Ўзбекистонимизнинг "Водийларни яёв кезганда..." деб Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов каби машҳур шоирлар ватан ҳақида кўп ва хўб ёзишган. Назиржон Давлатов ҳам бу мавзуга ва мустақиллигимизнинг 25 йиллигига катта эътиқод билан ўзига хос ёндошган. Шоир ҳуррият туфайли миллионларнинг бахти жамулжам бўлганини сермазмун сатрларда ифодалаган.

Долзарб мавзу -"Соғлом она ва бола йили"га аталган шеърида "Эгиз тансиз иккингиз" деб ажойиб ўхшатиш топган.

Қаҳратон қишдан кейин бутун табиат ва жонзотлар интиқиб кутадиган баҳор фаслида қорлар эригандан кейин ҳатто улкан тоғлар ҳам енгил тортишини ҳис қилиши Назиржонда ҳақиқий шоирона қалб борлигини билдиради.

Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ўз вақтида табиб-шифокор ўзи шамдек ёниб, сўниб бораётган бўлса ҳам беморга ҳаёт бағишлайди, деганларидек Назиржон Давлатов ҳам шифокорларни азизлар азизи деб ҳаққоний ифодалаган.

Жамият тараққиётининг юксаклиги аёлларга бўлган ҳурмат билан ўлчанади, албатта. Шоир ижодида ҳам хотин-қизлар мадҳи алоҳида ўрин эгаллайди. "Ой ҳам қувонади исмингдан аёл" дейиш ёки аёлни бағрикенгликда фалакка ўхшатиш хотин-қизларга бўлган эҳтиромнинг юксак намунасидир.

Муҳаббат мавзуси ўзи азалий, лекин уни ҳар бир қалб янгилаганидек шоир "Илтижо", "Афсус,афсус" ва бошқа кўпгина шеърларида севги тараннумини баралла янграта олган.

Назиржоннинг ушбу китоби рамзий маънода "Ном ва нон" деб аталишини ҳам шеъриятда янгилик дейиш мумкин. Айниқса, забардаст ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг "Нонингни йўқотсанг йўқот, номингни йўқотма" деган фикрининг эпиграф қилиб олиниши буюк ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг эпиграф олиш санъатини эслатади.

Хулоса шуки, шифокор-шоир Назиржон Давлатовнинг мазмунли китоби шеърият мухлисларининг китоблар жавонидан муносиб ўрин олишига ишонаман. Бунинг учун кейинги нашрларда китоб ададининг янада кўпайишига тилакдошман.

Баҳодирхон Аълохонов,

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси.