Қутлуғ айёмга бармоқ билан санарли кунлар қолди. Лекин унинг муждаси келиб улгурди, кўнгилларимизни ажиб ҳислар қамрамоқда. Ҳаяжону энтикишларимиз навбаҳорнинг севинчбахш нафосатидан. Ассалом, эй она табиатнинг сулув бекаси, фарахли Наврўз! Ассалом, эй деҳқон баҳорининг наҳори – муаззам Наврўз! Она юртимга хуш келдинг, қадамингга ҳасанот! Ахир сенинг ташрифинг бу гал ўзгача шукуҳга, ўзгача тароватга тўла. Аҳли мусулмон халқимиз рамазон ойини бошлаб юборди. Кундуздан-да оқшомлар файзли, фарахли. Ифтор дастурхони тўкин, каттаю кичик ибодатли, тиловатли, шукроналарга лиммо-лим қалбларимиз ҳаловатли. Кўз тегмасин, ҳурлигимизга, толе саодатимизга.
Наврўзим, сенинг таърифингда тоғ-тоғ "оқ олтин" хирмонлари-ю, омборлар тўла дон-дунлар, ширин-шакар мевалар, таъми-тотли сабзавотлар дараги мужассам. Ахир келинлар либосидек ял-ял ёнган оппоқ, сариқ-қизил ва пушти ранглардан камалак нусха товланиб турган бодом, ўрик, олча-ю шафтоли каби ўнлаб неъмат дарахтлари шохларида сенинг нафасинг, сенинг ифоринг уфура бошлади.
Эҳ-ҳа-а, она юртимиз, она халқимиз Наврўзни нақадар хуш кайфиятда қаршиламоқда. Унинг бепоён дала-даштлари, боғу роғларига, фароғатли хонадонларию, ҳусну тароватли шаҳру туманлари, маҳаллаларига қут ва барака, саховат ва ҳикмат, оқибат ва иймон, байнамилал иродаю, покликка бурканган Наврўзбека ташриф буюрмоқда. У дошқозонларда шарақлаб қайнаётган сумалагу ҳалимлар, тандирларда олов тафтидан пўрсиллаб пишаётган кўк сомса-ю кўк патирлар соҳибалари – қиз-жувонлар, мунис онахонлар куйлаётган алёрларида, саҳар мардондан кўмакчи фарзандларини, ҳамюмуш қўшниларини далага чорлаётган деҳқонларнинг қутлуғ қадамларида, одамлардан кечроқ уйғониб, юзлари ҳижолатдан лов-лов ёнаётган қадрдон қуёшнинг ўз баркашидан курраи замин бағрига саховат нурини аямай тўкиши-ю кўзларни қамаштиришида файзиёб олтин кузнинг бизларга ҳали инъом этадиган ризқ-рўз неъмаларидан дарак бераётган бўлса не ажаб!
Кўряпсизми, кечагина қиш уйқусида мудраган далалар қўйнида бугун тракторларнинг баҳорий ҳаракати авжида. Кечагина оппоқ қорлардан ларзон бўлган дарахтларнинг шохларида бугун ҳадемай ширин-шакар меваларга айланувчи гулу ғунчалар тизим-тизим.
Кечагина Президентимизнинг халқимизга кўтаринки руҳ, қатъий ишонч бағишловчи режалару дастурлар ҳақидаги таъсирчан сўзлари мўътабар халқимизнинг кўнглида кечаётган эзгу нияту орзуларига қанот бермоқда. "Ҳашар – элга ярашар" деган нақлнинг ҳаётий ифодаси маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида яққол намоён бўлмоқда. Бозорларимизда кетмону ўроқ, боғқайчию чопқи савдоси қизғин. Қазноқлардаги ризқу зироат етиштириш учун зарур анжомларнинг энди занги тўкилади. Ерни юмшатишга, ариқларни лойқаю, хор-ҳашакдан тозалашга асқотади улар. Янги ниҳоллар билан яшил маконларни тўлдиришга нима етсин. Кўркамлик кўнгилни жуда-жуда яйратади, тоза ҳаво – танга даволигини айтмайсизми.
Она табиат, сенга минг бора таъзим! Бағрингда инсонларни яшатиб қўйганингга, дов-дарахтларни, майса гиёҳларни яшнатиб қўйганингга қайта-қайта шукурлар бўлсин! Наврўзимиз шукуҳидан дил-баҳримиз очилаверади, тилларимиздан чиройли мадҳу наволар сочилаверади. Олдингда қарзимиз ҳам кўп, фарзимиз ҳам кўп ҳамиша. Шундай экан, биз сени асраб-авайлаймиз, меҳримизни ҳеч қачон дариғ тутмаймиз. Наврўзимизнинг ўзи бизларни бутун борлиғига боғлаб, мафтун этиб, ҳайратга солиб, янги кунда дилларимизни янги ниятларга, танларимизни янада куч-қудратга тўлдираверади.
Акмалжон МЎМИНОВ,
Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби директорининг
маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.