Одина Ҳабибулло қизи Убаева 1967 йил 14 июлда Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги Қурама қишлоғида туғилган. 17-умумталим мактабида таълим олган. Ўқувчилик чоғларидаёқ бадиий ижод билан шуғулланиб келган. Шеър ва мақолалари кўплаб даврий нашрларда чоп этилган. "КЕЛМАС ЁР" ва "ТОНГЛАРГА АЙТАМАН ТИЛАКЛАРИМНИ" номли шеърий китоблар муаллифи.

Ҳозир нафақада. 2 нафар фарзанди ва 3 нафар набираси бор.Шоиранинг шеърлари халқчил ва содда тилда, бироқ ўзгача маъно ва мазмунга эга. Шеърларида кишини ўйга толдирадиган сатрлар борки, бу унинг ички кечинмаларидан келиб чиққан туғёнлар эканлиги яққол сезилиб туради.

 

ЙИҒЛАДИМ

Боладай йиғлайман тиймай ўзимни,

Шилдим, қизартирдим икки кўзимни,

Ҳижрон сарғайтирган иссиқ юзимни

Совуқ майсаларга босиб йиғладим.

 

Кулиб яшираман каму-кўстларим,

Орим тўкилмасин дейман кун сайин,

Дилсиз кўринади боқсам дўстларим,

Дилимни қоғозга ёзиб йиғладим.

 

Ғамлар келаверар ғамлар устидан,

Ўзимни йўқотдим толе қасдидан,

Ҳаддини билмаган дардлар дастидан,

Гоҳида ҳаддимдан ошиб йиғладим.

 

Йиғладим енгиллаб қолмади дардим,

Хазондек тўкилдим, эрта сарғайдим,

Ташлаб кетдингиз-а мени номардим,

"Мард"лар назаридан қочиб йиғладим.

 

ДИЁРИМ АЁЛЛАРИ

Кўзларимга суртай ғубор-гардингизни,

Ўзим олай қанча бўлса дардингизни,

Бирдек кўриб ардоқлайман барингизни,

Диёримнинг дилга яқин аёллари,

Ўзбегимнинг гулга қиёс аёллари.

 

Ҳаё-ибо сизга йўлдош азал-азал,

Ой деса ой,кун деса кун каби гўзал,

Мадҳингизга ёзажакман ўтли ғазал,

Диёримнинг дилга яқин аёллари,

Наманганнинг тили ширин аёллари.

 

Ҳар бир ишга қодир қадоқ қўлларингиз,

Эзгуликка ошно эрур дилларингиз,

Тонгдек оппоқ-Ойдин бўлсин йўлларингиз,

Диёримнинг дилга яқин аёллари,

Учқўрғоннинг эҳ дарёдил аёллари.

 

Ойдина УБАЕВА.