Улуғ аждодимиз Ибрат тахаллусини ўзига бежиз танламаган экан. Унинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда, десак адашмаган бўламиз.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

 

ИЛДИЗИГА ТОРТАДИ ДАРАХТ

(Муқаддима ўрнида)

Халқимизнинг ҳар нақли чуқур ҳаётий ҳақиқат замирида етилади, сўнг тилдан-тилга, дилдан дилга кўчади. Юқоридаги ҳикматона гапга келсак, у ҳам зоҳирий ва ботиний маъно-моҳиятга эга. Авлодлар шажараси бесабаб дарахт тимсолида тасаввурланмайди. Иккисида ўхшашлик уйғун. Дарахтларнинг умрбоқийлиги, серсалобату сершохлиги илдизига боғлиқ бўлганидай, авлодларнинг камоли кўп жиҳатдан аждодларига бориб тақалиши табиий. "Бунинг асли қонида бор-да, ота-боболариям улуғ зотлар бўлишган" деган гаплар иқтидори баланд, салоҳияти юксак кишига тааллуқлилигини ким ҳам инкор эта оларди. 1862 йилнинг айни Наврўз айёмида Жунайдуллоҳ хожа Суннатуллоҳ хожа ўғлининг хонадонида қутлуғқадам зурриёт таваллуд топди. Бу зотларнинг асл наслу насаби Туркистоннинг шайхул машойиғи Нақшбандий тариқатининг машҳур пири муршиди Аҳмад Яссавийга туташади. Катта бобо ҳисобланмиш Неъматуллоҳ хожа эшон Аҳмад Яссавийнинг инилари Садр хожа авлодларидан. У 18 асрнинг иккинчи ярмида Туркистондан Наманган заминига келиб ўрнашганлиги бизларга аён. Зукко тарихчи, арабшунос ҳамюртимиз Аҳмадхон Убайдуллаев маълумот берганидек: "Муллакудунг қишлоғидан (Наманган туманидаги – С.С.) сал юқорироқда жойлашган ва ҳозирда қабристон бўлиб турган жой ўша пайтларда Қозоққўрғон дейилган. Бу кўҳна қабристонда пастаккина қилиб қурилган кичкина гумбазли бир мақбара бор. Бу мақбаранинг ёнгинасида атрофи панжаралар билан тўсилган бир неча қабр мавжуд. Ундаги қабр тошида эса қуйидаги сўзлар ўйилган (тошдаги ёзувлар араб тилида бўлгани учун унинг таржимасини берамиз). Бу қабр яхши ҳислатлар ва одатлар ҳамда кароматлар эгаси, етук ва комил Шайҳ Неъматуллоҳ Эшони Туркистонийникидир.  У киши ҳижрий 1251 (мелодий 1835) йилда вафот этдилар...".

Энди чақалоққа қайтсак, унга энг қувончли, яъни олам ва одам яйраб-яшнайдиган шодиёна кунда дунё юзини кўргани учун Исҳоқ исмини монанд билишди. Бу атама – кулги, кулувчи, хандон, кулаётган маъноларини англатади-да. Улғайгач, халқ ҳаётига хурсандчилик киритиш, одамни одамдай яшамоғи зарурати  илм-маърифатни эгаллашига кўмаклашишни ўз умрининг мақсад-мазмунига айлантира олган Исҳоқхон тўра Ибрат буюк шажарага чинакамига муносиблик мақомига эришди. Мазкур "Шажара" битикни ўғиллари Ротибхон Исҳоқов кўз қорачиғидек асраб-авайлаб юрганлар. Ахир 30-йиллардан 50-йилларнинг бошларигача давом этган бешафқат қатағон йилларидан уни омон олиб ўтишнинг ўзи бўлармиди. "Халқ душмани"нинг фарзанди сифатида туҳматтам­ға билан жабр­лаган, Шўролар жамиятининг қўрқув салтанати шароитида Ротибхон акага эртанги ёруғ кунлар умиди журъату куч-қувват бергани тайин. Қачонки, мустақиликка эришилгач, мусулмон оламидаги одат-анъана – етти пуштини билмоқларини таъминловчи авлодларнинг маънавий бебаҳо занжирбитик – "Шажара"ни топишга ва ўқишга муяссарландик. Унинг янада қимматли экани – Исҳоқхон тўранинг ўз қўллари билан сулс ҳуснихатида қоғозга безакли муҳрланганидадир.

Ибрат исми жисмига мос ҳаёт кечирди. 75 ёшида (1937 йилда) умр шамини сўндиришди. Боиси, халқнинг дардини чекиб, унинг меҳри эътиборига сазоворланган, миллатни мудроқликдан қутултириш, илм-маърифат билан кўзини очишга бор билими, истеъдоду куч-қувватини бағишлаган таниқли инсонларни ҳар қандай йўл билан маҳв этишга ўрганган мустамлакачи мустабидлар Ибратнинг ҳаттоки нуронийлигини ҳам заррача эътиборга олмадилар. Пашшадан фил ясаб, сохта туҳматлар тўқишиб, халқ дўстини "халқ душмани"га чиқаришди, турмага тиқишди.

(Давоми бор).