари" асарининг жаҳоншумул аҳамияти фахр билан тилга олинди.

Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Ҳидоят Тошматова қатнашиб, шифокорларга эзгу тилаклар изҳорлаган бўлса, ТТБ бошлиғи Шерзод Бобоев, касаба уюшма қўмитаси раиси Ғуломжон Олимов, меҳнат фахрийси Мир­абдулло Мирарслонов, «Шифокор ва ҳаёт» газетаси мухбири Рустамали Мамадалиевлар  сўзга чиқишиб, соҳага давлатимиз томонидан кўрсатилаётган беқиёс эътибор учун янада яхши ишлаш билан жавоб бериш масъулияти кучайтирилаётганини алоҳида таъкидлашди.

Туман маданият бўлими санъаткорларининг чиқишлари эса тадбирнинг файзига янада файз қўшиб юборди.

 

ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАН ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИДА

Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва ижодий меросини ўрганишга бағишланган анжуман ташкилланди. Уни бирлашма бошлиғи Ҳалимжон Алимов қисқача кириш сўзи билан очди.

Маънавий - маърифий ишлар бўйича бирлашма бошлиғи ўринбосари Абдусаттор Тўйчибоев "Ибн Сино- жаҳон тиббиёти асосчиси" мавзусида слайдлардан фойдаланган ҳолда қисқача маъруза қилди.

Сўнгра, шоир ва публицист Содиқ Сайҳун тиббиёт алломасининг бой ижодий меросига тўхталди. Ғоят эътиборга молик ҳаётий ҳодисалар мисолида буюк табибнинг буюк хизматлари ҳақида ҳикоя қилди.

Тадбирда "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев қатнашди. Ибн Синонинг илм- фандаги беқиёс хизматлари тарғиботида матбуотнинг роли тўғрисида сўзлади. 2015 йил нашрларига обуна мавсумида шифокорларни янада фаол бўлишига даъват қилди.