Аввало, Навоий иймоннинг кишини ҳайвондан инсон даражасига кўтарувчи бош омиллигини изоҳ қилар экан, инсонийликнинг тўкис бўлиши учун ҳаё, сабр ва шукрнинг зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Бу ўша давр ва замонамиз учун ҳам жаҳоншумул аҳамиятга эга. Чунки, сабр ва шукр фазилатларидан маҳрумлик дунё бўйлаб кишиларни ўз жонига, ҳатто ўзлари билан бирга ўз фарзандларининг ҳам жонига қасд қилишгача олиб келмоқда.

Халқ ҳаёти ҳақида ўйлаш, у ҳақда ғамхўрлик қилиш шоир ва мутафаккирнинг доимий диққат марказида кечди. Унинг фикрича, инсон ҳамиша яшаш ва бахтли бўлишга ҳақлидир. Навоий инсонлар ҳақида ғамхўрлик қилишни энг олийжаноб фазилат, ҳақиқий одамийликнинг мезони деб билди.

Одами эрсанг демагил одами,

Оники йўқ халқ ғамидин ғами.

"Навоий қитъаларида ҳирадманд, улуғ ҳикматнависдир. У қитъаларини:

Мажмуни ўйла кишварки, англаки сатҳини,

Ҳикмат суйидин айламишам қитъа-қитъа боғ,

деб бежиз таърифламаган эди. Бу тафаккур "кишвари"да ўқувчининг фикри ўсади, кўнгли нурланади, ақли фаоллашади. Чунки Алишер Навоий қитъаларида табиатдаги оддий қурғоқчиликдан коинот сир-асроригача, чумолидай инсон қисмати ва унинг давр, жамият, борлиқ билан муносабатигача - барча-барчаси ҳақида фикр юритилиб муносабат билдирилган" , - дея ёзади адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул.

Чинданда, у сўз орқали маъно "гавҳар"ларини, юксак тушунча ва ғояларни юзага келтирган даҳо ижодкор эди. Мисол учун "Фарҳод ва Ширин" достонида Арманистонни адолат билан идора қилувчи, халққа тинч ва осойишта яшаш имкониятини туғдирувчи ва мамлакатни обод қилиш билан машғул бўлган Меҳинбону образини яратди. Бу орқали у хотин-қизларга янгича муносабатда бўлиш ғоясини илгари сурди. Хотин-қизлар ҳар ишда ақлу фаросатда, дунёни англаш ва мамлакатни бошқаришда эркаклар билан тенг эканлигини таъкидлаб, Меҳинбону орқали адолатли малика образини кашф этди.

Яна бир далил сифатида Навоийнинг суюкли қаҳрамони Фарҳодга назар ташласак, улуғ шоирнинг таърифлашича, Фарҳод ўзида ақлий ва жисмоний баркамолликни мужассамлаштирган. Илоҳий эмас, балки, дунёвий ишққа эга бўлган мард, жасур ва инсонпарвар қаҳрамондир. Оламни тушунмоқ учун Фарҳод Суқротдан сабоқ олади, жамиятнинг разил ва ярамас кучларига қарши курашади, одамлар мушкулини енгиллаштиради. Фарҳод ўзининг ижтимоий келиб чиқишига кўра аслзодаларга мансубдир.Навоий замонасида аслзодаларнинг жисмоний меҳнат билан шуғулланиши айб ва номуносиб иш ҳисобланган. Буюк шоир эса кишилар онгида ўрнашиб қолган бундай тасаввурдан мутлақо бошқача образни кўз ўнгимизда яққол гавдалантиради. Меҳнатнинг яратувчилик куч-қудратини улуғлайди. Фарҳод шаҳзода бўлишига қарамай, оддий меҳнаткашлар билан ёнма-ёни туриб тер тўкади, ўз билими, ҳунари ва ақлий қобилиятлари билан кишиларга хизмат қилишни катта шараф деб билади.

Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,

Олиб туфроққаму кетгумдир охир?..

Бундан ташқари у доно файласуф сифатида барча бойлик, роҳат-фароғатнинг асосини инсоннинг ҳалол меҳнати ташкил этади деб кўрсатди. Меҳнат масаласи доирасида муҳим ижтимоий-фалсафий фикрларни асослаб берди. Давлатнинг яхлитлиги, шоҳларнинг адолатли, фуқароларнинг тинч ва осойишта бўлишлари меҳнат билан боғлиқдир. Унинг қатор асарларида кўплаб сарой ва қасрлар қурган Хитой меъморларининг меҳнати улуғланган.

Навоий меҳнат мавзуси орқали тенглиқ ғоясини илгари сурди, ўз даврида ижтимоий табақаларни кўздан кечирар экан, жамиятдаги энг соғлом ижтимоий куч меҳнаткаш деҳқонлар эканлигини англатади, ҳоким синф вақиллари ичида саховат, ҳаё, ҳиммат ва мурувват камайганидан қаттиқ изтироб чекади.

А. Навоийнинг фикрича, мансаб ва улуғлик инсонга ҳос хусусиятдир. Инсон онги ҳамиша юксак мартаба, мансабга интилиш билан банд бўлади. Мансаб ғафлатни кучайтиради: мансабдорни ўраб олган кишиларнинг илтифот ва мулозаматларидан у маст бўлади, амални ўткинчи ва бевафо эканлигини унутиб қўяди. Шунинг учун ҳам дейди Навоий, киши мансаб ва мартабага эришгач, худбинлик ва ҳудписандликка берилмаслиги, мазлумлар дардига малҳам бўлиши, подшо манфаати, хоҳиш-иродасини амалга оширишга интилиши, агар бордию подшоҳнинг хатти-ҳаракатлари ва сиёсати шариат аҳкомлари ва иймон-эътиқод талабларига зид бўлса, у ҳолда подшога мулойимлик билан арз қилиб, унинг хизматидан кетиши керак деб ҳисоблайди. Демак:

Ҳар кишиким, топса даврон ичра жоҳу эътибор,

Ким анинг зотида бедоду ситам бўлғай қилиғ.

Навоий урушга қарши бўлиб, адолатли ва адолатсиз урушларни бир-биридан фарқлади. Подшоларни ва одамларни адолатга чорлади. Дўстлик ва аҳил-иноқлик энг эзгу хислатлигини уқтирди. "Садди Искандарий" достонида бу ғоя ёрқин ифодаланади. Шоир одамларга қарата шундай дейди:

Олам аҳли билингизким иш эмасдушманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаки,эрур ёрлиғ иш.

Навоий ватан ҳақида буюк гуманист сифатида фикрлайди. Маълум бир жуғрофий доирадан чиқиб, Ватанга муҳаббат ғоясини кенг меҳнаткашларнинг ҳаёти, уларнинг орзу ва умидлари билан боғлайди. Буюк жаҳон давлати вужудга келгандагина адолат талаблари юзага чиқади, давлатлар, халқлар ўртасида урушларга чек қўйилади, барча одамлар аҳил қариндош-уруғ бўлиб, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб яшайдилар деган фалсафани олға суради.

Даврон элининг жисмида ҳам жонбўлғил,

Ҳам жонларига мояи дармонбўлғил.

Хуллас, буюк бобомизнинг ижоди бебаҳо маънавий хазинамиздир.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.