Нодирабегим номидаги Наманган вилояти ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агент­лиги ҳамкорлигида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида "Китобсевар миллат" шиори остида "Китобхон болалар" ва "Дунё даҳолари" рукнида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди. Тадбирда водий вилоятлари журналистлари, ижодкор зиёлилари, ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари, ёш китобхонлар иштирок этди.

Уюшма раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов таъкидлаганидек, кейинги йилларда мамлактимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг тўртинчиси сифатида ёшлар маданиятини юксалштириш ва улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш белгилангани ҳам бежиз эмас. Чунки она-Ватанга муҳаббат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс.

Бу эзгу ташаббусни аҳолимизнинг турмуш тарзига айлантиришга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган "2023 йилда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга давлат ижтимоий буюртмаларини тақдим этиш учун танлов"да Уюшма "Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш" лойиҳаси бў­йича ғолибликни қўлга киритгач, бу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштиришга қўшимча моддий имконият вужудга келди. Мазкур лойиҳадан мақсад болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган ўн номдаги ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини нашрга тайёрлаш, чоп этиш, аудио шаклларини яратиш ҳамда уларни давлат буюртмачиси билан келишилган ҳолда ахборот-кутубхона муассасаларига беғараз тақдим этишдан иборат эди.

Нашр этилган китоблардаги шеърлар, ҳикоя ва эртаклар мазмунига мос ажойиб расмлар билан бойитилиб, болалар эътиборини жалб қиладиган дизайн ва ёрқин қиёфада чоп этилгани эътиборга лойиқ. Ана шу китобларнинг бири ҳам­юртимиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Турон фанлар академияси академиги Исоқжон Нишоновнинг "Сеҳргарнинг узуги" тўпламидан жой олган ҳикоялар болаларда бадиий тафаккур, тасаввур кўникмаси, олижаноблик туйғуларини камол топтиради.

"Дунё даҳолари" рукнида чоп этилган китобларда эса ўз ғояси, кашфиёти, ихтиролари билан дунёни ўзгартира олган Стив Жобс, Муҳаммад Али, Леонардо да Винчи, Вольфганг Амадей Моцарт, Альберт Эйн­штейн каби буюк зотлар ҳаёти ва фаолияти ғоят қизиқарли тарзда ёритилган. Мазкур китоблар жамламалари ахборот-ресурс марказлари вакилларига тантанали равишда топширилди. Айни кунда Уюшма ахборот хизмати ходимлари томонидан китобларнинг аудо вариантлари ҳам тайёрланмоқда ва яқин кунлар ичида мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона марказларига бепул тақдим этилади.

М. ОБИЛОВ.

   Топ рейтинг www.uz