ёхуд Ибратнинг ибрати
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
Унинг ўзи ҳам "Халқ душмани"га айлантирилган жафокашлардан эди. Асли исми Идрисхон бўлиб, партия йўлланмаси билан Хоразм вилоятининг Тошҳовуз тумани раҳбарлигига ишга юборилганди. Айни бир вақтда газета муҳаррири сифатидаги илғор фикрлилиги охири бошига бало бўлади. 1936 йили узоқ муддатга Шўроларнинг ҳибсхонасига ташланади. 14 йиллик қамоқдан битта кўзидан айрилиб қайтади. Қайтадию, юраги қўймайди, ўзи каби жазога гирифтор ҳолатда ёруғ дунёни тарк этиш қисматига дучорланган ҳамюрти Исҳоқхон Ибрат умргузаронлик қилган гўшани зиёрат қилгани шошади. Ҳали оқланмаган бўлишига қарамай, юрак ютиб, Тўрақўрғондаги Фалосбон ота маҳалласига йўл олади. Остона ҳатласа, ҳувиллаган уйлар хароба ҳолатда экан.
Беихтиёр очиқ эшиклардан хоналарга назар ташлайди. Девор ёриғидан сарғайган қоғозларга кўзи тушади. (Улар Ибрат қўшсинч орасига тахлаб яширган китоблардан бўлган – С.С.). Ичкарига ўтиб, кўринган қоғозни секин-аста авайлаб тортади. Қарасаки, араб ёзувида битилган китоб. "Ушбу қўлёзма тўрақўрғонлик Исҳоқхон тўра томонидан ёзилган, – деб изоҳ беради у кейинчалик, – аммо қайси йилда ёзилгани номаълумдир. Мен бу китобни 1950 йилда авторнинг ўз ҳовлисидан топиб олганман. Менинг фикримча, ушбу китоб октябрь революциясининг дастлабки йиллари (1918-1919) ёзилган бўлиши мумкин... Бу қўлёзма қанчалик аҳамиятга эга эканига унчалик ақлим етмаса ҳам ҳар ҳолда тарихимизни ўрганишда ёрдамлашар деган мулоҳаза билан сақлаганим бу қўлёзмани таҳлил қилиш ниятидадурманким, бу менинг муяссарим бўлармикан?.."
У топилмани саккиз йил асраб-авайлади. Ниҳоят Ибрат расман оқланди. Энди унинг асарларигача таъқиқдан қутулди. Жўра Зокирий ғоят қимматли қўлёзмани ўзида ушлаб туриш инсофдан эмаслигини тушуниб етиб, беҳад тўғри қарорга келади. "...асарни текшириш ва уни таҳлил қилиб, бир вақтлар "халқ душмани" деб эълон этилган асарнинг эгасига тўғри баҳо бериб, бирон нарса ёзиш учун, биринчидан, ўзимни шахсий турмушимдаги шароит имкон бермади, иккинчидан, авторнинг бошқа асарларини ҳам топиш, уларни ҳам ўқиб чиқиш, ундан сўнг ижобий натижага келишга ҳаракат этиш керак эди. Бундай мақсадга етиш учун турлик сабаблар топилиб, эплай олмадим.
Ушбуни текшириб, бир нарса ёзиш лозим бўлган тақдирда мени ҳам эслатувчи одам топилар деб умид қилиб қолдим" деган эзгу ниятли ҳамюртимизнинг умидлари армонга айланмади чамамда. Камина шу боис Жўра Зокирийни катта миннатдорчилик билан ёдга олишдан алоҳида мамнуният ҳисларини туймоқдаман.
Истиқлолгача мазкур қўлёзма асарни эълон қилишга ҳеч ким кириша олмади. Атеизм, яъни динга қарши тарғибот кучайган пайтда исломий таълимот асосида жамият аъзолари ҳаётини тартибга солиш бўйича билдирилган мулоҳазалар, айнан Қуръондан, ҳадислардан келтирилган ояту шаръий қонун-қоидаларнинг баён этилгани бунга монеълик кўрсатиши табиий эди. Қачонки, истиқлолга эришилгач, "Мезон уз-замон"га олимлар бемалол нигоҳ ташлашиб, уни танқидий эмас, таҳлилий ўрганишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашди. Бу борада япон олимлари билан ҳамкорликда дастлабки қадам 2001 йили қўйилади. Исҳоқхон тўра ибн Жунайдуллоҳ хўжанинг "Мезон уз-замон" номли асари Тошкент ва Токиода илк бор нашрдан чиқарилди. Шарқшунос олимлар Улуғбек Долимов ва Нурбой Жабборовлар таъкидлашганидай: "Асар номиёқ эътиборни тортади – замон тарозуси. Олим бу асарида замондаги эврилишлар ва уларга миллатдошларининг муносабати масаласига диққатни қаратади. Ўз таъбири билан айтганда, бу мезон ила у ўз асрини тортади. Чунки, "аввалги замон ва кейинги замонларни(нг) бўлак тарозуси бор".
