Тадбирни коллеж директори Гулнора Камолова олиб борди. Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов ўз сўзида истиқлол йилларида муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилган эзгу ишлар, айниқса элимиздан етишиб чиққан мутафаккирлар, алломалар хотирасини улуғлаш, уларни жаҳон тамаддуни равнақига қўшган беназир ҳиссаларини қадрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Бинобарин, ўзининг ноёб истеъдоди, заковати билан Шарқда машҳур бўлган Абу Али ибн Сино бобомизнинг тиббиётга, фармакологияга оид таълимоти асрлар давомида Европадаги етакчи олимлар учун қўлланма бўлиб келаётганлиги барчада фахр уйғотишини айтди. Талабаларни чуқур билим олиб, Ватанимиз тараққиёти учун хизмат қилишга чақирди.
Коллежнинг болалар касалликлари фани ўқитувчиси, "Ҳамширалик иши" кафедраси мудири Шоира Бобохонова "Ибн Сино ижодининг замонавий тиббиёт ривожидаги аҳамияти" мавзуида маъруза қилди. Талабалар тиб илмининг султони, буюк аллома ҳақидаги саҳнавий кўринишлар орқали Абу Али ибн Сино ҳаёти ва илмий фаолиятининг айрим қирраларини гавдалантирдилар. Рубоийлари, ҳикматли сўзларини, панду насиҳатларини қанчалар билишларини ифодалашди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази тажрибали шифокорлари Насибахон Саримсоқова, Содиқжон Абдуллаев, Абдуллажон Мамажоновлар ҳам Ибн Синонинг жаҳон тиббиётидаги ўрни, унинг бой меъроси, юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган ютуқлар ҳақида фикр - мулоҳазалар юритишди.
- Коллежимизда бир неча кундан бери Ибн Сино ўқишлари давом этмоқда. Бугунги тадбир йигит ва қизларимизнинг буюк даҳо ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди, - дейди маънавий - маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Мавлудахон Мамажонова.
Шу куни бўлғуси ўрта тиббиёт ходимлари ўртасида Ибн Сино сиймосини расмларда акс эттириш бўйича танлов ҳам уюштирилди. Унда Шукурбек Исоқжонов ва Озода Ўринбоевалар ғолиб чиқишди.