(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).

"Афғон шамоли"да асосан ўтган асрнинг 80-йиллари охирлари 90-йиллар бошидаги ҳаёт қаламга олинган. Воқеалар Марказий Осиё­да, Россияда, Афғонистонда, Туркияда, Покистону Арабистонда рўй беради. Наркобизнесчилару диний-экстремистик террорчиларнинг кирдикорлари-ю, асл башараси очиб ташланган. Ёзувчининг журъату маҳорати уйғунлашиб, ҳаётий ҳақиқатлар жуда ишонарли ифодаланган. Салбий образларга кўпроқ урғу берилгани ҳам табиий. Ўша пайтлари турли гуруҳлар, ваъз­хонлар кўпайган, вазиятдан фойдаланиб қолиш илинжида бўлар-бўлмас ваъдалар бериб, халқнинг бошини айлантираётганлар бир дунё эди. Сотқинлару ватанфурушлар қонундан қочиб қутулмоқ учун юртни тарк этиб, Афғонистон тоғларида макон қуришди, ҳомийлари пинжига киришди. Исоқжон Нишоновнинг салбий қаҳрамонларидан бири Эргаш Одилов афғон муҳожирларига асир тушган, душманнинг малайига айланган.

Одам қанчалик ёвузлашмасин, бари бир киндик қони томган тупроқни, болалиги кечган гўшаларни унутолмайди. Ватан ҳисси уни сира-сира тинч қўймайди. Мана ўша бошқалар юрагига қўрқув ва даҳшат солган қотил, ярамас Эргашнинг армонлари: "Ватанни ташлаб чиққанимдан кўп бор пушаймонман... қандай қилайки, ҳамон олисдаман. Туғилиб ўсган қишлоғимни ҳар куни эслайман. Болаликдаги оғайниларим кўз олдимга келади. Қанотим бўлса-ю, учсам. Юрган йўлларимни, чўмилган анҳорларимни, мева териб еган боғларимни кўрсам. Худо билади, менинг жоним узилганда жасадим қаерга қўйилади? Қабримнинг тайини бўладими, отам деб, жигарим деб, бирор кимса қабрим устида Қуръон тиловат қиладими?! Одам Ватан қадрини Ватандан йироқ юрганда ҳис этар экан." Қанчадан-қанча юртдошларнинг бошига етган Эргаш тинчгина кўз юмишга ҳақли эмасди. Исоқжон Нишонов ватанфуруш тўдабоши, халқимизнинг бу ашаддий душмани ўлимини тасвирлар экан, унга асло ачинмаймиз, аксинча, Ватан шундай хоиндан қутулганидан суюниб, кўнглимиз хотиржам тортади.

Тан олиш жоизки, насримизда Бўрон образи ўзига хос янги қаҳрамон, уни ўзбек разведкачиларининг умумлашган тимсоли деса ҳам бўлади. Бўрон ниҳоятда қалтис вазиятда, оғир шароитда иш олиб боради. Қандай бўлмасин, ҳатто ўз жонидан кечса-да, зиммасидаги махфий топшириқни бажариш – унинг бош мақсади. Хуфия хизматлар, жосуслар, айғоқчилар ҳақида китоблар кўп. Лекин миллий адабиётимизда кам эди. Бўронни муаллиф қанчалар меҳр билан тасвирлаган бўлса, китобхон ҳам уни шунчалик суюб қолади.

Адиб Исоқжон Ахсикатий дипломига кўра филолог-муаллим, мактабда, радиода, газетада ишлади, Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, Турон ФА академиги. Ҳавасга лойиқ қаламкаш, оилапарвар, фарзандпарвар ва дўстпарвар ҳазрати инсон у. Нурли ва омадли кунлари аллақачон келган. Етмиш ёшнинг остонаси дўстим учун шодликларга тағин ҳам бой бўлди. "Афғон шамоли"нинг дастлабки учта жилди рус тилида босилди, мутаржим – профессор Қодиржон Носиров. Олтинчи Халқаро китоб фестифалига бериб, 18-23 апрель кунлари (2023) Остона шаҳрида қозоқ дўстларининг меҳмони бўлди. Исоқжон бу танловда йигирмадан зиёд сара асарлари билан қатнашди ва ғолиблар сафидан жой олиб, ёрлиқлар, нишонлар, туҳфаларга муносиб кўрилди. Таъкидлаш ўринлики, Қозоғистон пойтахтида ўтган нуфузли бу анжуманда жаҳонга машҳур шоир-ёзувчилар, Евросиёнинг 51 мамлакатидан 150 дан ортиқ бақувват ноширлар иштирок этишганди. Исоқжон ҳозиргача ўша унутилмас таассуротлар қанотида парвоз қилиб юрибди.

