Аллоҳга минг бора шукурки, юртимиз ҳурликка эришгандан буён бундай хавфли касалликларни ўз вақтида самарали даволаш учун энг замонавий тиббий аппаратлар ҳам, малакали врачлар ҳам етарли. Менинг ўзим истиқлол йилларида нейрохирург мутахассислигини эгалладим. Ҳозирда шифохонамизда хорижнинг мультиспиралли компьютер томография аппаратидан фойдаланяпмиз. Инсультга чалинганларнинг мия қон-томирларидаги салбий ўзгаришларни 2-3 дақиқадаёқ аниқлаб, тўғри ташхис билан астойдил даволашга киришишга одатланганмиз. Яъни мияга қон қуйи­лиши оқибатида пайдо бўлган гемотомаларни операция йўли билан олиб ташлаяпмиз. Бу билан беморнинг аҳволи тезда енгиллашмоқда. Деярли асоратлар қолдирилмаяпти. Инсультдан сўнг жарроҳлик амалиёти туфайли аҳволи ўнгланган беморгинамас, унинг яқинларигача кўзларида қувонч ёшлари қалқиганини кўряпмиз. Бу чинакам мўъжиза эмасми?!

Дадамларнинг ўзлари Лор врачи эдилар. Хорижга чиқиб, малака ошириб, тажриба алмашишни истаб, мустақил равишда инглиз тилини ҳам ўргангандилар. Афсуски, Шўролар тузуми отамнинг орзулари ушалишига йўл қўймади. Қачонки, мустақиллик давридагина бизнинг авлод бу эзгу ниятга етишди. Жумладан, мен ҳам.

Мен Андижон Давлат тиббиёт инс­титутини 2002 йилда тугатиб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази нейрохирургия бўлимида клиник ординатурани ўтадим. 2004 йилдан 2008 йилгача шу бўлимда врач-ординатор, 2008 йилдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали "Нейрохирургия" бўлимида врач-ординатор вазифасида ишлаб келмоқдаман. Мамлакатимизда ўтказилган бир неча халқаро съезд ва конференциялар иштирокчисиман, "Америка нейрохирурглар ассоциацияси"нинг халқаро аъзосиман. Шунинг учун 2013 йил 8 - 13 сентябрь кунлари Жанубий Корея давлатида бўлиб ўтган XV Халқаро нейрохирурглар конгрессида қатнашдим. Бу - ўзбекистонлик оддий ёш врач учун ҳам фахр, ҳам катта масъулият. Чунки истиқлол туфайли барча орзуларимизга етишиш учун кенг имкониятлар яратиб қўйилди. Фақат бизлардан чуқур билим, юқори малака талаб этилади, холос. Шундай даражага эришсак, дунёнинг ҳеч бир мамлакатидаги тиббиёт ходимларидан кам бўлмаймиз.

Жаҳоннинг нуфузли мутахассислари йиғилган анжуманга Ўзбекистондан 10 нафар нейрохирург иштирок этдик. Мен конгрессда "Ўткир бош мия шикастланишларида бош мия суюқлиги (ликвор) оқишини диагностикаси ва даволаш усуллари" мавзусида постер маърузаси билан қатнашдим.

Албатта соҳадаги ютуқларни жаҳон бўйича таҳлил этиш, илмий-амалий тажрибаларни ўртоқлашиш ва уларни кенг миқёсда тадбиқ этишга эришиш анжуман олдига асосий мақсад қилиб қўйилган эди.

Дунёга машҳур нейрохирурглар, Халқаро нейрохирурглар жамиятининг фахрли президентлари Аргентинадан профессор Армандо Бассо, Германиядан 17 та университет фахрий профессори, 60 та миллий ва халқаро илмий жамиятлар аъзоси, 17 та китоб ва 500 дан ортиқ мақолалар муаллифи, Германия Халқаро нейрохирургик илмий текшириш институти профессори Мажид Сами, АҚШнинг Барров неврология институти, нейрохирургия бўлими профессори, бир нечта нейрохирургик илмий китоблар муаллифи Роберт Спецлер, Калифорния университети нейрохирургия бўлими профессори Митчелл Бергер, Россия Тиббиёт Фанлари Академиясининг академиги, Н. Бурденко номидаги нейрохирургия илмий текшириш институтидан, бир нечта нейрохирургик илмий китоблар муаллифи, профессор Леонид Лихтерман, Япониянинг Осака миллий университети нейрохирургия бўлими профессори Кенжи Охаталарнинг қизиқарли маърузаларини тингладик, ўргандик.

2015 йил 8 - 12 сентябрь кунлари Италиянинг Рим шаҳрида жамиятнинг навбатдаги ХV-оралиқ конгрессига тўпланилди. Дунё бўйича ривожланаётган мамлакатларнинг 100 нафар ёш нейрохирурглари учун ўқув грантлари ажратилди. Бу грант­лар мутахассислар олиб бораётган ишлари асосида ёзган мақолаларига қараб берилди. Ўзбекистонлик 12 нафар вакиллардан 5 нафаримиз шундай мукофотга сазовор бўлдик. Яна энг эътиборлиси, конгрессга юборилган 25 тадан 49 тагача бўлган мақола ва тезислар орасида ўзбекистонликлар биринчи ўринда эканлиги алоҳида қайд қилинди. Бу республикамизда нейрохирургия соҳаси яхши ривожланаётганлигидан далолатдир.

Конгресс жудаям самарали кечди десам, янглишмайман. Италия нейрохирургия жамияти билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ўртасида ўзаро тажриба алмашиш "Меморандум"и имзолангани аҳамиятли. Бу ҳужжат биз каби нейрохирургларнинг Италияда малака оширишларига кенг имкониятлар яратиб беради.

Агар мустақиллик бўлмаганида бизлар бундай ютуқларга эриша олмасдик. Истиқлол ўзбек халқини оламга танитди. Бугунги авлод аждодларига муносиб мавқега эга эканлигини яққол кўрсатмоқда. Биз ибн Синонинг тиббий мероси ворислари бобомиз каби инсонлар саломатлигини сақлаш учун фидо­йилик, изланиш ва интилишни ўзимиз учун фахр, деб биламиз. Юртбошимиз атрофига истиқлол ислоҳотларини изчил амалга ошириш учун кечаю кундуз жипслашиб, илм-фаннинг, даволаш амалиётининг энг янги ютуқларини дадил қўллаб, соғлом юртдошларимизни Ватан қудратини бундан кейин ҳам янада оширишларига фаол кўмаклашаверамиз.