Ўзбек халқининг буюк қомусий олими, Темурийлар давлатининг машҳур ҳукмдори Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек ўзининг бой илмий-маърифий мероси ҳамда мислсиз бунёдкорлик фаолияти билан юртимиз тараққиёти ва жаҳон цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган улкан тарихий сиймодир.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
(Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги Қароридан).
Зоти шариф инсон куч-қудратининг икки омили бор, бири – жисмоний баркамоллиги, иккинчиси – маънавий етуклигидир. Бирига фаол ҳаракати билан, иккинчисига китоблар ўқиш ҳамда устозлар сабоғини пухта ўзлаштиришу тинимсиз изланишлар билан эришади. Мозийда яшаб ўтган темурийзодаларнинг ибратона ҳаёти фикримиз исботига ёрқин далил бўла олади. Узоққа бормасдан, Умаршайх Мирзо пойтахт қилиб, Фарғона вилояти (ҳозирги водий) бошқарилган кўҳна Ахси шаҳрига дахлдор олим-ҳукмдор ва саркардаю адиб Улуғбек ва Бобур ҳақида ҳикоя қилақолайлик. Албатта, ўтмиш воқеа-ҳодисаларини акс эттирган тарихий китоблар биз учун энг ишончли манбадир.
Ахси XV асрнинг бошларида темурий ҳукмдорларнинг бошкенти ҳисобланмаса-да, Андижон, Ўзган, Қубо, Марғинон ва Хўжанд каби водийнинг донги-довруғи Мовароуннаҳр, ҳатто Ҳуросонгача кетган шаҳарлари ичида энг кўзга кўринганларидан саналарди. Бобур ибораси билан айтганда: "Фарғонада Андижондан кейин бундан йирикроқ шаҳар йўқ" эди. Шу боис бўлса керак, Амир Темурнинг набираси Шоҳруҳнинг ўғли Улуғбек ҳам Самарқанд тахтида ўтирганида Ахсига беэътибор қарамаган.
Муаррих Абдураззоқ Самарқандийнинг "Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн" – "Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиш жойи" асарининг 1414-1415 йиллардаги Мовароуннаҳр воқеалари қисмидаги ҳодиса айниқса диққатга сазовор: "Мирзо Улуғбек кўрагон (Самарқанд ҳокими – С.С.) Андижонга қараб юрди. Мирзо Амирак Аҳмад у ернинг қалъаларини мустаҳкамлаб, тоққа чиқиб кетди.
Мирзо Улуғбек у ернинг катта қалъаси бўлган Ахси қалъасини мухосора қилди. У шундай қалъаки, унинг мезонларидан фалак бошоқ (юлдуз)ларини териб олиш ва баланд хоналаридан фаришталар ғулғуласини эшитиш мумкин эди...
Мирзо Улуғбек раиятга тинчлик майдони ва омонлик маконидан ўрин берди ҳамда Поянда Баковулни кутвол (қалъа бошлиғи) тайинлаб, Андижон томон йўл олди".
Демак, орадан бир неча ўн йил ўтгач, Умаршайх Мирзо шу дарё ёқасидаги баланд тепаликдаги теварак атрофи табиий муҳофазаланган Ахсини ўз давлатининг пойтахтига айлантирган. У минг афсуски, тўнғич фарзанди – Заҳириддин Муҳаммадга кучли ва мустаҳкам мамлакат тахтини мерос қилиб қолдиролмади. Исми жисмига мос шаҳзода йўлбарсдек қўрқувни билмади, наинки Ахси, балки бобокалони Амир Темур обод қилган Самарқандни ҳам бошқаришни орзулаб, олға интилди. Уч марта эгаллади, тахтмакон тутди. "Ер юзининг сайқали" аталмиш шарафу таърифга муносиб шаҳарда ёшлигининг энг таҳликали, энг унутилмас, энг ҳаяжонли дамларини ўтказди. Ҳам ғолиблик нашъасини сурди, ҳам мағлублик аламини тортди.
