Яйраб кенг бағрингда улғайдим, ўсдим,

Покдомон ерингни авайлаб босдим,

Ниҳолинг синдирмай шамолдан тўсдим,

Фарзандингман, фахрим ўзингсан, Ватан.

Шифокор-шоир замондошига асло бепарво боқмайди. Уни огоҳлайди, уйғоқликка чорлайди:

Кўзингни оч мудроқ инсон,йўқса зое вақтинг кетди,

Насибангга улгурмасанг,қош-қовоқдин нақдинг кетди.

Қаламкаш учун ном - нондек азиз, нон - номдек азиз. Иккисини эъзозлаш, муқаддас билиш кераклигини бош­қаларга ҳам уқтиргиси келади. Ахир эзгуликка лиммо-лим кўнгилда бундан ўзга истак, хоҳиш бўлиши мумкин эмас-да:

Нонингни йўқотсанг, бир кун топарсан,

Номингни йўқотсанг, унутсан бутун.

Эзгулик уруғин элга сочарсан,

Барчага баробар эгизлаб тутгин.

Назиржоннинг назми чинакамига халқона. Яхшиларга меҳри қанчалик кучли бўлса, ёмонларга қаҳри ундан кам эмас. У сўз билан мадҳ этади, у сўз билан ҳаётдаги камчиликларни фош қилади. Ҳазил шеърлари енгил ўқилади-ю, барибир гап эгасини топгач, оғир ботса не ажаб! Қусурларни қувишга ярайдиган сўзлар таъсирчан бўлишини асло унутмайди. Шифокор-шоир учун борлиқдаги чанг-ғубордан кўра ҳам кўнгилдагиси ўта хавфли кўринади:

Умрни чинорга қиёс этишар,

Мусаффо осмонни тилайди башар.

Дилларда заррача қолмаса ғубор,

Инсонлар юз йилмас, минг йилча яшар.

Назиржон ўзининг ижод гулшанидан шеърий гул­даста саралаб, сиз шеърхонларга туҳфа қилаётган экан, кўнглингизни тўлқинлантириб, эзгуликларни янада ёлқинлантириб юборишига умидвормиз.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

"Шуҳрат" медали соҳиби.