Ҳикоятнинг турли вариантлари мавжуд. Биз уларни бир-бирига чоғиштириб, энг мақбул жойларини танлаб, уйғунлаштирган ҳолда ҳодиса ҳалқаларини ягона занжирга айлантириб, эътиборингизга ҳаволалашни мақсадга мувофиқ деб билдик. Ўйлаймизки, халқ тилидаги тарихий яратиқни мутолаа қилиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг кичиклигидаёқ бошқаларга ўхшамаган ғоят ажойиб шаҳзода сифатида вояга етганини билиб, беихтиёр "Бўлар бола бошидан аён" деган нақлга ишончингиз янада ортади.

 

* * *

Қобил кўчага чиқиб, маҳалладошларнинг "юр-юр"лари билан уларнинг орқасидан бозор томон эргашди. Йўлдаги одамлар одатдагидан анча кўп эди. Катта-ю - кичикнинг юзларида қувонч ифодаси. Гўё бирор ажойиб нарсани олишга шошилаётгандек кўринишарди. Кўча ва бозор ҳудуди супирилиб, сувлар сепилган. Ҳатто Арк томондан бозорга туташадиган катта йўлгача топ-тоза қилиб қўйилганди.

- Шаҳзода келадиганга ўхшайди, -  деди Қобил ўзига-ўзи шивирлаб.

Ахси подшоси Умаршайх мирзонинг Заҳириддин Муҳаммад исмли ўғли бўлиб, энди саккиз ёшларга чиққанди. У ингичка гавдали, эгма қора қошли, юлдуздай жавдираб турган ўйноқи кўзли, икки яноғи қип-қизил чиройли юзли шаҳзодайди. Яна юмшоқ табиатли, кўнгилчан ва раҳмдил, ўйчан ва камтар болайди. Доимо ўз тенг­қурларини ким ва кимнинг зурриёди бўлишини ажратмай, ҳамма билан бирга ўйнар ва бир зайлда муомала этарди. Бобур боланинг бошқа аслзодалардан фарқли жиҳати, кўпинча билмаганларини улардан ўрганишга уялмасди. Бу қилиғи учун гоҳида саройдагилардан дакки эшитарди-ю, тағин ўз одатларидан сира воз кечмасди.

Шаҳзода ҳар ерга борса, йўл-йўлакай учраган ўзидан катталарга, айниқса кексаларга ким бўлишидан қатъий назар саломини канда қилмасди. Отлиқ бўлса, ҳатто эгардан ерга тушиб, кўксига қўлини қўйганча эгилиб сўрашарди. Қишлоқ ораларидан ўтганда, чарчаган жойида ҳеч тортинмасдан кимнинг уйилигига қарамай (гадоники бўлсаям) кириб ўтирар, мабодо атала тутишсаям ичиб кетаверарди. Барча одамни тенг кўрарди.

Унинг яна бир яхши фазилати бор эдики, йўлиққан девона - гадой ва оч-яланғочларга меҳр-мурувват билан қарар, ҳайр-эҳсон улашмасдан ўтиб кетмасди. Айниқса, дарвеш-қаландарларни жуда ёқтирарди. Дуч келган чоғида тўхтатиб, уни-буни ўқитиб, эшитмагунча қўйиб юбормасди. Уларни қуруқ қолдирмасди.

Шунинг учун ахсиликларнинг катта-ю - кичиги Бобур болани яхши танир, ҳурматини доимо жойига қўяр эди. Агар келиш хабарини эшитишса, унга мунтазирлик кучаярди. Сон-саноқсиз кишилар йўлнинг икки қирғоғига тизилишарди. Худди ўшандай қутлуғ кун эди бугун. Қобил Тошқўр­ғон бозорининг заргарлик растаси томон шаҳзода ўтадиган гузарнинг дўппайиб турган жойига ўтирди. Белбоғига чиройли Ҳирот найини қистириб олганди. Унинг рўпарасида - гузарнинг нариги бетида қаландарлар давра қуришганди. Ҳазин илтижоларни авжлатиб, одамлар эътиборини тортган қаландарлар Қобилниям сира бефарқ қолдиришмади. Ға­залларни улар юқорига силжигунча миқ этмай, мазза қилиб тинглади. Беихтиёр оламдан бевақт кўз юмган отасини эслаб, қайғули ўйга чўмди. Қалби алангаланиб, яраси қайтадан янгиланиб, кўнглига маҳзунлик инди. Дилидаги дардларини най пуфлаб, одамларга эшиттиргиси келди. Мунгли наво атрофни тутди. Энди одамлар уни ўраб олишди. Баъзилар куйга берилиб, шаҳзодани кутаётганликлариниям унутишди. Яқингинада ҳаддан зиёд куйиб-пишиб "Ҳақ дўст" деяётган қаландарларгача жимишди.

Бир вақт "Нари тур, бери тур!" дея ҳалойиқни тартибга солиб, кўчама-кўча от чоптириб шаҳзода учун йўл бўшатиб юрганлар ҳам етиб келдилар. Қобилнинг теварагига тўпланганларни тарқатишга қанча уринишмасин бефойдайди. Зум ўтмаёқ яна одамлар йиғилаверарди. Такрор-такрор қувишиб, кутилган натижа чиқаришолмасди. Қобил кўзини юмганича найнинг навосини тобора авжлантираверарди.

- Ана, шаҳзода келаётир! - дейишди одамлар сергакланишиб.

Узоқдаги безатилган от устида Бобур бола кўзга ташланди. Шаҳзода бозор бошига яқинлашмоқда эди. Муғаннийни ўраб олганлар ноилож тарқалишиб, гузарнинг икки томонида қўлларини қовуштирганча, бошларини эгиб, таъзим қилиб кутардилар. Қобил эса пинагини бузмай, найини пуфлашдан тинмай баралла чалаверди. Ҳатто ўрнидан туришини ҳам ўйламади. У худди ичимликдан сарҳуш кишидай ҳеч нарсага эътибор этмай куй таратиш билан овора эди.

Шу пайт йўғон гавдали, белига қилич таққан, кўкрагини жун босган, турқи совуқ навкар от чоптириб, унинг рўпарасида тўхтади-да

- Ҳой лаънати, найингни чалма! Шаҳзода ташриф буюраётирлар, - дея бақирганича қўлидаги қамчи билан Қобилга ҳезланди.

Қобил парвойи фалак ҳолда най пуфлашни бас қилмади. Ҳеч кимни кўрмагандай ва сўзини эшитмагандай ёқимли куйини давом эттираверди.

Навкар отига қамчи уриб, Қобилнинг устига борди. Бироқ от найнинг товушидан ҳуркиб, орқага тисарилди. Ўзи аччиғланганча эгардан пастга сакраб тушди. Қобилнинг бўйни аралаш бошига қамчи солди. У бир сесканиб олди-да, найини яна баттар авжлатаверди. Навкар бу гал қаттиқроқ қамчилашга азм айлади-ю, қўлини ҳавога кўтарганча тўхтаб қолди. Қараса, шаҳзода гузарда отдан тушиб, бева-бечораларга хайри-эҳсон тарқатиб, шу тарафга яқинлашарди. Навкар ҳам дарров ўзини четга олди. Шаҳзода тўғри Қобилнинг рўпарасидаги пахса супачага келиб ўтирди. Унга найнинг навоси ёқиб, бошини эгганича сарак-сарак қилаётганини кўрган муғаннийнинг илҳомига-илҳом қўшилди. Қамчи тегиб ёрилган бошидан сизаётган қон юзини, кўкрак ва елкасини ўша лаҳза қип-қизил рангга бўяб ташламоқда эди. Ҳатто кўзидан оққан ёшгача қўшилиб, ерга томаятганигаям парво қилмасди. Маҳзун кайфият уйғотувчи найнинг навоси ниҳоялангач, шаҳзода бошини кўтариб, Қобилга тикилди.

- Найчи йигит, қошимга кел! - деди Бобур буйруқ оҳанггида.

Қобил юз-кўзини кўйлаги енги билан артиб, шаҳзода қаршисида қўл қовуштирди.

- Қайси аймоғдан бўлурсан?

- Наймандирман, - деди Қобил.

- Нега қонингга бўёлибсан? - деди шаҳзода ўрнидан туриб, унинг ёрилган бошига тикилганча.

- Қонимга бўёди! - Энтикиб - энтикиб тилга кирди Қобил. - Мен бир етим подачиман, сизга маъқул тушармикин деб ўз ҳунарим билан кутиб олмоқчи бўлиб, най чалдим. Найим наволарини бутун элим суяди. Лекин кўнгли қаттиқ, бағри тош кимсалар ёқтирмайди. Улардан биттаси ҳозир бошимни ёриб, қонимга булғади. Агар сизга ҳам чолғум маъқул ва манзур тушмаган бўлса, ҳозир ўз қўлингиз билан чопқиласангиз ҳам розиман, шаҳзода!

