(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).
Қатл қилишдек жирканч ниятларига етишолмадию, барибир унинг жасадини ҳам қайтаришмади, таҳқирлашди. Қабрини номаълумлар қаторига қўшиб юборишди...
Саксон етти йил илгари қатағон қурбонлари қаторида орамиздан йўқотган Ибрат бобомизни истиқлол йилларида яна топдик, қадр-қимматларини ўрнига қўйиш бобида Юртбошимиз раҳнамоликларида амалга оширилаётган эзгу ҳаракатлар ҳозирда ҳаммамизнинг кўнглимизни чоғлаб, кўксимизни тоғлаб турибди. Шавкат Мирзиёев айтганларидай: "Наманган қадимдан кўп-кўп истеъдод эгаларининг парвозига қанот берган илоҳий бир макондир. Бу кўҳна юртда туғилиб ижод қилган Маҳдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий, Нодим Намангоний, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода сингари шоир ва маърифатпарварларнинг номларини халқимиз ҳурмат билан тилга олади".
Янги китобимни "Ибратнинг ибрати" деб номлашимоқ мақсад-муддаомни аёнлаштиради. Бундан 117 йил муқаддам ҳўқандлик биринчи ўзбек фотографи, шоир, публицист, маърифатпарвар Мираъзам Иброҳим ўғли – Иброҳим Даврон (1874-1922) Тўрақўрғонда туриб, бутун Туркистонга танилган ҳаммаслагини жонкуярлик билан барчага намуна қилиб кўрсатгинини эсга олмасдан ўтиб бўлмайди. "Ҳақ сўз" мақоласида: "...тўра жаноблари арабча, туркча, форсча, ҳиндча, русча лисон билуб, яна русча, французча, арманича ва бошқа хатлар ёзмоққа яна моҳирдурлар. Баъзи ихтиролари ҳам бордур. Бу сўзимдин мурод Исҳоқхон тўрани элга танитмоқ ёки хушомад қилмоқ эмас. Балки шу қадар инсония жамъ бўлган бир одамни мамнуъи бутун вилоятда бўлунмагани учун инсониятда адм ул-мисол эканини маданият ҳурмати учун ёзмоқ қаламимга малол келмади. Ва мунча фазойили инсонияси орасиндаги ошиқона ва ҳақирона ва гиряхезона шеърларини таъдид қилмоққа ҳусулим бўлмади. Йўқса, бир неча газетага ёзсам-да, ҳануз итмомиға еткузмоқ мумкин бўлмаз. Мана ислом эътиқодли, фаранг фикрли, оврўпа қиёфали, мўмин инсон. Раҳмат анго!"
Юқоридаги таърифлар берилганида ҳамюртимиз эндигина 46 ёшга борган эдилар. Ҳали қиладиган ишларию ёзадиган асарлари учун Аллоҳ яна 29 йил умр берганини унутмаган ҳолда бемалол хулоса ясай оламизки, у серқирра фаолият, серқирра ижод, серқирра дунёқараш соҳибидир. Умри мобайнида илм эгаллади, илм яратди, илм тарғиб қилди. Олам кезиб, миллати учун керакли янгиликларни ўрганди. Керакли янгиликларни келтирди, керакли янгиликларни амалда қўллади. Том маънода ҳам назариётчи, ҳам амалиётчи маърифатпарвар сифатида юксак мавқега эришди. У тилшунос бўлиб луғат тузди, ёзувлар тарихидан сабоқлантирди, у шоир бўлиб шеърлар ёзди, у ўқитувчи бўлиб болаларга таълим-тарбия берди, у матбаачи бўлиб китоблар чоп этди, у журналист бўлиб газета-журналларга мақолалар битди, у тарихчи бўлиб мозий ҳодисаларидан бизларни бохабар айлади, у жамиятшунос бўлиб замон тутумларини таҳлиллади, фойда-ю зиённи фарқлашга ўргатди, у ҳуқуқшунос бўлиб адолат тантанаси учун тинмай курашди.