Тақдир тақозосини қарангки, Бобур Улуғбек қурдирган бино устида бир муддат жон сақлайди, рақиблар қуршаган атрофни сергаклик билан кузатади : "Эртасига эрталаб ... барча беклар, ичкилар ва сўз тегар йигитларни чорлаб, кенгашиб, қўрғонни беркитиш ва ўлик-тиригимизни қўрғон ичида кўришга келишдик,– деб эслайди у "Бобурнома"сида, – Мен Қосимбек, ҳузуримдаги ичкилар ва йигитлар билан кўмак(да) бўлдик. Бу маслаҳат учун шаҳар ўртасида – Улуғбек Мирзо мадрасаси томининг устида оқ чодир тикиб ўтирдим".
Муҳаммад Тарағайни, яъни Улуғбекни Заҳириддин Муҳаммад, яъни Бобур бежиз тез-тез эсламайди. Ахир у темурийлар шажарасини, тарихини керагича ўрганган, ўзидан аввалроқ – яқин ўтмишда яшаганларнинг эса замондошларига боғлиқлик томонларини топиб, тарихий битиклари қатига ўрни-ўрни билан киритиб ўтишни зарур билган. Чунки, буюк инсонларга яқин юрганлар, албатта, эзгу ишлари билан халққа танилганлар. Масалан, Саййид Юсуф тўғрисида тўхталар экан: "Отасини Улуғбек Мирзо қадрлаган эди. Саййид Юсуф уқувли ва тадбирли киши эди. Мардоналиги ҳам бор, қўбизни яхши чаларди" деб маълумот беради. Сўнгра, Ҳиндистонга қўшин юборган пайтида уни Қобулга ҳокимият тепасига қўйганини ёзади.
Бобур Улуғбекка самимий ихлосда, ҳавасда бўлиб, асло камлик кўрмади. Маълум даражада ниятига етди. Қарийб тўрт бор Самарқанд тахтига даъвогарлигини намойиш қилди. Лекин барқарор ва бардавом ҳокимлик мансаб мавқеи насиб этмади. Шунга қарамай, Улуғбекнинг издоши эканини халқ билди, уни қўллаб-қувватлади.
Ахси ўғлони тахтгирлик ва саркардалик мақомида курашиб, музаффарликка эришиш билангина қаноатланиб яшамади. Унинг қалбидаги яратувчанлик ва бунёдкорлик ҳиссини, руҳини Самарқанд муҳити янада кучайтиргани шак-шубҳасиз. Бесабаб Темурбек ва Улуғбек номларини ёнма-ён қўлламаган. Бобо ва набиранинг боғлари, иморатлари кўз ўнгида ҳадсиз ҳайрат уйғотиб, мўъжизавий мафтункорлиги оғушида бир неча саҳифаларни таърифу таҳсинга бағишлаган. Аввало, бунёдкорлигига батафсил тўхталган. "Улуғбек Мирзонинг йирик иморатларидан Самарқанд қалъасининг ичидаги мадраса ва хонақоҳдир. Хонақоҳнинг гумбази жуда катта гумбаздир; оламда унчалик катта гумбаз йўқ, деб ҳисоблайдилар. Яна бу мадраса ва хонақоҳга яқин бир яхши ҳаммом солдирган, бу Мирзо ҳаммоми сифатида машҳурдир. Унинг саҳнига ҳар хил тошлардан тўшалган, Хуросон ва Самарқандда бундай ҳаммом борлиги маълум эмас. Яна бу мадрасанинг жанубида масжиди Муқаттаъ номли бир масжид солдирган".
