(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
Хон ғайратга кириб: "Сан қандоқ муртадсан?" деди. Ул ҳам "Муртад деб сани айтурлар, юртингни поймол қилиб, мусулмонларни оёғ ости қилдинг!" деганда, хон қилич суғуриб, ул ҳам қилич олганда қазоқ аскарлар хонни муҳофазат қилиб, жўнатуб юборди".
Исоқхон тўра рус босқинчиларининг ҳақиқий башараларини очиб ташлаш учун фақат ўзгаларнинг ҳикоятларига таяниб қолмайди. Кўрган-кечирганларини ўрни-ўрнида киритиб, асар мазмунини бойитиб, маълумотлар ишончлилигини ортириб, бизларнинг кўз-ўнгимизда ҳам қайтадан айнан жонлантиришни мақсадга мувофиқ ҳисоблайди. Мамлакат ҳаётида яқин ўтмишда воқеликка айланган мудҳиш дамларни, болалигида шоҳидланган унутилмас лаҳзаларини беихтиёр ёдга олади: "Муаллифи китоб ул вақтда ўн беш ёшимда хату саводим чиққан талаба эдим, бирдан қоч-қоч бўлуб, ҳар ким ўз ҳолига овора бўлуб қиблагоҳимиз ўз ҳолларига қаён кетдилар, билмадук. Бизлар ўз маҳалламиздаги хотунлар, болалар илан қочиб, бир боғда ётдук, то шомғача бу тўпу милтиқ овози, ўқларни бошимиздан овоз илан ўтуб тургани ваҳмида ҳеч ерга чиқолмай, боғда эдик, баногоҳ номози шомда катта кўчаға, дарвозамиз олдиға хабар олмоққа чиқиб эдим, кўчада уюлган қон тупроқ ўртасида ётибдур. Ҳайрон бўлуб туруб эдим, Уста Йўлдош деган киши келиб қолди. Айди: "Ҳой тўрам, қочинг, мана яна отиб келиб турубдур, бул қон Назар панжабоши отининг қони, тез қочинг!" деганда, яна қочиб, турган боғимизга борсам: "Кечаси сизларни бир киши чақирди" дедилар. "Ким экан?" деб боғдан чиқсам, қиблагоҳимиздан келган одам экан. Ул киши Муллакудунгда эканлар. Боруб, болалар асир бўлдиму, ёки отилиб ўлдиму, эсон-омон кўрмак муюссар бўлса эди, деб Юсуфхўжа ва Муҳаммад Зоҳид деган кишиларни юборган эканлар. Алар бизларни олиб кеча илан жўнадук. Қарийб юз адад жон, икки волидамиз, икки ҳамшираларимиз, булар кичик, етти-олти ёшларинда эди, кечалаб бордукки, қиблагоҳимиз Муҳаммад Раҳим Ҳофиз деган ҳалифаларимиз янгида кўча оғзига катта ўт қўюб, хабарга қараб оқ хабар ё қора хабарму ёки ҳаёт кўрмак муяссар бўлур, деб турганларида, бирдан кўчадан чиқиб бордук, ана кўринг, йиғи-сиғи, ҳар ким ўз боласига қулочини ёзуб йиғламоқ, қарийб бир ярим соат йиғлашуб, сўнгра бизларни ва бирга борганларни тўйдируб, фарси аҳвол бўлди. Гўё биз муҳорабадан келганмиз".
Ибрат ҳижрий 1120 санасидан бошлаб Ҳўқанд хонлиги тахтига ўтирганларнинг ҳар бири ҳақида муҳим маълумотлар келтиради. Шоҳруҳхон, Абдулкаримхон, Шодибекларнинг ҳукмронлик даврини хронологик тарзда айтиб кетиш билангина кифояланган муаллиф ХVIII асрдан фарқли равишда ХIX аср хонлари ва улар фаолияти билан боғлиқ воқеаларга анча батафсил тўхталган. Ҳар бир хонга алоҳида ўрин ажратиб, алоҳида сарлавҳа остида фикр юритади. Уларнинг феълу атворига тааллуқли жиҳатларни сира назардан қочирмайди. Ибрат ўзи билганларини тартиблабгина қолмайди. Таҳлил этади, хулоса ясайди, кейин эса қоғозга муҳрлайди.
"Асри Норбўтахон"да: "...Ўн тўрт ёшинда ўтуз олти йил ҳукумат суриб, 1213 йилда вафот этди. Фарғона хонлари ичинда бу зот узоқ давлат кўруб, бу кишидан кўп салтанат сурган киши йўқ. Бу кишини Норбўта валломий дер эканлар... Бу валломийдан Олимхон ва Умархон ва бошқа хотундан Рустамбек номинда ўғуллар бўлуб ва Ҳожи номинда бир биродари қолибдир. Бу Ҳожибек Шералихоннинг атоси Худоёрхоннинг бобосидур". Кейин эса Валломийга нисбат берилишининг сабаблари ҳам айтиб ўтилади. Бу – подшоҳи оми, яъни бутун омма ҳукмдори маъносига мос тушади.
Демак, Исҳоқхон тўра хонларнинг алоҳида фазилатларигача қаламга олганки, ўша замон давлат бошқарувини, халқ кечмишини ҳаққоний тасаввурлашимизга кўмаклашади. Тарихни бўяб-бежаб кўрсатиш аждодларга ҳам, авлодларга ҳам қаттиқ хиёнат эканлигини чуқур англаган муаллиф хонларнинг иллатларигача эътибор қаратади. "Асри Олимхон ибн Норбўтахон" тавсифи анча кескин: "Бу Олимхонни(нг) лақаби Золимхон эди... амакиси Ҳожибекни қатл қилиб, кўп зулмлар чиқарган эдики, ғазабиндан, зулминдан Золимхон машҳур ва маъруф, мункири аҳли тасаввуф эди... қўл берган пирини дарраға ётқузуб эди".
Қарангки, укаси Умархон даврида бутунлай бунинг акси рўй беради. Асарнинг "Асри Умархон жаннатмакон ибн Норбўтахон" қисми бутунлай унинг дин аҳлларига, илм-маърифат ва адабиётга юксак эътибору рағбатига бағишланган. Исботталаб қуруқ баёнчиликдан йироқ асосли фикрларни илгари сургани учун беихтиёр аксарияти адоваткор ҳукмдор тоифасидаги хонларга таққослаб, адолатпешалиги устувор Амирийга (у назми гўзал маънолардан безакланган шоир ҳам эди) ҳайратимизни уйғотади. "Аҳли камол комил муҳаббати ила ва аҳли ҳунар тамоми мувадатти ила ўлиб, айёми ҳангомида Бухоро ва Хива ва Хоразм хонларидан ва Ҳиндистон ва Курдистон каби мамолики баъидадан аҳли фазллар келиб, хизматинда бўлган эканлар ва имтиҳон этган эканлар. Ул асрда шоирлик ривожда бўлуб, шуаролар кўпайган эканлар. Булардан Хотиф, Машраб, Фитрат, Адоий, Акмалхон тўра, Намангандан мавлоно Фазлий ва шоиралардан ҳам неча адад фозила хотунлар бор экан.
(Давоми бор).