ёхуд Ибратнинг ибрати
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).
Муаллиф эзгу ниятига эришиш учун анча заҳмат чеккани кўриниб турибди. Аввало, қадимги китоб – ёдномаларни, маноқибларни синчиклаб ўрганган, кўрган-эшитганларини қайд этиб борган. Ҳеч бир гап, ҳеч бир фикр, ҳеч бир воқеа беасос эмас. Улар "Ажойиб ул-булдон", "Равзат ус-сафо", ("Софлик боғи"), "Тарихи табақот ут-Тоҳирий", "Қомус ул-аълом", "Тарихи Табарий", "Тарихи шоҳи Жарир", "Маноқиби Каъб ул-Ахбор", "Қутадғу билик", "Тарихи фаришта", "Бобурнома", "Панднома" каби Шарқ оламининг дурдона китобларидан далилланган. Яна саёҳатларда, болалигида кўрган-эшитганларидан шаҳодатланган. Натижада, қадимги Фарғонадан ибтидоланган халқ кечмишию хонларнинг тожу тахт курашлари, Русиянинг ғаразли тажовузи, бешафқат босқинчилиги лавҳалари, 20-аср бошларидаги ҳолатлар тафсилоти билан интиҳоланган.
"Фарғона бир шаҳри қадим ва аҳолийи надимдурки, – деб ёзади Исҳоқхон тўра, – аввали Искандари Румийдан ва Қубод ва Афросиёбдан қолгандур... Искандари Румий Аксои шарифда зулумотга ботган вақтларида Фарғона баҳодир деган умароларидан бирини қўйиб кетиб, ул киши обод қилган экон. Ул киши номига мусаммо бўлган дейдур... Нўшировон (адолати билан машҳур подшоҳ – С.С.) отаси Қубод подшоҳ вақти вафотига яқин Туркистон мамлакатини Нўшировон ўғлига тайин қилиб, Фарғонани аксар жойларини ул обод қилгон экан. Қубони Қубод ўзи бино қилгон экон. Фарғона пойтахти ул вақтда Қубо экан. Ва баъзи вақтларда Ахсикент пойтахти бўлгон экон...".
"Тарихи Фарғона"дан арабларнинг ўлкани исломободга айлантириш ҳаракатларига оид анча тўкис маълумотларни топишимиз мумкин. Буни Ибрат "Тарихи шоҳи Жарир" номли назмий китобдан топиб, бизга насрга ўгириб, ҳавола этади: "Исломдан қадим Қубод подшоҳ замонида маркази ҳукумат Қубо шаҳри бўлиб, анда мўғулиялар подшоҳларидан Хушдод дегон қалмоқ ҳукумат суриб, мажуслар қўлинда эди. Андин неча овон ўтиб туруб, сўнгги вақтда Каъб ул-ахбор розияллоҳу анҳу неча минг араблар ила келиб, муҳораба қилиб, охируламр қалмоқ ғалаба қилиб, арабларни намозда қириб, мағлуб қилғондан сўнг улар кетиб, ҳазрат Усмон замонларида Муҳаммад бин Абдуллоҳ Жарир келиб, улар ҳам кўп ерларни исломобод қилиб, Кубода Хушдодни ўлдуруб, андин ўтиб Ахсидаги Ҳурмузни ўлдуруб, андин Косонда бўлган Ахшид дегонни қочируб, Карвонбас дегон тобе бўлуб, ялғон байъат қилиб, охири ул ҳам кўб қалмоқ қўшини илан арабларни қириб, қолгонлари арабистон кетгонларидан сўнг ҳижрий 96-97-йилларда ислом тарафидан футуҳот ўлуб, Имом Қутaйба бин Муслим келиб, Буҳоро тарафда бу мамлакатни бутун исломобод қилиб, бу шаҳарлардан кўб уламо ва фузалолар чиқмиш экон. Булардан соҳиби "Ҳидояи шариф" (Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур асари – С.С) Марғинондан мошоҳир, ўфийундан Абу Исҳоқ ибн Иброҳим Қубодий чиқиб, Султон Маҳмуд Сабуктегин замонида Қубо шаҳри обод бўлиб, Байғу бин Туғон ҳукм суриб, адлу ҳаққоният ила машҳур, сўнгра манғулия қайтадан фитна чиқоруб, хароб бўлгон экон. Анинг кейинги исломобод бўлиши Имом Қутайба бин Муслим тарафларидан бўлғон".