Бобур гўёки мусаввирдай манзара яратади. Фақат бўёқдан эмас, сўзлардан. Тасвирлар тиниқ, маъноси тушунарли. Энг муҳими, бир нарсага эътибор қаратмоқчи бўлса, дастлаб у ҳақда хабар беради, кейин батафсил шарҳлайди. Мутолаа жараёнида сатрдан сатрага ўтган сайин кўз ўнгингизда ўша воқелик яққол намоён бўлади. "Улуғбек Мирзо Боғи Майдон деб аталган бир боғ солгандир. Бу боғнинг ўртасида бир юксак иморат қад кўтарган. Буни Чилустун (қирқ устун) дейдилар, икки қаватли, устунларининг ҳаммаси тошдан. Бу иморатнинг тўрт бурчагида минорасимон тўрт бурж (ичи айлана зинали минора) тиклаганларки, юқори чиқиладиган йўллар бу буржлар орқалидир. Бошқа ҳамма жойдаги устунлари тошдан. Баъзисини тошни йўниб, илон ўралган тарзда ўймакорлик билан ишлаганлар. Юқоридаги қаватнинг тўрт томони айвон бўлиб, устунлари тошдан ясалган. Ўртаси чордара (тўрт эшикли) уйдир. Иморат асоси бутунлай тошдан қаланиб ясалган. Бу иморатдан Қўҳак тепалигига қаратиб этакда яна бир боғча солган... Ушбу боғчада яна бир чордара иморат солган, изораси (асоснинг ташқи безаги), бутунлай чиннидан, уни Чиннихона дейдилар. Хитойдан одам юбориб келтирилган". Кўринадики, Улуғбек даврида Самарқанд ҳокимлиги билан Хитой ҳукмдорлари ўртасида яхшигина дўстлик, савдо-сотиқ муносабатлари ўрнатилган экан.
Бобур Улуғбекнинг иморатсозлигини яна бир неча ўринларда эслаб ва таъкидлаб ўтади. "Бобурнома"даги 1502-1506 йиллардаги Хуросон воқеаларида: "Улуғбек Мирзо тоғ этагида боғ-иморат қилиб эди. Боғи Наврўзий номли. Ворисларининг рухсати билан якшанба куни шу боққа келтириб, мен ва Қосим кўкалдош тупроққа топширдик". Кимни дерсиз? Терлама касалига чалинган онаси-Қутлуғнигор хонимни-да. Тақдирнинг туташлигини қарангки, Ахсида яшаб, эри ўлимидан сўнг ягона суянчиғ ўғли – Бобур Мирзо билан бирга юрган волидаи муҳтарамаси Улуғбек барпо қилган боғга дафн қилинибди.
Инсон нимага хайрихоҳ бўлса, ўшанга алоҳида эътиборли нигоҳ ташлайди. Бобур Мирзо шахсида ҳам шундай хусусият бўртиб туради. Чунончи, илму маърифатга, ижодга меҳри баландлиги туфайли Улуғбекнинг астроном-олимлигига, юлдузларни кузатиб уларнинг жойлашишини ўрганишга бўлган саъй-ҳаракатларини батафсил қаламга олади: "Яна бир юксак иморати Кўҳак тепалиги этакларидаги расадҳонадирки, бу зиж битмакнинг масканидир. Уч қаватлидир. Улуғбек Мирзо бу расадхонада "Зижи Кўрагоний"ни тузгандирки, оламда ҳозир бу жадвал амалдадир".
Бобур Улуғбекнинг ўлими ҳақидаги тарихий фожиавий ҳақиқатни ҳам аниқ эслаб ўтади. Падаркушликнинг оқибати уқубатга дучлантиришидан барча шаҳзодаларни гўёки огоҳлайди: «Шоҳруҳ Мирзо жамиъ Мовароуннаҳр вилоятини улуғ ўғли Улуғбек Мирзога бериб эди. Улуғбек Мирзодин ўғли Абдуллатиф Мирзо олди. Бу беш кунлик ўтар дунё учун андоқ донишманд ва қари отасини шаҳид қилди... Агарчи ўзи ҳам беш-олти ой салтанат қилмади, бу байт машҳурдирким:
Падаркуш подшоҳеро нашояд,
Агар шояд ба шаш моҳаш напояд.
Мазмуни:
Отанинг қотили подшоҳ бўлолмас,
Агар бўлса олти ойдан ўтолмас».
Ҳаёт шуни тасдиқлади. Абдуллатифнинг ўзи ҳам аянчли ўлим топди.
Бобур Мирзонинг мемуар асари тарихий ҳақиқатларнинг ёрқин ойнаси сифатида замонлар оша ўз қадр-қимматини наинки сақлаб қолади, балки янада ноёб манбага айланиб бораверади.
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Турон ФА академиги.