– Фестиваль меҳмонларидаги ўзбек китобларига бўлган катта қизиқиш мени ниҳоятда қувонтирди, – дейди адиб. – Айниқса, "Янги Ўзбекистон" нашриётининг асарлари кўпчиликка маъқул келди. Тадбир ташкилотчиларидан Нурлан Исабеков ("Фоилант" нашриёти директори) "Афғон шамоли" эпопеямнинг 1-14-жилдларини, туркия­лик Муҳаммад Афанди ("Introtema" вакили) "Иймон ва муҳаббат"ни, Москва давлат кутубхонаси вакили "Афганский ветер"ни она тилларида чоп этадиган бўлишди. "Самода чақнаган юлдуз" ва "Миллат виждони" романларимни Остонадаги Пушкин номли кутубхона босиб чиқармоқчи. Таниқли мутаржим Айгул хоним эса "Абайнинг муҳаббати" номли қиссамни қозоқчага таржима қилиш истагини билдирди. Булар учун мен доимо Худога шукур қиламан.

Исоқжон Ахсикатийнинг қизиқарли қисса-ю романлари сарғаймасдан сотилиб, дарров қўлма-қўл бўлиб кетаверди. Адабиётда рекорд деган даража ё марра бор-йўқлигидан қатъий назар, Исоқжон Ахсикатий 15 жилдга етган "Афғон шамоли" эпопеяси билан миллий насримизда рекорд қўйди, албатта. Мабодо, кимдадир "йўқ, бу нотўғри" дейиш нияти туғилса, бизнингча, индамай қўя қолса, обдан оқилона иш бўлур эди.

Барча "54-йил болалари"га табаррук етмиш ёшни Аллоҳ муборак айласин! Содиқ Сайҳун – Ахсикатийга Янги йил – 1 январь, Исоқжон Нишонов – Ахсикатийга Наврўзи олам – 18 март, яъни қўшалоқ айёмлар қутлуғ бўлсин!

 

3. ЯКУН

Бир пайтлар раҳматли устозимиз Ҳабиб Саъдулла наманганлик қаламкашлар сони мингга боришини айтганди. Ундан буён 45 йилча ўтдики, ҳозирда биз бир ярим, эҳтимол, икки мингдирмиз. Хўп, мабодо, 2000 десак, айтинг-чи, бу озми ё кўпми? Албатта, оз! Нега? Чунки, вилоят аҳли уч миллионга бормоқда ва 2000 деган рақам аҳолининг лоақал мингдан бири ҳам эмас-да. Бундан чексиз шукрона лозимки, зотан Аллоҳ ёрлақаган, ижод ва иқтидор неъмати билан сийлаб қўйган хос бандаларгина сўздан санъат ярата оладилар. Яна элнинг ҳотамона сийлови ҳам бор:

– Ёзувчи – халқнинг виждони!

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташкил топган 1934 йилдан бери аъзо бўлган наманганликлар (ёки алоқадорлар) бир юз йигирмадан ортиқ. Шукурки, уларнинг қарийб ярми соғ-саломат, вилоятимизда, Тошкентда, бошқа жойларда яшамоқдалар. Ўндан зиёд юртдошларимизнинг 2024 йилда салмоқли саналари нишонланса ажаб бўлмағай. Алалхусус, Набихон Чустий (1904-1983) таваллудига 120 ва Ҳамид Нурийга (1924-1976) 100 йил тўлади. Раҳматли Аҳмад Турсун (1949-2021) ҳаёт бўлсайди, Мурод Калонхон ва Лутфулло Маҳмуд каби тенгдошлари қатори 75 га етарди, Аъзам Обид эса эллик ёшга кирмоқда. Олтмиш ёшида (2014) "54-йил болалари" номини олган беш забардаст қаламкаш – Темур Бек, Содиқ Сайҳун, Боқий Мирзо, Зиёвиддин Мансур, Исоқжон Нишонов етмиш ёшнинг нақ бўсағасида турибдилар.