Мазкур асарнинг бошланма бир саҳифаси ҳамда олтинчи мезондаги тўйлар ҳақида фикр юритилган яна икки саҳифаси йўқолганилигига, хотимасиз ҳолдалигига қарамай, уни номукаммал дейишга ҳеч асосимиз йўқ. Ўзига хос усулда, батартиб ёзилганилиги замон тарозусига қўйилган масалаларнинг долзарб аҳамияти асарнинг қимматини ҳамиша ушлаб туради. Унинг меъзонларида юз йил илгариги ҳаёт манзарасининг ёрқин кўринишлари акс этган лавҳалар сиз билан бизни ҳам бугунги турмушимизга, жамиятимиздаги ўзгаришларга, илғорланиш учун зарурат касб этган хислатларни ўзимизда тўла шакллантиришга, энг муҳими, замонга ҳушёр боқишга ўргатади, десак асло хато эмас.
Ибрат бу асари амри маъруфлигини айтиб, одамлар томонидан қайта-қайта ўқилишини истаган. Келинг, шу истакка муносиб иш тутайлик. Асар муқаддимасида уқтирилганидай: "Савт ила айтилса, бир самоъ эшитуб тамом бўлур. Қалам билан бўлса, қиёматгача хизмат бўлур, ҳар бир аҳли савод кўруб ўқуса, амри маъруф бўладур. Биз қилиб турган хизмат кейинги асрларга ҳам хизмат этар умидинда бўлуб қалам юргуздук...".
Мана, кўриб ва билиб турганимиздек муаллиф ҳақ. Қалам билан битилгани учун Ибратнинг бурунги асрдаги сўзлари бугунги асрдаги авлодлар хизматида. Гарчи асар ўз замонида кўп нусхада тарқатилмаган, чоп этилмаган бўлса-да, уни қалам соҳибининг ўзи давраларда амри маъруф қилиб, зикрлаб, юргани тайин. "Аввалги асрларни(нг) одами, чунончи, боболарингиз ёки бўлак одамлар илмда, ҳунарда, маъишатда – жамиъи умуринда (барча ишларида) машаққатда ўтган. Эмди умури маъишат роҳатга бадал бўлди. Боболарингиз чақмоқ чақар эдилар, кўрки, ҳозир қандоқ роҳат. Қаро чироқ ёқар эрдилар, электрий ламфа қандоқ роҳатдур. Инқилоби замон шундоғ қилди. Хусусий сафар қилмоқда машаққатларга қараб вазн қилинг. Тошканд илан Хўқанд ароси бир ҳафта кўб меҳнат илан, йигирма сўм сарф илан, бир ҳафтада сарт аробада борилур эди. Худованди оламни(нг) марҳамати, ҳукумат ҳаракати илан темирйўллар солинуб, бир уч соатда тўрт сўм сарф ила борадургон бўлди".
У миллати замон ўзгаришларига теран нигоҳ билан муносабатда бўлишини хоҳлагани учун янгиликлардан чўчимасликка, ҳеч иккиланмай фойдаланишга рағбат берди. Баъзи шариат билимдонларининг булардан дастлаб ҳадиксираб, сақланиб туришсада, кейин одамларга қулайлик ва осонлик туғдираётгани туфайли расми одат ва урфга киришига монеълик кўрсатмаганларию, баъзилар ҳаром ва макруҳ деб авом халқни машаққатга қўйганликларигача яширмай рўйирост тилга олади: "Уламо ва фузало ва авом ҳама нафс хизматидан бўшамай, дунё қилмоқ, иморат, ҳашам, манфаати нафсияларин мубталойи. Хизмати уммат, хизмати миллат деган нима? Ани билмай, муни қилмаса ҳаром, муни қилмаса макруҳ, бу мустаҳаб, бу мубоҳ деб, бу умматга фарзи айн бўлган ишлар қолуб, мустаҳаб ила макруҳни жанжал қилдилар. Чунончи, булардан аввали ҳолларда янги жорий ҳама ашё бўлса, булар кўрмаган бўлсалар, ани ҳаром ақида қилиб, то расми урфу таомил бўлгунча ҳуркуб турдилар. Сўнгра било иштибоҳ (ҳеч бир шубҳаланмай) истеъмол қилдилар".