Бобурнинг кўзлари катта-катта очилиб, пешонаси тиришди.

- Ҳеч ҳам ёмон хаёлга борма, бошингни ёрганни, қонингга бўяганни менга кўрсат!

Шаҳзоданинг атрофини ўраб олган ва чўпон йигитнинг рост лафзини тинглаб турган оломон шу заҳоти жонланди.

- Ана у, Қўзи полвон! - деб кўрсатишди кўпчилик.

Халқ билан тўлган майдоннинг ичида Тошқўрғон беги навкарининг ранги ўчди. Қўрққанидан қалтираётган жоҳил навкарни шаҳзода ўз олдига чорлади.

- Нега сен буни урдинг?!

- Буйруғимга қулоқ солмади, най чалишни тўхтатмади, урдим, - деди-да, шаҳзода қаршисида тиз чўкди.

- Сен най куйини ёқтирмайсанми?

- Мен шаҳзодамга ёқмайди деб тўхтатмоқчи эдим. У сизга таъзим қилганиям ўрнидан турмади.

Бобур буни эшитиб болаларча кулди-ю, орқасидан ғазабланди.

-Қани қамчингни бер-чи?!- деди навкарга.

Қўзи полвон қамчисини икки қўллаб узатди. Шаҳзода қамчини унинг қўлидан қаҳр билан тортиб олди.

- Мен сени урай, қани оғрирмикин?

Бобур эгилиб турган навкарни шаҳд билан устма-уст савалай бошлади. Томоша қилиб турган оломон қийқиришиб юборди.

- Ур, Бобур! Ур, Бобур! - деган рағбат сўзлар гузарни тутиб кетди.

Шаҳзода у ён- бу ёнга қарамай қамчилашни давом эттираверди. Боши аралаш тушган қамчи зарбига чидаёлмаган навкар молдай бўкириб, ерга пуйпаланиб ётарди.

Оломон эса ҳамон завқланганича:

- Ур, Бобур! Ур, Бобур! - дейишдан бошқасини билмас эди.

Қўрғон беги шаҳзоданинг рўпарасига таъзимга келиб, навкарнинг гуноҳидан ўтишни сўрашга тушди. Бобурнинг қўллари чарчаб, қамчини отиб юборди.

Қобил ўз рақибининг тупроққа ва қонга беланиб ётганини кўриб бошидаги оғриқни унутгандай бўлди. Бироқ унинг танасидаги титроқ тўхтамаганди. Ҳозир оғриқдан эмас, навкар ҳам ўз қамчисида роса саваланганидан ҳузурланиб титрарди.

Шаҳзода Қобилга тикилди.

- Ҳой, найчи! - деди у жилмайиб. - Сен най чалишдан асло воз кечмагил. Найинг наволаридан элинг шодланади. Менгаям овози ғоят ёқди. Агар истасанг, ўзимнинг ёнимда олиб юрай. Ана унда бундай авбошлар сенга тегмайди. Эгар-жабдуғли от бериб, заррин либослар кийдираман.

Бобур ипак ҳамёнидаги танга пуллардан бир сиқимини унга ҳадя сифатида узатди.

Қобил шаҳзодага эгилиб, мис чақаларга ҳовучини тутди.

- Қуллуқ, адолатли шаҳзодам, қуллуқ! Аммо мен таклифингизни қабул қилишга иложсизман. Сиз билан юрсам, ўз элимдан айрилиб қоламан-ку. Хизматингизга бориб туришга ҳамиша тайёрдурман.

- Майли, - деди шаҳзода отига минаркан, - ўз элинг билан бирга бўлганинг яхши.

Бобур отининг икки ёнига икки оёғини ниқтади, жиловини бўш қўйди. Бозор айланишни келгуси галга қолдириб, даштга-кийик овламоққа жўнаб кетди...

 

* * *

Бугун Ахсининг ўша кўҳна Тошқўрғон бозори жойлашган баланд тепалик Яккайигит боғи дея аталади. Биз учун Бобур қадами теккан тупроқлиги туфайли янада қадрли, янада эъзозли. Зеро, аждодларимизнинг ҳаётий ибрати авлодлар учун, айниқса фарзанд­ларимиз учун бебаҳо сабоқ мактаби бўлиб қолаверади

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.