ёхуд Ибратнинг ибрати
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
Учинчи мезонда танқид, таҳлил ва хулоса устувор. Сабаби судхўрлик ва савдо-сотиқдаги хиёнат мушоҳадага олинади. Ибрат икки ҳолат миллатни таназзулга тортувчи иллатлигини фош этади: "Бизни бу Туркистон, хусусан, Фарғона халқимиз бир одати маъҳудалари бордирки, ҳар бир ишларига тасаввуф, тариқат йўлларидан бирор жуз қўшмоқ бўлиб, анга ҳужжатдек сўзларида савоб сўзи сўзланадур. Амал ва ниятларида манфаат ва нафсоният муддаоларидур... ағниёларимизда юз сўм ақча фақирларға йиллик 25 сўм фойдаға берур, байъ жоиз деб хийлаи шаръ ила. Фақир ожиз бўлганда билдилар: амлок, ашёси йўқ – куядурғон. Ани дарҳол ўз-ўзига закот қиладур. Керак эдики, қўлига нақд ақча бериб олмоқлари. Йўқ, закот қилдим, дейдурлар. Иккинчи, яна фақирни чақируб, йигирма тийин газламаларини(нг) олти газини уч сўмға олдикму деб амруллоҳға ҳийла қилурлар. Учинчиси, бонкдан олган ақча қанча фирусент бўлса, бебайъ. Ани халқға берилган беҳужжат ақчаларға бонк фирусентларини чочуб солиб оладурлар". Бу судхўрликдаги ҳолат.
Тижоратдагисини эса пахта масаласига бағишлаб баён қилади. Тужжорларни билибми, билмайми нима бўлса ҳам уламолардан сўрамай, исломнинг шариат қоидаларига муҳолиф уч катта гуноҳга ботаётганликлари исботини беради: "Чунончи, биринчиси, тарозуда кам олмоқ... иккинчиси, хиёнатдурки, сотқувчи ризосидан ташқори партал деган олумлари бор – пуддан бир қадоқ. Бу одат ўринға кечибдурлар ва нимасиз бечора мадйун мазлум турадур. Учинчиси, пахта беролмаган кишига суммасига 55 тийин иштраб ҳисоб қиладурлар. Уламолар бўлса, бу хил ишлар хусусида амри билмаъруфдан ҳифз қилиб, дам урмаслар".
Исҳоқхон тўра қаламни холис тебратади. Ўзидан мисол келтирмоқни ҳам унутмайди. "Чунончи, банда ўзум ўн йил ичинда хизмати шариатда (қозилик вазифасида – С.С.) бўлган вақтларимда билдимки, амримаъруфга вақт топа олмадим. Алҳамдулилаҳки, қазодин фориғбор бўлуб, анча-мунча хизмат этарга вақт бўлиб, уламо ва авому-н-нос мажлисида... билганимизча айтиб, зиммадин соқит бўлса мукин умидиндабиз... бинобарин, лозимки, шариат буюрмаган йўлдан юрган миллатни йўлга солмоқ. Авому-н-носдан – мунинг йўлини сўрамоқ. Уламо айтмаса, авом сўрамаса, авоми аҳли ислом ўз табиати хоҳиши бўлган йўлга кетадур, оқибати қайга етадур".
Юртпарварлик миллатнинг бугуни ва эртаси ҳақида қайғуриш шунчалик бўларда. Ибрат жамиятдаги камчиликларни кўрсатиш билангина кифояланмай, уларни тугатиш учун сўзини ҳам, ўзини ҳам сафарбар этишга бурчдор ҳисоблаганини юқоридаги сатрлар яққол ифодалаб турибди.
Тўртинчи мезон талим-тарбияга бағишланган. Илму ҳунарнинг инсон ҳаётидаги ўрни хусусида, бу борада миллатимизнинг қотиб қолган қарашлари, онгу тафаккуридаги турғунлик, эскича тутумларга ёпишиб олганлик тараққиётга тўсиқ бўлаётгани изтироб билан битилган. Ҳаётий ҳолатларни қандай бўлса, шундайлигича таҳлилга, муҳокамага тортган. "Мундин ўттиз беш йиллар муқаддам (XIX асрнинг саксонинчи йиллари – С.С.) мабодо бир маҳаллада ўт йўқ бўлса, ўт ахтариб иккинчи маҳаллага боруб, бир чўпни учига латталарни ўраб, ўт олуб келганда, маҳалладин раҳматлар олинур эди. Бизни(нг) Фарғонага ислом вақтинда бир анвоъ шуҳрат байнаннос жорий бўлдики, ҳар ким бир-биридин эшитиб, таажжублар қилишдилар. Ул нима экан – янги самовар чиққон экан. Муни кўрмагон шул хил муболағалар қилдиларки, бу аломати қиёматга ўхшар. На учунки, ажабо, ўтни ҳам соладур, сувни ҳам соладур, бир-бирига аралашмас. Янги кўрган кишиларга ани(нг) хожаси жўмрагидан сув туширса, дуди чиқуб турубдур. Субҳаноллоҳ, бу қандай сеҳрдур, деб ҳама яқоларини сиқуб, икки-уч фарсах йўллардан тамошоға келган эдилар. Гугурд янги келгонда кўп кишилар томошоға борган. Ламфа янги келгонда банда бир адад еттинчи усталовой ламфа олган эдум, азбаройи янги ва антиқа китоб кўрмакка деб, ани кўп кишилар отини гуҳар шабчироғ деган шул эмиш, деб содда кишилар кўп таажжуб қилдилар... соддадил муллоларимиздан бунга қарши "Буни(нг) равшанида ўлтуриб бўлмайдур, ёғи ҳаром эмиш. Иншо насронийдур, алал-хусус масжидга қўйуб бўлмайдур", деб неча-неча бўлмаган тубсиз хурофотларни чиқоруб бўлганлар. Мундин беш йил ўтди-ўтмади, ўшал муллолар ҳама шам ва чироғини тарк қилиб, ўзлари олиб истеъмол этдилар".
