ЁХУД ГУРУНЧ ИЧИДА КУРМАКЛАР ЎТИБ КЕТМАСИН
– Қўшни, саккиз ёшли ўғлим телефондан бош кўтармай қолди, бу ҳам майлигаку-я, тобора феъли айниб, асабийлашиб боряпти, нима қилсам бўларкин?
– Билмадим, менинг қизим ҳам туппа-тузук китоб ўқиб юрарди, энди уям айниди, қачон қарамай, телефондаги ўйинларни кўриш билан банд, муомаласи ўзгариб, инжиқлашиб қоляпти.
– Шу-у киною, роликларни назорат қиладиганлар борми ўзи, бу кетишда фарзандларимиз тарбияси бузилаверади, кейин тўғри йўлга солишга қийналиб юрмасак бўлди...
Яқинда қулоғимга чалинган бу суҳбат бежиз эмасди. Сўз ва ахборот эркинлиги ким нимани хоҳласа, шуни гапиради, шуни ёзади, шуни ижтимоий тармоқларда тарқатади, дегани эмас-ку. Аммо, ижоднинг қатъий қолипи йўқ. Медиа майдонида "чегара"ни бузиб ўтиш аломатлари кўзга ташланяпти. Аслида "чегара" уларнинг йўлини тўсиш эмас. Миллий менталитетимизга, ахлоқ-одобимизга мос тушмайдиган, болалар ва ёшларнинг онгу шуурини булғайдиган, кўнглига ғулу, қўрқув, қутқу соладиган ёки бошқаларга нисбатан ғараз, ҳасад уйғотадиган, хуллас, эртасини билиб-билмай туманлаштирадиган, барбод қиладиган ҳар қандай медиа маҳсулот асло оммалашмаслиги керак. Бундай салбий ҳолатнинг олдини олиш ғоят муҳим. Назоратни оилалардаги катталарнинг ўзларига ташлаб қўйиш асло ярамайди. Оммавий ахборот воситаларининг эшиттириш ва кўрсатув маҳсулотларида агар зарарли жиҳатлари бўлса, уларни ёйишга йўл қўймаслик учун бунинг масъулияти ваколатли идоралар мутасаддилари зиммасига юклатилса, халқимиз маънавиятини салбий таъсирлардан сақлаб қолиш мумкин, деб ўйлайман.
Мамлакатимизда медиа маҳсулотларининг сифат ва мазмуни софлигини сақлаш, бундан буён уларнинг миллий менталитетимизга, ўзбекона ахлоқ-одоб нормаларига тўғри келишини таҳлил қилиб бориш учун Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, кинематография агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси қарори билан "Маънавият экспертизаси" гуруҳи ташкил қилинганлиги барчамиз учун айни муддао бўлди.
Мазкур қарор билан маънавий экспертиза ўтказиш Низоми ҳам тасдиқланди. Унда аниқ вазифалар белгилаб қўйилди. Энди кино, қўшиқ ва клиплар гуруҳ томонидан экспертиза қилиб борилади. Соҳа мутахассислари маънавиятимизга зид ҳолатларни акс эттирган медиа маҳсулотларнинг омма эътиборига ҳавола қилинишига чек қўйиш мақсадида экспертиза ишлари билан фаол шуғулланадилар.
Ҳаётимиз ҳамиша тинч, турмушимиз фаровон яшашимиз учун ёшларимиз ахлоқ-одобли, Ватан ва халқига садоқатли бўлиб вояга етишлари зарур. Бу эса телевидение, ижтимоий тармоқлардаги медиа материалларининг миллий қадриятларимизга, урф-одатларимизга, ўзбекона анъаналаримизга хосу мос тайёрланишини тақозо этади. Демак, республикада "Маънавият экспертизаси" гуруҳи фаолиятининг жорий қилиниши нафақат бугунимиз, балки эртамизнинг ҳам четдан кириб келадиган ғаразли маънавий хуружлардан холи бўлишини таъминлашга мустаҳкам замин яратади.
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.