Бош қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан хуқуқларимиз кафолатланган, бурчларимиз белгилаб қўйилган. Ҳуқуқларимизни қанчалик яхши билсак, бурчларимизни бажаришгаям шунчалик масъулмиз. 48-моддада айтилганидай: "Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар". Демак, қонунларда белгиланган тартиб-қоидалар барчамизга дахлдор. Мен бошқа кишиларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан қарасам, бошқалар ҳам менинг ҳуқуқларимни поймол қилмаслиги зарур. Акс ҳолда қонун олдида у ҳам, мен ҳам бирдай жавобгармиз.
2016 йилнинг 14 сентябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонун биз йигит-қизлар камолотига қаратилган кучли эътиборнинг, айни вақтда зиммамизга юкланган юксак талабларнинг ёрқин ифодасидир. 4 бобу 33 моддадан ташкил топган ушбу ҳужжатнинг биргина 4-моддасига назар ташласак, "Ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий принциплари"ни яхши билиб оламиз. Улар қуйидагилардан иборат: очиқлик ва шаффофлик; сиёсатни рўёбга чиқаришда ёшларнинг иштирок этиши; ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш; маънавий, ахлоқий ва маданий қадриятларнинг устуворлиги; ёшларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги.
Юқоридагилардан аёнки, эртанги кунга эгалик масъулияти беҳад юқори. Қонун сиз билан бизни ана шу масъулиятни унутмасликка, миллий ғоямиз-юрт тинчлиги, ватан тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашга қодир элнинг олдинги сафларида юришимизга имкон яратади. Биз Наманган давлат университети физика-математика факультети талабалари ҳам ғамхўрликларга аъло ўқиш билан муносиб жавоб бераверамиз.
Ҳидоят НУРИЛЛАЕВА.