Тиббиёт ходимлари куни арафасида фидокорона хизматлари боис халқимиз қалбидан чуқур жой олган шифокорлар хотираси ҳурмат билан эсланмоқда. Усмонхон Ғайбуллаев ҳам консонсойликлар ёдида юксак салоҳиятли доктор, ҳалол ва самимий инсон, адолатли раҳбар тимсолида барҳаёт.
Ҳаёт бўлганида бу йил 67 ёшни қаршилар эди. Аммо шу қисқа умрида соғлиқни сақлаш тизими, Косонсойда тиббий хизматни яхшилашга муносиб ҳисса қўша олди.
1985 йили Ўрта Осиё медицина педиатрия институтини тамомлаган ёш мутахассис Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти шифохонасида интернатура ўтади. Бир йил ўтгач, Косонсой тумани марказий шифохонаси болалар поликлиникасига врач бўлиб келди. Ташхислаш ва даволашнинг илғор усулларини изчил ўрганиши ҳамда татбиқ этиши, беморларга жонкуярлиги унинг номини тезда элга танитди.
У. Ғайбуллаевдаги тиббий тафаккур, муолажа жараёнларига инновацион ёндошув раҳбариятда катта ишонч уйғотди. Шу боис энг оғир нуқта – жонлантириш бўлими врачлигига тайинланди. Бу босқич ундаги беқиёс илм, касбига садоқат, том маънодаги одамийлик, метин ирода ва бемор учун жонини аямас даражадаги меҳрини намоён этди.
Қаҳрамонимизнинг ташкилотчилиги, касбдошларини эзгу мақсадларга чорлай билиши 1992 йилда марказий шифохона бош врачининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари этиб тайинланишига асос бўлди. Мустақилликни мустаҳкамлашдек синовли йилларда тиббиёт ходимларини бир маслак ва бир мақсад теварагида жипслаштириш, қасамёдларига муносиб бўлишларини таъминлаш, таъминот муаммолари ечимини топиш иккинчи раҳбар учун ҳам осон кечмади. Врачу ўрта тиббиёт ходимларини нафақат илмий-услубий қўллаб-қувватлаш, балки уларда одамийлик фазилатларини камол топтириш, ватнпарварлик туйғуларини жўшдириш, чидам ва матонат тарбияси, ҳар томонлама шахсий намунаси жамоага мавжуд қийинчиликларни енгиб ўтиш учун куч-қувват бағишлади.
Усмонхон Ғайбуллаевнинг етук врач, узоқни кўра билиш ва донишмандлик фазилатлари бирлашманинг шошилинч тиббий ёрдам маркази директори, бирлашма бошлиғи вазифасини бажарувчилик фаолияти давомида янада кенг миқёсларда намоён бўлди. Бирлашма бўлимлари ва тармоқларида ислоҳотлар ўз натижаларини яққол кўрсата бошлади. Моддий-техника базасини яхшилаш, даволаш ва профилактиканинг илғор тажрибаларини жорий этишда олға қадамлар ташланди. Натижада касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш, соғломлаштиришда катта ютуқларга эришилди.