Нега энди нишонланса ажаб бўлмағай экан? Гоҳи адиблар ўта хокисорлик ва камтарлик боис, микрофондан, минбару саҳналардан шунчалик тортинадиларки, ҳатто улуғ ёшга етсалар-да, ғофил қолаверамиз. Ҳайтовур, кейинги йилларда бир анъана пайдо бўлиб, тобора кенгаймоқдаки, бу – яхши, албатта. Яъни "етмишбой-саксонбой" ўзи дастурхон тузатиб, ўзи ҳақида китоб тайёрлайди, ўзи таклифнома улашади. Биз лоқайдлар ана шундагина ижодкорнинг тўйидан воқиф бўламиз ва шунда ҳам Худо ёрлақаса, "ташрифимизга мушарраф" этамиз. Дарвоқе, мўйсафид ва нуроний кишини нима учун "етмишбой-саксонбой" девордик? Тўғри, мункиллаган чолларнинг ўғилларига одатда шунақа исмлар қўйиларди. Таассуфки, бундай исм соҳибларининг "ижтимоий келиб чиқиши" хусусидаги бўҳтон ва таҳқирни "чайнайдиган" тизгинсиз оғизлар ҳам, "кулгисевар шинавандалар" ҳам бор-да. Бундай оғизларга қулфу калит ҳеч ерда йўқки, кулишга мутлақо арзимайдиган туҳмат устидаги бедард ва бешарм қаҳқаҳадан Худонинг ўзи асрасин, илоҳо. Иншооллоҳ, табаррук ва тансиқ етмишга етган бизнинг "54-йил болалари" ҳам зинҳор "етмишбой" лақабига ё аскияга эмас, самимий табрикка, чексиз ҳурматга, эҳтиромга, эътироф ва эъзозга лойиқдирлар. Ахир, Боқимирза, Зиёвиддин, Содиқжон, Исоқжон ва Темиржон туғилган 1954 йилда оталари қартайган мўйсафид эмас, қирчиллама йигитлар бўлишган-да.

Номлари битилган дўстларим орасида шундайлари борки, асарлари тахламини метрлаб ўлчанса, газчўп калталик қилади, кўтаришга уринган полвон йигитнинг қадди букилади. Уларнинг китоблари вилоят қобиғини аллақачон тарк этганки, энди ажнабий ўқувчиларнинг ақлини олмоқда. Алқисса, дабдабабозликни асло ёқламаган ҳолда, иқрор бўлайликки, бу 70 яшар "54-йил болалари"нинг ҳаммаси ва ҳар бири энг самимий қутловларга, шарафлаш оқшомига ҳақлидир. Уларга "банкет" шартмас, шарафлаш шуниси билангина баҳоланмайди, ахир. Фақат қувончдан баҳамжиҳат қувонсак, шодиёнага ташаббускор бўлсак кифоя. Самимий олқишласак, чин дилдан табрикласак, эзгу тилакларни изҳор этсак, зўр бўлардики, аслида бу биз учун ҳам бурч, ҳам қарздир. Зеро, шунда улуғ ёшдаги ҳамкасбимизни беэътиборликдан, оқибатсизликдан, ўкинч ва армондан ҳимоялаган бўлур эдик. Қолаверса, юбилейлар фақат 2024 йилда эмас, аввал ҳам бор эди, кейин ҳам бўлади ва ҳар йили, ҳамиша бор-да. Келинг, 2024 йил эътиборлар ила кечиб, анъана тусини олсин. Минбаъд, ҳар бир юбилярнинг айёми ҳаммамизнинг ва адабиётнинг байрамига айланиб қолсин!

Рустамжон УММАТОВ.