Вилоятимизда ўтган асрнинг биринчи ярмида яшаб, маърифатпарварлиги, элу юрти тараққиёти йўлидаги жонкуярлиги туфайли ўзидан унутилмас хотира қолдирган жадид инсонлар унча кўп эмас. Шунга қарамай, улар орасида тиббиётчиларнинг ҳам борлиги эътиборга лойиқ. Ҳошим Оғалиқович Сатторов (1904-1938) Наманганда таваллуд топиб, вояга етиб, Москвада олий таълим олиб, Тошкент медицина институти ректори лавозимида фаолият юритган. Афсуски, 1937 йилдаги "Қатағон қирғини" қурбонига айланган эди.
Айбсиз айбдор бўлган улуғ инсон кейинчалик оқланган. Яқинда музейимизда тиббиётчи жадид бобомиз таваллудининг 120 йиллигига бағишланган экспозиция тайёрладик. Ташриф буюрган меҳмонлар Ҳошим Сатторовнинг сиймоси туширилган суратлар ҳамда у кишининг таржимаи ҳоллари, аччиқ қисмати ҳақида ҳикоя қилувчи матнлар билан танишмоқдалар.
Истиқлолли мамлакатимизда Президентимиз раҳнамоликларида қатағон қурбонларини ёд этиш, уларнинг фожиали, лекин ибратли ҳаётини ёш авлод ўртасида тарғиб қилиш йилдан-йилга кучайтирилмоқда. Ҳошим Сатторовнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадий яшайди.
Отабек МАХСУДЖОНОВ,
Исҳоқхон Ибрат – Қатағон қурбонлари музейи директори.