Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: "Наманган диёрининг маънавий қиёфасини қатағон қурбони бўлган... Исҳоқхон Ибрат каби буюк зотлар белгилайди". Дарҳақиқат, бу сўзларда чуқур асос бор. Негаки, Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли Ибрат (1862-1937) миллий уйғониш даврининг ёрқин намояндаларидан бири ҳисобланади. У серқирра фаолият, серқирра ижод, серқирра дунёқараш соҳибидир. Умри мобайнида илм эгаллади, илм яратди, илм тарғиб қилди. Олам кезиб, миллати учун керакли янгиликларни ўрганди, янгиликларни келтирди, янгиликларни амалда қўллади. Том маънода ҳам назариётчи, ҳам амалиётчи маърифатпарвар сифатида юксак мавқега эришди. У шоир бўлиб шеърлар ёзди, у ўқитувчи бўлиб болаларга таълим-тарбия берди, у матбаачи бўлиб китоблар чоп этди, у журналист бўлиб газета- журналларга мақолалар битди, у тарихчи бўлиб мозий ҳодисаларидан бизларни бохабар айлади, у тилшунос бўлиб луғат тузди, ёзувлар тарихидан сабоқлантирди. Биз эса бу мўъжаз мақоламизда фақатгина тилшунослик тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр юритиш билангина кифояланамиз. Бошқача айтганда, Ибрат ижод уммонидан бир қатрасинигина тадқиқ этишга уринамиз. Аслида эса ҳамюртимиз мероси ҳали қат-қат китоблар битилишини кутиб ётибди. Маърифатпарвар олим қаламига мансуб 14 та асар юзасидан алоҳида-алоҳида тадқиқотлар олиб бориладиган пайт келди. Истиқлол йилларидаги ҳозирги авлод қўлида Исҳоқхон тўра Ибратнинг "Танланган асарлар"и турибди. Ҳурликкача, унинг номи оқланганига қарамай, сермаҳсул ижоди халқимизга етказилмаганди. Айрим тадқиқотлар ҳам эски қўлёзма, тошбосма нусҳадаги китоблару, газеталарнинг архивларида сақланаётган саҳифалари асосида битилганди.
Ўзбек тилшунослигини Маҳмуд Кошғарий бобомиз "Девону луғотит турк" асари билан бошлаб берган бўлса, Маҳмуд Замаҳшарий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби мутафаккирларимиз сезиларли даражада юқори босқичга кўтаришди. XX асрга келиб, ўзбек маърифатпарварларининг лингвистик фаолиятлари ўрганилиб, янги даврнинг янгича қарашлари билан ўтмишдаги асарлар заминида янада ривожлантиришга интилиш кучайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат ва Ашурали Зоҳирий каби Исҳоқхон Ибрат ҳам бир қадар орқада қолган, бир қадар беписанд қаралган ўзбек тилини бойитишга, унинг лексик қатламини ҳимоялашга, фонетик бузилишлардан сақлашга , бошқа тиллар билан тенгма-тенг қиёслашга журъат топди. Бу ўша замон учун чиндан фидоийлик, чиндан маънавий жасорат намунаси эди.
Маълумки, луғатчилик осон машғулот эмас. Айниқса, кўптилли луғат яратиш кўп тилни билишни талаб этади. Ибрат яшаган пайтларда, яъни XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг биринчи чорагида бундай ишни амалга оширадиганларнинг саноғи бармоқларимиз саноғига ҳам етмас эди. Ҳамюртимиз ана шундайлар тоифасига кирарди. Ноёб талант, бебаҳо иқтидор, беқиёс салоҳият, бетугал илмий заковат эгаси бўлишдек бахтга сазоворланган Ибрат бунинг уддасидан чиқди. Инчунун, хорижий давлатларга сафари чоғида ўша эллардан ўша тилларни ўрганиб, ўзлаштириб, бой маълумот тўплаганди. Тилшуносликка оид асарлари шу аснода узоқ йиллик фаолият ва изланиш мевасидир.
Албатта, ҳар бир ижодкор қўлига қалам тутишдан аввал "Нима заруру, нима нозарур бугунги ҳаёт учун?"- деган саволни ўз олдига қўяди. Бундай одат Ибратга ҳам бегона эмасди. "Туркестанский ведомости" газетасининг 1900 йилнинг 7 декабридаги 98-сонида Тошкентдаги китоб дўкони хўжайинларидан бирининг босилган фикри уни беъэтибор қолдирмагани аниқ: "сартлар (ўзбеклар) ҳеч тинчлик бермаяпти, русча ўрганиш учун сарт тилида ёзилган бирон дарслик борми?" - деб сўраб келишавериб жонга тегди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ерли ўтроқ аҳолининг тил ўрганишга қобиляти кучли". "Луғати ситтати алсина" (1901 йил, Тошкент) асари билан Исҳоқхон Ибрат миллатдошларига чиндан-да назарий ёрдам қўлини чўзди.
Манзура АБДУЛЛАЕВА.
(Давоми келгуси сонда).