ёхуд ҳамюртларимизнинг ибратли ишлари кўнглимизни фахрларга тўлдиради
Ўзбек халқи илму-маърифатда, касбу ҳунарда дунёда ҳеч қайси халқдан кам эмас. Дину иймонда, эътиқодда собитлиги ғоят ибратли. Азиз-авлиёларимиз кўплигининг ўзиёқ дилларимизга мунавварлик бахш этади. Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотрудий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳдуми Аъзам каби қатор буюк диний алломаларимиз жаҳон мусулмон аҳлига азалдан маълуму машҳур. Тилшунос бобомиз Маҳмуд Замаҳшарийнинг араб тили грамматикасини ёзиб бергани янада ҳайратомуз.
Бундай ўйлаб қарасак, тарихнинг биз билмаган сиру синоатлари, аждодларимизнинг авлодларимизга ибрат бўлишга арзирли эзгу хизматлари кўпдан-кўп экан. Яқинда ижтимоий тармоқларда кўнгилларимизни фахрга тўлдирувчи яна икки хушхабар ёйилди.
Ёзилишича, мусулмонларнинг ҳаж ва умра қиладиган жойи – Каъба ҳозиргача 14 марта таъмирланган экан. Каъбанинг пайғамбаримиз давридаги эшиги Туркиянинг Истанбул шаҳридаги музейида сақланаркан.
Келтирилган маълумотларга кўра 1943 йили Абдулазиз ибн Сауд қимматбаҳо эшик ясатган. Унинг баҳоси 30.000 риёлга борган. 1977 йили подшоҳ Фаҳд ибн Сауд тилла эшик ясаттирган. Ҳатто унга ўймакорлик санъати билан оятлар ёзиш танловини ўтказган. Танловда 1927 йили Ўзбекистоннинг Тўрақўрғон қишлоғидан бориб қолган Абдураҳмон қори ғолиб чиққан экан. У подшо томонидан тилла эшикка нақш-хат битиш учун таклиф қилинган. Абдураҳмон қори ҳеч қандай ҳақ олмай, чин кўнгилдан бу юмушни аъло даражада уддалаган. Подшога иши маъқулу манзур тушгач, хизмат ҳақини бермоқчи бўлганида, у ҳиссаси беминнат эканини мамнун кайфиятда айтади. Фақат рухсат этилса, тилло эшикнинг бир четига "Абдураҳмон Намангоний" сўзлари битиб қўйилса" деган илтимосни тилга олади. Подшо аввалига рўй-хуш бермайди, кўнмайди. Кейин ўйлаб кўриб, розилик билдиради.
Биз бундан яқинда хабар топгач, тўрақўрғонлик Абдураҳмон қорининг авлодлари бормикин? – деган хаёлда сўраб-суриштиришга тушдик. Бор экан. Абдураҳмон ҳожининг ўғиллари Иноятхон қори бўлиб чиқди. У зотдан Носирхон ва Икромхон сингари зурриёдлар бўлган. Ҳозирда Тўрақўрғонда яшаётган Икромхон бобосининг бетакрор юксак эътиқоди-ю баланд иқтидорини шаҳодатловчи тарихий янгиликни эшитиб, хурсанд ва мамнунликдан гўё боши кўкка етди. Шундай эзгу амалларнинг бажарувчиси бобоколони бўлганидан бениҳоя фахрланди.
Иккинчи хушхабар ҳам биз – наманганликлар учун ғоят қимматли. Яхши биламиз, кисва – Каъба пўшдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) 630 йилда Маккага келганларида Каъба устидаги кисвани кўриб, Ямандан келтирилган матодан янги кисва ёптирган эканлар. У вақтда кисва ҳамиша хориждан олиб турилган. Ҳар йили Қурбон хайити, ҳаж мавсуми олдидан янгисига алмаштириш одат тусига кирган экан. 1938 йили Саудия подшоси Абдулазиз мутахасисларни атрофига чорлайди. Энди кисвани шу ернинг ўзида тайёрлаш маслаҳатини беради. Ана шу пайтдан Макка шаҳрида бу ишга киришилади. Ҳамюртимиз Аббосхон қори Абдулҳамид қори ўғлининг омадини қарангки, подшо ҳузуридаги ўша машваратга чақирилган экан. "Масжиди ҳарам" чироқбони вазифасини адо этиб юрган Аббосхон қори подшонинг таклифини тинглагач, сўзлашга рухсат сўрайди. У "Мен муҳожирман, Ватанимда бўз, алак, реза тўқиганман, агар изн берсангиз, шу ерда цех қуриб, кисва тўқишга ҳаракат қилсам" дея мурожаат қилади. Рухсат этилгач, у бутун кучу маҳоратини ишга солиб, зиммасидаги вазифани сифатли адо этишга уринади. Қурбон ҳайитигача охирига етказиб Каъбага борган ҳожилар кўз ўнггида янги кисвани кийдиради. Ҳамюртимиз подшо рағбатига сазоворланади. "Кисватул Каъба" номли фабрика очади.
Айни маҳалда ҳамюртимиз Аббосхон қорининг фабрикасида йилига 3 та кисва тайёрланар экан. Иккитаси Мадинадаги Расулуллоҳ қабрлари устига, биттаси Каъбага ёпиб келинади. Мазкур маросимда подшо қатнашиши одатга айланган. Подшо қори ва ҳунарманд юртдошимизни улуғ зот сифатида Саудия фуқаролигига қабул қилганлигини ҳам эшитганмиз.
Ўзбек – ёруғ олам саҳнида ўз ўрни, ўз мавқеи бўлган миллатлар қаторида туради. Мусулмон дунёсида Ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси ҳам ўзига хос бетакрору бардавомлиги ҳар қанча эътирофларга арзийди.
Раҳмонберди РАҲИМОВ,
Тўрақўрғон туманида яшовчи меҳнат
фахрийси, "Олтин мерос" жамғармаси фаоли.