Тўлқинжон Бозоровнинг касби ҳайдовчилик. У умр бўйи автомобиль рулини бошқариб келмоқда. Авваллари давлат ташкилотлари ва хўжаликлар машинасида фаолият юритган бўлса, ҳозирда истиқлол даври шарофати билан ўзининг "Дамас"ида йўловчилар узоғини яқин қилмоқда.

Аслида бу ҳақда ҳикоя қилмоқчи эмасмиз. Бизнинг эътиборимизни тортган ҳолат бошқа – Тўлқинжон аканинг гулга шайдолиги. Наманган – Тошкент автомогистралининг Тўрақўрғон шаҳрини кесиб ўтган қисмида қатор "питак"лар мавжуд. Улардан бири ўзгача файзга эга. Шундоққина йўлнинг ўнг қирғоғидаги йўлак билан ёнма-ён жойда баҳордан буён анвойи гуллар барқ уриб ўсаётганидан йўловчилар доимо баҳра олишяпти. Бу мўъжаз гулзорчанинг "эгаси" Тўлқинжон ака бўладилар.

– Эрта баҳор ҳовлимиздан ўндан зиёд турдаги гулу райҳон кўчатини олиб келиб, эккан эдим, қаровиниям бирор кун тўхтатмадим. Мана, кўриб турганингиздек ўтган-кетганнинг кўзларини қувонтиряпти, кўнгилларига озми-кўпми завқ бағишлаяпти. Ўз ишимдан ғоят фахрланиб кетяпман, – дейди Тўлқинжон Бозоров.

Айтишларича, кеча бир аёл боласини етаклаб ўтиб кетаётганида жажжигина қизалоғи ранго-ранг гулларнинг олдида беихтиёр тўхтаб қолибди.

– Ойи, манави қанақа гул? – деб сўроққа тутибди жажжи қўллари билан майда қизил гулу ғунчаларни силаб.

– Қизим, бу хина, – дебди аёл.

– Ие, хина қоғозчада бўлардию?! – Таажжубланибди бола.

Ана ўшанда буни эшитиб турган Тўлқинжон аканинг ўзи тушунтира кетибди:

– Авваллари оналаримиз ва қизларимиз шу гулнинг тана ва шоху баргларини эзиб, кафтларига қўйиб, устидан мато билан боғлаб олишарди. Фурсат ўтиб, кафтларини хина ранги безарди. Болажоним, гулнинг ўзиям, танасиям олам ва одамга гўзаллик, нафосат улашади.

Беминнат гулчига, саховатли қалб эгасига ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди.