Ибн Сино фаннинг кўплаб соҳаларида - астрономия ва физика, кимё ва зоология, тиббиёт ва фалсафада сезиларли из қолдирди. Унинг тиббиёт соҳасидаги хизматлари фақатгина ўз даври учунгина эмас, ҳатто ҳозирда ҳам шуҳратлидир. Олимнинг машҳур "Тиб қонунлари" асари асрлар давомида барча мамлакатларнинг врачлари учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида "Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти" мавзусидаги халқаро конференцияда Президентимиз Ислом Каримовнинг сўзлаган нутқида буюк бобомизнинг фан оламидаги беқиёс хизматлари алоҳида эътироф этилди. Жумладан,  қуйидагилар таъкидлаб ўтилди:

"Ислом оламининг энг машҳур файласуфи ва қомусий алломаси ҳамда инсониятнинг энг буюк мутафаккирларидан бири" деган унвонга сазовор бўлган Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва фаолияти авлодларда алоҳида ғурур ва эҳтиром туйғуларини уйғотади. Илмий тадқиқот ишларини 16 ёшида бошлаган бу улуғ зот ўз умри давомида 450 дан ортиқ асар яратди. Уларнинг аксарияти, аввало, тиббиёт ва фалсафа, шунингдек, мантиқ, кимё, физика, астрономия, математика, мусиқа, адабиёт ва тилшунослик соҳаларига бағишланган. Леонардо да Винчи, Микеланжело, Фрэнсис Бэкон ва бошқа кўплаб олимлар авлоди унинг асарларини ўқиб, ҳайратга тушганлар.

Биз доим ғурур ва ифтихор билан эътироф этамизки, тиббиёт тарихида энг машҳур бўлган, "Тиб қонунлари" деб аталган ўзининг бебаҳо фундаментал асари билан Ибн Сино кейинги бир неча юз йиллар учун тиббиёт фанлари тараққиётининг асосий йўналишларини олдиндан белгилаб берди, ҳозирги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган амалий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усулларига асос солди. Бежиз эмаски, бу китоб Европада XV аср­да чоп этилган дастлабки китоблардан бири бўлган ва Европанинг етакчи университетларида қарийб 500 йил давомида тиббиёт илми айни шу асар асосида ўқитиб келинган.

Ибн Сино ва Берунийнинг бизгача етиб келган Аристотелнинг "Коинот ҳақида китоб" асарига тааллуқли ёзишмалари буюк алломаларимизнинг илмий мулоқот олиб бориш, антик давр фалсафий қарашларини чуқур англаш ва уларни ривожлантириш борасида нақадар юксак даражага кўтарилганининг мумтоз намунасидир».

Улуғ аллома фақатгина илм-фанда ном қозониб қолмай, поэзия ва мусиқада ҳам ажойиб асарлар яратган. Бу саҳифада олимнинг ҳикматлари, шеърий асарларидан намуналар, Ибн Сино ҳақидаги айрим ривоятлар берилмоқда.

 

ҲИКМАТЛАР

Одамнинг саломатлиги ташқи шароит билан боғланган.

* * *

Агар ҳавода чанг ва тутун бўлмаса эди, киши минг йил яшаган бўлур эди.

* * *

Агар таом чексиз лазиз бўлса ҳам,

Кўп емагил, келтиради дарду ғам.

* * *

Эрта саҳарда анор, тушда пиёзли овқат есанг, ётиш олдидан асал нуш этсанг, қонинг кўз ёшидек беғубор бўлади. Гўшт танани мустаҳкамлайдиган таом бўлиб, у бошқа овқатларга нисбатан қонни тезроқ кўпайтиради.

* * *

Яхшидир кетмасдан ушбу жаҳондан,

Ақлинг халос бўлса ҳар пушаймондан.

 

* * *

Гоҳи бода ичсам хомликдан нишон,

Пайдар - пай ичсам бадномликдан нишон.

* * *

Ибн Сино 1037 йилнинг 24 июнида эллик етти ёшида Ҳамадон шаҳрида дунёдан кўз юмди. Мотам маросимида одамлар кўз ёш тўкиб, унинг қу­йидаги байтларини ўқишди:

 

Фалак - жуфт соққа, олам тахтасидир,

Ажал ўйнайди, бизлар донаи хом.

Йўқликка кетмишлар минглаб улуғ зот,

Бирортаси қайтиб келмади ҳайҳот.

 

ДЎСТЛИК ҲАҚИДА

Шодлик ва қайғулик пайтларда дилини қудуратдан тозалаб, соф дўстликни сақлаб қолган киши чин дўст ҳисобланади.

Дўстлик инсоннинг шундай бир ҳолатидирки, бунда бошқа бировга яхшилик исталади, шунда инсон яхшиликни ўзи учун истамайди, балки уни бошқа биров учунгина истайди, холос. Шу ҳолатда кишида бошқага нисбатан яхшилик қилишга чақирувчи хусусият пайдо бўлади. Дўст бу яхши кўрувчидир. Дўст ўз дўстининг хурсандлигида ҳам, бахт­сизлик кезларида ҳам қайғу ва шодлигига шерик бўлади.

Инсон шубҳасиз, доимо зарурат устида туради. Чунки ҳар бир инсон ўз кўнглидагини бошқага билдиришга, бошқаларнинг кўнглидаги нарсаларни ўзи билишга муҳтождир. Шунинг учун ҳам инсонлар бир-бирлари билан ўртоқ бўлиб ҳаёт кечиришга мажбурдирлар. Чунки ёлғизликда маданият ва маи­шат ишлари бажарилмайди.

НАЗМИДАН НАМУНАЛАР

 

Май ҳушёрга дўсту, мастга зиёндир,

Ози - тарёқу кўпи заҳри илондир.

 

* * *

Кўрларга қуёш нури ноаёндир,

Жоҳиллар учун дуруст йўл пинҳондир.

 

* * *

Қаро ердан узоқ юлдузларгача

Муаммо нарсалар сирини билдим.

 

* * *

Макрдан қочдим, тугунларни ечдим,

Бироқ ажал тугунин еча олмадим.

 

* * *

Заҳар қўшилган шакардан парҳез тут,

Илонга қўнган пашшадан қоч йироқ.

 

 

ИНСОН ОДОБИ БИЛАН

* Одамларнинг ботири келажакдаги ишлардан қўрқмайди. Камолот ҳосил қилишдан четланган киши одамларнинг энг қўрқоғидир.

* Тўғрилик, агар у тўғрилиги исботланаётган нарсанинг бевосита ўзида топилса, у ҳолда у ўша нарсани мустаҳкамлайди, яхшилайди.

* Хулқнинг мувозанатда бўлиши бадан саломатлигини сақлайди.

* Жаҳлинг чиққан тақдирда ҳам бировга қаттиқ гапирма.

* Энг яхши феъллардан бири бировга қаттиқ овоз чиқармасликдир.

* Билгинки, агар ғазаб тез ўтиб кетса, унинг сурати хаёлда такрорланмайди ва йўқ бўлиб кетади, натижада кек ҳосил бўлмайди.

* Қуруқ гапнинг ўзи ҳеч қачон лўнда далил бўлолмайди.

* Сўзнинг ёмони амал қилинмай бекор кетганидир.

* Ҳар бир ишда эҳтиёткорликни қўлдан чиқарган ва билиб-билмай, пала-партиш бир ишни бошлаган кишининг пушаймон қилиши турган гап.

* Бир киши сен билан бўлган муносабатда хато қилсаю, сенга узр баён этса, узрини қабул қилишни кечиктирма.

* Қариларни ҳурмат эт, уларни эъзозламоқни ёшларга уқдир.

* Фаросат - сезгидан келадиган ишоранинг асл маъносига тезда етишмоққа айтилади.

* Инсон қиладиган ишларнинг энг ёмони риёкорлик, яъни иккиюзламаликдир.

* Инсон ўзини токи майда гап, ўчакишиш, жанжал, шикоят, норозилик, оҳу воҳлардан озод қилолмагунча, у ифлос ва пастлик табиатидан озод бўлолмайди.

* Асраган мол-дунёйинг бошқаларники бўлади, уларни сарф эта олсанг, ўша сеники бўлади.

  РИВОЯТЛАР ҲИКОЯ ҚИЛАДИ

Абу Али ибн Сино ўзи даволаётган касалларга бундай дер экан:

- Биз уч тарафмиз: Мен-табиб, сен - бемор ва у - касаллик. Агар сен мен томонга ўтиб олсанг, у енгилади. Агар сен у тарафга ўтиб олсанг, иккаловингни енгишим қийин.

* * *

Бир бемор "Мен ҳўкизман, мени сўйинглар" деяверар экан. Абу Али ибн Синони кўриб, "Қассобмисиз? Келинг, мени сўйинг, мен ҳўкизман" дебди. Ибн Сино қассоблардек беморнинг у ёқ - бу ёғини ушлаб кўриб: "Ҳўкиз бўлсангиз ҳам пичоққа илинмас экансиз, овқат еб семиринг, сўйиш бўлса қочмайди" дебди.

Беморга бу сўз маъқул тушибди. Иштаҳаси очилиб, овқат ея бошлабди. Кўп ўтмай ҳушига келиб дарддан халос бўлибди.

* * *

Бир дангаса дардга чалиниб, ётиб қолибди. Ибн Сино келганда уни боласи елпиб ўтирган экан. Шунда Абу Али ибн Сино бундай дебди:

- Қўйинг, бўтам, беморнинг ўзлари елпинсин. Шунда мушаклари ҳаракатга келиб, қон юришиб кетади.

* * *

Бир киши ибн Синодан:

- Ўлимга нима яқину, нима узоқ? - деб сўраб қолибди.

- Уйқу ўлимга яқин, ҳаракат ва меҳнат ўлимдан узоқ, - деб жавоб берибди ибн Сино.

Саҳифани Содиқ САЙҲУН тайёрлади.