Ибрат ўзи кўп тилни билгани учун арабча китоблардан иқтибосларни арабча, форсча рисолаларидан эса форсча келтиради. Бизнингча, таржима қилиб ёзса ҳам бўлар эдию, аслиятини айнан беришидан китобини хос одамларга мўлжаллаганга ўхшайди. Яъни фақат саводлигина эмас, араб ва форс тилларини яхши ўқиб, яхши тушунадиган билимдонларга ҳеч қийинчилик туғдирмаслигини, улар учун янада ишончли бўлишини, кераксиз шубҳаларга берилмаслигини ўйлаган чамаси. Инчунин, Тоҳир Муҳаммад бинни Имодуддин Сабзаворий (ХVI аср ярми, XVII аср бошларида яшаган)нинг қаламига мансуб "Тарихи табақот ут-Тоҳирий"дан олинган қуйидаги воқеанома айнан форсча қайд қилинган. Лекин биз ўқувчиларга тушунарли бўлиши учун таржимасини келтирамиз: "Хижрий 1035 йили (мелодий 1620 йили – С.С.) Фарғонада кучли зилзила содир бўлган. У вақтда Фарғонанинг пойтахти Ахси эди. Натижада у ерлар вайронага айланиб, бир неча минг кишилар иморатлар остида қолиб кетганлар. Дастлабки кун ер силкиниши 70 мартагача етган ва олти ойгача давом этган".
Зукко мозийшунос қадимги аждодларининг ҳунармандчилигию, унинг дунё савдо-сотиғидаги мавқеигача ўз назаридан қочирмайди. Буюк ипак йўли чорраҳасида яшаган халқнинг тирикчилик машғулоти бобида ҳам рост лафзи билан қалам тебратади. Бу, мазмунан кўпроқ юртдошлари меҳнати маҳсули мадҳига монанд: " Хайр ул-калом, Фарғона бир мамлакати қадим ва аҳолийи надим ўлуб, аввали вақтларда мўғулиядан сўнг эдики, ҳар санада неча минг сўмлик маҳсулот ифак, атлас ва адрас ва беқасам ва шоҳи атроф-акнофга торқолмоқда эди. Бухородан то Ҳиндустон ва Арабистонгача бу Фарғона ашёлари жорий эди. Бу Фарғона аҳлида бир хил калимлари бўлурки, исмини хидиршоҳи дерлар. Қийматда, рангда, маҳкамликда ва тозаликда Кошғару Қипчоқий, Қирғизий ва Қорақалпоқий калимлардан икки чанд баҳода сотилур".
Ана шундай ўлка хонларимизнинг тахтпарастлиги, бемуросалиги, узоқни кўра билмаслиги, халқнинг куч-қудратини назар-писанд қилмаслиги, ўзларининг шахсий ҳузур-ҳаловатларинигина ўйлашлари алал-оқибат осонгина тўзиди. Руссиянинг набатдаги ўлжасига айланди. Хива, Бухоро ва Қўқондек уч хонликнинг ноаҳиллиги, бирининг бирига қўшин тортавериши шаҳри қишлоқларни вайронаю хароба қилиб юборди. Халқига ўз ерида хотиржам тер тўкиш имконини бермаган, жанжалкаш, жаҳолатпарастлар Фарғонани иқтисодий ночор ҳолатга туширди. Бирикмаган бармоқларни навбатма-навбат қайириб синдириш Руссия подшоҳлигига беҳад қўл келди. Бирин-кетин хонликлар мустақиллигидан айрилди ва ниҳоят тўла мағлубиятга учради.
(Давоми бор).