Биз китобимизда юқоридагилар ҳақида бир мунча батафсилроқ ҳикоя қилишга, энг муҳими, илгари бошқа муаллифлар томонидан ёзилганлардан ташқари янги-янги маълумотлар беришга интилдик ва изландик. Ниятимиз холис. Ҳамюртимизни ҳаёти ва ижодий фаолияти тарғиботини маълум маънода тўлдириш, ҳозирги кун кишилари, айниқса, истиқлол даври ёшлари учун сабоғу ўрнак жиҳатларини янада ёрқинроқ кўрсатиб ўтиш, бу билан улуғ инсонга тумандош ва издошлик бурчимизни аввалгидан кўра ҳам фаоллаштириш илинжи қўлимизга қалам тутқазди. Ҳар ишнинг аълолиги ортида нуқс бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шуни яхши тушунган ҳолда, сиз ўқувчилардан китобдаги камчиликлари учун олдиндан узр айтишни ҳам ўзимизга фарз деб биламиз.
ЎЗИГА ХОС ТАРИХИЙ ФАРҒОНАНОМА
Бугун – кечанинг эртаси, эртаси деймизу, бугун эртанинг кечаси ҳамдир. Худди шундай беинкор ҳаётий ҳақиқат инсонни ўтмишу келажак билан кўзга кўринмас ришталар орқали боғлаб тураверади. Бусиз тараққиётнинг ўзи йўқ.. Тарих – ўтмишга айланган узоқ ва яқин кечаги кунларнинг бағрида яшайди. Тарих бизга "нуроний" устоз, сабоқчи, агар китоблар қатига муҳрланиб қолган бўлса. "Тарих ўргатади, тарих огоҳ этади. Айни пайтда тарих бизга тўғри йўлни танлашда маслаҳат беради, – деб уқтирар эдилар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов. – Бундан олдинги замонларда қандай воқеалар бўлганлигини, улардан қандай хулосалар чиқариб, қайси хатоларни такрорламаслик кераклигини ва қайси йўлдан олдинга бориш лозимлигини ким ўргатади? Албатта, тарих ўргатади. Дунёда бундан ҳам ўткир ва таъсирчанроқ бошқа бирон куч борми? Менимча, йўқ". Бу эътирофу таъкидлар жуда-жуда ўринли. Сиз билан бизни мозийни ўрганишга, мозийдан сабоқланишга, мозийга қат-қат китоблар мутолааси ила "саёҳат" қилишга ундайди. Ахир қанчадан-қанча тарихий рисолалар ёзилган. Уларнинг бир қисми замона зайли туфайли кечикиб бўлсада, чоп этилмоқда. Бадиий ифодага ўраб айтадиган бўлсак, китоблар бағрида юз йиллаб, минг йиллаб "ухлаб" ётган тарихий ҳодисалар, тарихий шахсларга энди-энди қайтадан жон ато этиляпти. Худди Исҳоқхон тўра Ибратнинг "Тарих-и Фарғона"сидек.
Мазкур рисола 1916 йилда битилган. 1925 йилда хаттот Иноятхон Тўрақўрғоний томонидан кўчирилган нусхаси 75 йил қўлёзма ҳолида кўп сонли ўқувчисини кутди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик қўлёзмалар институти хазинасида сақланиб ётди. Ҳатто қатағон қурбонига айланган муаллифи оқлангандан сўнг ҳам 35 йилча унга қизиқиш билдириб-билдирилмади. Ва ниҳоят Ўзбекистонда ҳуррият тантанаси туфайлигина "Тарих-и Фарғона"га олимларимиз беҳадик назар ташлашига имкон туғилди. Мустақилликнинг илк йили сўнгидаёқ – 1991 йил 13 ноябрда китоб қилиб босишга рухсат этилди. "Камалак" нашриётида "Мерос" туркумида Абу Тоҳир хожанинг "Самария", Наршаҳийнинг "Бухоро тарихи", Баёнийнинг "Шажараи Хоразмшоҳий" асарлари қаторида 100.000 нусхада тўплам шаклида мухлисларга етказилди. Бу эзгу ҳаракатларнинг бошида таниқли мозийшунослар – "Тарих-и Фарғона"ни чоп этишга тайёрлаган Ҳайдарбек Бобобеков ва Маҳмуд Ҳасанийларнинг меҳнатлари алоҳида эътиборга лойиқ. Чунончи, "Тарихимиздаги қонли излар" деган ўзига хос сўзбоши ва изоҳнинг уйғунлиги беҳад мақсадга мувофиқ ҳолатда берилган.
(Давоми бор).