Ҳозирги кунда ҳар бир таълим-тарбия муассасасида компьютер синфлари ташкил қилинган, улар замонавий техникалар билан тўла жиҳозланган. Спорт залларига кириб, ҳавасдан кўзинг чақнайди. Қимматбаҳо, бир пайтлар биз фақат телевизорлар орқали кўрган жиҳозлар ёрдамида болалар спорт билан маза қилиб шуғулланишяпти. Натижа эса янада қувонарли: чекка-чекка қишлоқлардан-да жаҳон чемпионлари чиқиб, юртимиз довруғини жаҳонга ёйишяпти, азаматлар!
Дарвоқе, спорт ҳақида икки оғиз сўз. Мустақилликкача бўлган вақтда Ўзбекистондан номи чиққан машҳур боксчи фақатгина Руфат Рисқиев эди. Тўғри, "Пахтакор" собиқ иттифоқда таниқли эди, аммо футбол жамоамизни жаҳон миқёсида ҳеч ким билмасди. Шунингдек, ҳеч бир спорт тури бўйича миллий терма жамоамиз ҳам бўлмаган.
Ҳозирги кунда-чи?! Бизнинг спортчилар билан дунё миқёсида ўйлашиб, керак пайтда, бироз чўчиб майдонга тушадиганлар кўп. Жаҳон чемпионларимизни қўя турайлик-да, биргина Равшан Эрматов эришган натижаларга қисқача тўхталайлик. Ахир у дунёда энг зўр ҳакам номинацияси бўйича уч карра, Осиёда эса олти карра тенгсиз дея тан олинди! Бу ўзбек фарзанди эришаётган муваффақият ва мана шундай юртдошимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди!
Яна ўша яқин ўтмишга, ХХ асрнинг 80-йилларига қайтсак. Талабалик пайтимизда оиламиздагилар билан ҳол-аҳвол сўрашиш учун Андижон шаҳридаги телефон станциясига бориб, "очеред"да турардик. Бирор соатлардан кейин навбат келиб, омадимиз чопиб қолса, қишлоқ билан "боғлаб беришарди". Телефон алоқасининг сифати ўта ёмонлиги туфайли узуқ-юлуқ бўлса-да аранг уйдагиларнинг аҳволидан воқиф бўла олардик. Аксарият пайтда шу ҳам насиб қилмасди: "С сельской местностью связь нету!" дея осонликча қутулишарди. Ҳозирги кунда эса ҳамманинг уйидагина эмас, қўлида ҳам телефон. Жаҳоннинг исталган давлати билан ҳеч қандай муаммоларсиз алоқага чиқиш имконияти яратилган. Ҳаттоки, телефон орқали мулоқот пайтида бир-бирини кўриб туриш ҳам мумкин.
Эътибор берган бўлсангиз керак, бугун бирор танишингиз билан учрашсангиз, "Самарқандга саёҳат қилиб келдик" ёки "Бухоро-ю Хоразмгача бориб, маза қилиб қайтдик", мазмунидаги гапларни эшитасиз. Бу энг аввало, юртимизда тинчлик-осойишталик таъминланганидан, одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, сайру-саёҳат учун вақт ва маблағ ажрата олаётганидан, албатта. Яна бир томони, бугунга келиб транспорт масаласида муаммо қолмади. Ахир хусусий йўловчи ташиш транспортларидан тортиб, тезюрар поездларгача фуқаролар хизматида. Ваҳоланки, мустақилликдан аввал қишлоқларимиздан Тўрақўрғонга келиб-кетиш ҳам осон эмасди. Тирбанд автобусларни соатлаб кутишга тўғри келарди. Тошкентни қўя турайлик, Наманганга борди-келди учун бир кун кетарди. Энди-чи?! Менимча, буни ортиқча изоҳлаб ўтиришга ҳеч ҳожат йўқ...
Хизмат соҳамиздан келиб чиқиб гапирадиган бўлсак, мустабид тузум пайтида айнан соғлиқни сақлаш муассасаси сифатида қурилган бинолар жуда кам бўлган. "Колхоз", "совхоз" ёки бирор бир давлат ташкилоти ўзига янги бино қурса, эскиси соғлиқни сақлаш тизимига берилган. Шу сабабли собиқ иттифоқдан бизга кўримсиз, айримлари эса талабга мутлақо жавоб бермайдиган бинолар "мерос" сифатида қолди.
Мустақилликка эришганимиздан кейин чекка қишлоқларда ҳам янги услубда қурилган қишлоқ врачлик пунктлари бунёдга келтирилди. Улар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Республикадаги шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг барча вилоятлардаги филиаллари, туманларда эса субфилиаллари, вилоят марказларида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, она ва бола скрининги марказлари ташкил этилди. Туман марказий шифохонаси ҳам замонавий компьютерлар, компьютерлаштирилган тиббий асбоб-анжомлар, оғир туғилган чақалоқларга ёрдам кўрсатиш учун сунъий нафас ва наркоз аппаратлари, беморлар ҳолатини доимий назорат қилиб бориш учун мониторлар, жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун тиббий асбоб-ускуналар, лаборатория анжомлари сингари юзлаб турдаги жиҳозлар билан таъминланди. "Тез тиббий ёрдам" бўлимлари ва улар филиалларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, аҳолига хизмат кўрсатадиган бригадалар сони кўпайди.
Мустақилликкача республикамизда айрим дориларгина тайёрланган бўлса, ҳозир юртимиздаги кўплаб фармацевтик корхоналарда чет элникидан қолишмайдиган, таркибий жиҳатдан мураккаб дори-дармонлар, тиббий жиҳозлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.
Ҳа, илгари ҳатто гугурт ишлаб чиқарадиган кичкина корхонасига эга бўлмаган республикамизда йигирма беш йил ичида "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" тамғаси билан енгил ва оғир юк автомобиллари, энг сўнгги русумдаги замонавий музлаткичлар, кир ювиш машиналари, кондиционерлар, чангютгичлар, уяли алоқа воситалари-ю, телевизорларгача тайёрланмоқда.. Яна бир эътиборли томони, улар хорижникидан афзалдир.
Энг муҳими, қаёққа қараманг, ободлик, фаровонликка кўзингиз тушади ва табиийки, бундан беихтиёр дилингиз яйрайди. Менимча, мана шундай ҳаётга шукроналик билдирмаслик, дориламон замонамизнинг қадрига етмаслик асло мумкин эмас! Шундай экан, диёримиздаги осуда турмушни кўз қорачиғидек асраб-авайлайлик. Фарзандларимизга ҳам она-Ватанни севиш ва уни ардоқлаш муқаддас бурч эканлигини такрорлашдан асло чарчамайлик. Токи, улар ҳам биз сингари Ўзбекистондек жаннатмакон диёрда туғилиб-ўсаётганликларидан, унинг оромбахш ҳавосидан нафас олаётганликларидан фахрланиб юришсин!
Абдусаттор Тўйчибоев,
Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича масъули