18 НОЯБРЬ – ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БАЙРОҒИ ҚАБУЛ КИЛИНГАН КУН

Байроқ – ўзи нима? – деган саволга "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да қуйидаги шарҳ битилган: "Ёғоч ёки метал дастага, сим ёки чилвирга бир неча рангли, давлат, ташкилот, уюшма, ҳарбий қисм ва шу кабиларга қарашлиликни ифодаловчи герб, эмблема ва бошқа рамзий белгилар, безаклар тасвири туширилган муайян ўлчамдаги мато; алам, ялов туғ".

Мустақил юрт борки, албатта, ўз байроғига эга. Герби, мадҳияси сингари у ҳам муҳим рамзи ҳисобланади. Асли азалдан танланган, жорий қилинган ҳар бир байроқнинг ўзига хос тарихи бўлади. Ўзбекистон Республикаси байроғининг янгиланиш жараёни истиқлол арафасида бошланган эди. Бу эзгу ҳаракат 1991 йилнинг 18 ноябрида мустақил Ўзбекистон байроғини тасдиқлаш билан якун топди. Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар ичида биринчилардан бўлиб бизнинг миллий байроғимиз қабул қилинган. Айнан ўша куни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг схематик ва рангли тасвири "Ўзбе­кис­тон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида"ги қонунида аниқ ва лўнда белгилаб қўйилган.

Барчамизга маълумки, мустақил мамлакатимиз байроғи бутун узунлиги бўйлаб тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан ташкил топган тўғри тўрт бурчак шаклидаги матодир. Агар юқори қисмига назар ташласак, ярим ой ва 12 юлдуз тасвири туширилганини кўрамиз. Узунлиги 250 сантиметр, кенглиги 125 сантиметр.

Қачон ва қаерда кўтарилади? Бунга ҳам қонунда ойдинлик киритиб қўйилган. Байроғимиз Ўзбекис­тон Республикаси делегациялари хорижий мамлакатларга сафарларга борганида, халқаро ташкилотларда, анжуманларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида она – Ватанимиз тимсолига айланади. Шу боис, ғолиб спортчиларимиз шарафланганида байроғимиз юксакларга кўтарилади. Спортчиларимиз эса, уни мағрур ушлаб ёки ўпиб, Ўзбекистонимизга содиқлигини яна бир карра ифодалайдилар. Демак, байроғимиз Ватанимиз рамзи сифатида ҳар бир фуқаро учун муқаддас ҳисобланади. Унга нисбатан ҳурматсизлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Давлат байроғимизни кўтариш билан боғлиқ яна бир қатор тартиб-қоидалар юқоридаги қонунда ўзининг аниқ ва равшан ифодасини топган. Доимий суратда, жумладан, мамлакат Президенти, Олий Мажлис, Ўзбекистон ҳукумати, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, ҳокимликлар иш олиб бораётган биноларда кўтарилади. Ўзбекистон расмий делегациялари қатнашаётган халқаро тадбирларда, байрам кунлари эса вазирликлар, давлат қўмиталари ва муассасалари, корхона ва ташкилотлар бинолари, шунингдек, уй-жой бинолари тепаси ва пештоқларида ҳилпираб туриши қонунга мувофиқ саналади.

Байроғимиз – фахримиз. Ватанимиз тимсоли, давлатимиз рамзи сифатида уни доимо юқори тутишга бурчлимиз. Инчунин, уни қабул қилинган кунни қутлуғ айём билиб, ўзига хос байрамона кайфиятда нишонлашга одатланганимиз шундандир. Кўнглимиздаги меҳр-муҳаббат туйғуларимизни айтиб, Янги Ўзбекистон равнақи йўлида, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш иштиёқида тобора фаол ишлашга ва ўқишга янада қатъий аҳдланамиз. Ахир давлатимиз рамзларидан бири бўлганлиги туфайли муқаддас байроғимиз миллий ғуруримизни ҳамиша юксалтиришга хизмат қилади. Унинг борлиги ва барқарорлиги халқимиз учун беқиёс ватанпарварлик дарсини берувчи кучли тарбия воситаси бўлиб қолаверади.

Акмалжон МЎМИНОВ,

Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби

директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.