Маърифатпарварлик – илмни севиш, илмга интилиш эканини янгилик жарчилари, янгилик тарафдорлари бўлмиш жадидчилар чуқур англаб етишганди. Жумладан, Ибрат ҳам. У ўзининг ибораси билан айтганда, ашёи жадида ва асбобий адидаларни кўриб, булар Аллоҳнинг халққа ато қилган нарсалари, деб тушунмоқ кераклигининг жонкуяр тарғиботчиси сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ҳар бир фикрини пайғамбаримиз Расулуллоҳнинг ҳадислари билан моҳирона далиллайди. Чунончи, "Илм – дунё иззати ва охират шарафи", "Хитойга бориб бўлсада илм талаб қил" каби ҳадисларни келтириш билан одамларни илми урфонга даъват қилади: "Ҳаракат даркор! Бул ҳам ҳадисдурки, дар таваккул пойи уштурро бибанд. Аввал инсон – сўнгра таваккул. Мана, "Мезон"нинг сизга кўрсатадургон вазни". Ибрат ҳадисларнинг маъно-моҳиятини ҳаётга боғлаб, шарҳлаш билан сўзларию, фикрларини уқтиришнинг таъсир кучини янада оширади.
Юқоридагилар биринчи мезон ўлчовлари ифодаси бўлса, иккинчи мезон бирлашиш, қовушиш, бирикиш ва аҳиллик бобида боради. Исломнинг муқаддас китоби – "Қуръон"ни тўкис ўзлаштирган Ибрат бу борада Аллоҳнинг каломидан уқтиргилар келтиради: Сураи "Нисо"да айтур: Йа аййуҳа-н-насу-т-тақу роббакуму-л-лазий холақокум мин нафсин воҳидатин. Яъни, эй мардум, қўрқинглар Худойингизданки, сизларни бир ота ва бир онадан пайдо қилдики, отангиз Одам ва онангиз Ҳаводир. Бас, ҳамаларингиз бир кишини(нг) фарзанди: ўғил-қиз, оға-ини. Бир-бировларингизга мухолафат қилманг. Иттифоқ – бир тил, бир жон, бир тан ва бир жиҳат бўлинглар".
Шарқ алломалари асарларидан яхши бохабар муаллиф фикрларига бадиий тусни назмий жавоҳирлардан ахтаради ва топиб, бизга тутади: "Бул тўғрида Саъдий айтур:
Бани Одам аъзои якдигаранд,
Ки дар офариниш з-як гуҳаранд.
Ки узви бадард оварад рўзгор,
Дигар узвҳоро намонад қарор".
Рубоий мазмуни қуйидагича: Одам фарзанди бамисоли яхлит аъзо, чунки, улар барчаси бир гавҳардан яралган. Агар аъзоларидан бирортаси оғриса, бошқаси ҳам азият чекади.
Ибрат ривожланишнинг негизи яқинлик ва уюшқоқликда деб билади. Турли фирқаларга ажралишдан қайтариш билан у миллатни тараққиётга етаклаш кераклигини чуқур тушуниб, тинчликни улуғлайди. Жанжал, талашиб-тортишиш инсонни сустлаштиришини, куч-қувватини кетказишини уқтиради. Уюшиб, биргаликда олам неъматларидан баҳраманд бўлишга чақиради: " Бас, сизлар бадан мулкида подшоҳ – ақл маҳкумидасиз. Ҳама тарафдан эҳтиёжмандсизларки, оҳангар, дурадгор, тужжор, деҳқоний, табибий, хусусан, ашёий жадидаларга эҳтиёжингиз ҳамадин зиёда мундадир. Будур инқилоб ила қўшниларингиз темирйўлда юрса, сиз пиёда юрсангиз, нуқсонингиз маълум бўлиб, булар айшу нашотда бўлсалар, ғаму кулфатда бўлмоғингиз Худовандо олам неъмати илоҳиясига қўл урмай, имтитоъ қилмоғингиз ўлур".
Иккинчи мезоннинг якунланмасида ҳам яна ҳаракатга урғу берилади. Ибрат амал даркор, ҳаракат даркор, ўрганмоқ керак, танбаллик билан мақсадга эришилмайди, дея такрор-такрор таъкидлайди.
(Давоми бор).