Мана, бир аср аввалги ҳаёт манзараси. Халқимизнинг бу одати Исҳоқхон тўрага ёқмайди. Бунинг сабабини миллатимизнинг соддалиги, маданиятли эмаслиги дея баҳолайди. Айни пайтда замон тараққиётидан ортда қолмай, илм-фан, маданият янгиликларини турмушда фаол қўллашга барчани ундайди.
"Мезон уз-замон" муаллифининг олға сурган фикрларию, биз мусулмонларнинг муқаддас китобимиздан шаҳодатлар келтириши билан танишгач, унинг "Қуръон"даги исломий таълимотларни тўла ўзлаштирган зукко ва закий зот эканлигига иқрорланамиз. Беихтиёр мутолаага янада жиддийроқ бериламиз.
Иҳоқхон тўра таълим йўналишида ҳам шахсий намуна кўрсатган. "Усули жадид демак – янги қоида, янги тартиб демакдир, десак, ҳама қабулга олмаган эдилар, – таъкидлаб эслайди у. – Гардиши овон ва хоҳиши замон ила ўз-ўзича жорий бўлиб кетди.... Мана эмди банда ўзум усули савтияни(нг) авлоди исломға ёрдамини кўриб, ўз масжидимизға мактаб очдим. Бир санада кўп ёшлар, ҳаттоки, катта ёшга кирган тужжорлардан ўқуб, хат-саводини чиқоруб, маишат ва тижоратларида осонликлар мушоҳада қилдилар. Мана замонни(нг) мезони вазн бўлди... Ҳар замон(нинг) ўзига қараб, илму ҳунар касби даркор". Тўртинчи мезон шундай якунланган.
Бешинчи мезон тўртинчисининг бевосита мантиқий давомидек. Кеча ва бугуннинг таққосига тўхталган маърифатпарвар миллатнинг аввалги ҳаракатсизлигини қоралаб, бундан буён илму ҳунарни эгаллашга иштиёқи ортаётган замондошларидан мамнунлигини баён этади. Фаровон ҳаётга эришишнинг ягона омили – пешона тери тўкиб қилинадиган ҳалол меҳнат эканини уқтиради: " Умумий халқ ҳама аввалги ҳолда бекор ва тамбаллик эди. Эмди иш-иш деб югуруша бошладилар. Аҳли ҳурафолар ҳамалари аҳволи замонга қараб, тезроқ юрмоққа бошладилар. Маданият иси келиб турадур. Чунончи қишда ерларга уриниб, сурати аҳволлари ҳам бўлак асбоби рўзғориялари маҳаллада аввалги вақтларда қаро чойжўш катталарда бўлур эди. Ал ҳолда ҳама уйида беш-ўн ададдан чойнак, ламфа, самовар кўрилур. Маъишат ҳафтада бир мартаба палов, гурунж оши бўлур эди. Ал ҳолда имконсиз ҳар кун палов қилинур. Бир маҳаллада икки-уч кишида от бўлур эди. Эмди от йўқ чўлоқ ҳукмидадур".
У тижоратнинг ривожидан, илмдорликка астойдил интилиш натижасидан хурсандлик изҳорлайди. Илмда ўттиз йил ўқиб, хатми қутуб қилган кишиларнинг бўлганлигини эсга олиб, замондошлари буни ўн йилда уддалаётганини, яна илми илгаригилардан ортиқлигини айтиб, буни замоннинг зайлидан эканига эътиборни қаратади. Ўз асрини илму ҳунар, ҳаракат асри эканлигини таъкидлаб, одамларни ғафлат уйқусидан фориғланишини истайди.
Олтинчи мезондаги фикрлар наинки ХХ аср бошидаги одамлар учун, балки ХХI асрда яшаётган инсонлар учун ҳам ғоят аҳамиятли. Чунки мотам маросимлари ва тўйлар хусусида гап боради. Аниқ ҳисоб-китоблар халқ ҳаётидаги фойда-зиёнларнинг ойнасидай ўқиганнинг ақлини пешлашига хизмат қилади. Бундан кейин ҳар қадамини ўйлаб ташлаш – фойда сари юзланишга олиб боришини англатиб қўяди. Урфу одатларимиздаги беҳуда сарфлардан воз кечишимиз зарурлигини идрок эттиради. Худо ва пайғамбарларимиз буюрмаган ишлардан тийилиш, миллат учун ножоиз машаққатлардан, қарзга ботишдек ўзини-ўзи "занжир"га боғлашдан қутулишнинг тўғри йўли деб билмоқликни хоҳлаган Исҳоқхон тўра мушоҳада юритиш учун аччиқ ҳақиқатга йўғрилган воқеликнинг ҳаққоний манзарасини анча батафсил чизиб беради: "...бизнинг халқимизда урф бўлган нимарса – ўлганга сарфи беҳудаларни қиладур. Ани(нг) отини хайрот дерлар. Ваҳоланки, саййиот бўлса керакдур. Бир киши ўладур, ани(нг) беш-ўн адад сағиралари бўлур, саконоси (турар-жойи) бир ҳовлидур. Ани(нг) ярмини дарҳол сотар ёки бирор бойдан дайн қилиб, ақча оладур-да, ани бир кунлик амри сақотий деб маҳалла ва шаҳардан киши чақириб, жаноза деб сарф қилур. Бойларга бир сўм, ўрталарга 50 тийин, охири ўн тийиндан, имомларга тўн берадур.
(Давоми бор).