Маълумки, XIV асрнинг иккинчи ярмидан XVI асрнинг бошларигача бўлган вақт – Темур ва темурийларнинг ҳукмронлик даври сифатида Марказий Осиёнинг тарихида муҳим тараққиёт босқичи ҳисобланади. Бу пайтда Мовароуннаҳр ва Хуросон ижтимоий ривожланишнинг барча соҳаларида дунёга танилди. Шундай буюк юксалиш биринчи навбатда Амир Темур номи ва фаолияти билан ҳар жиҳатдан узвий боғлиқдир.
У бундан 688 йил муқаддам Кеш вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида туркий беклардан бўлмиш Тарағай Баҳодир оиласида таваллуд топди. Темур болаликдан билимдон, мард ва жасур бўлиб улғайди. Ниҳоят қудратли ҳукмдор даражасига етди. Амир Темур Чингизхон авлодлари зулми остида деярли бир ярим аср давомида эзилиб келган Марказий Осиёни озод этиб, хонларнинг ўзаро низолари оқибатида иқтисодий хароб ҳолга тушган ўз ўлкасида марказлашган қудратли давлат барпо қилди. Юртни ижтимоий-иқтисодий, маданий юксалиш йўлига йўналтириб юборди. Сўнгра ўзининг ғолибона юришлари билан улкан ҳудудда адолатли ҳукмдор сифатида ном қозонди.
Тарихчи олимларимиз таъкидлашганидек, Амир Темурнинг ўз мамлакатида олиму фозилларни атрофига тўплаб, улар билан кенгашиб, бамаслаҳат иш олиб боргани, маърифат ва диннинг, маънавиятнинг уюштирувчи, илҳомлантирувчи, тарбияловчи кучига қатъий ишонгани, бошқа мамлакатлар билан иқтисодий-маданий алоқаларга катта эътибор бергани беҳад тахсинга лойиқ. Энг аҳамиятлиси, мамлакат бошқарувини аниқ қонунлар асосида олиб борган. "Темур тузуклари" шундан далолат беради.
Бобомизнинг бунёдкор шахс эканлиги барчамиз учун ғоят ибратлидир. "Бизнинг қудратимизга шубҳа қилганлар қурган биноларимизга қарасинлар" деган гапни бежиз айтмаганлар. Нафақат бинолар, қатор-қатор боғ-роғлар бунёд этганликларини ҳам яхши биламиз.
Янги Ўзбекистонимизда Президентимиз раҳнамоликларида шундай бунёдкорлик ишлари йилдан-йилга изчил олиб борилмоқдаки, бу буюк бобомиздан ўрнак олиб, элу юрт ободончилиги учун бир тану бир жон бўлиб тер тўкаётганимизни яққол кўрсатади. Биргина бизнинг Наманган вилоятимиз улкан қурилиш майдонига айланиб кетди. Катта-кичик саноат корхоналари, йўллар, маданий-маиший, савдо, овқатланиш бинолари, қатор-қатор турар жойлар қад ростлаяпти.
Яқинда Президентимиз вилоятимизга ташрифлари чоғида гўзал Наманганимиз, меҳнаткашу фидойи наманганликларимиз шаънига жуда-жуда муносиб, илҳомбахш гапларни айтдилар. Халқимизни янада руҳлантириб юбордилар.
Биз Амир Темур каби бунёдкор ва донишманд аждодларимизга муносиб авлод бўлишимиз билан Янги Ўзбекистонимиз равнақига катта ҳисса қўшаверамиз.
Бурҳониддин НИЗОМОВ,
I даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак
нишони соҳиби.
Умаржон ҚЎЛДОШЕВ,
Тўрақўрғон тумани "Баркамол авлод" ёшлар маркази
директори.