Мана, қиш ҳам поёнига етяпти. Тўғрисини айтганда, бу йил, камқорлигини ҳисобга олмаганда, жуда яхши ўтди. Меъёридан ортиқ совуқ ҳам ўлкамизга "меҳмон" бўлмади, аксинча, баҳор ҳавосини эслатувчи илиқлик гоҳ-гоҳ дов-дарахтларнинг куртагини уйқудан уйғотмоққа уринди, холос. Барибир самовий тафтнинг бевақтлигини бодомлардан бошқа барча дарахтларимиз унутмадилар чоғи "бедорликка" шошилмадилар. Бу билан сиз-у бизнинг ризқимиз қийилмади. Боғ-роғларимиз эртанги тўкинликка бел боғлаган боғбонлардек куч тўплаб туришибди гўё.
"Кўклам – меҳнат билан кўркам" дейди халқимиз. Худди шундай. Бизнинг табиатга меҳру муҳаббатимиз қанчалар зиёда бўлса, табиат ҳам кўрку тароватини, бари саховатини ҳеч қачон аямайди. Албатта, ёшу кекса ҳамиша баҳорни суйгани-суйган. Кўҳна ибора билан айтганда: "Деҳқоннинг пайтавасига қурт тушади", эрта тонгдан далада, томорқасида куйманади. Одамларнинг "қўли қичийди", қиши билан занглаб ётган кетмонига эгов уради, ер чопади, эгат олади, сув тарайди. Қараб турибсизки, ҳамма ёқни ям-яшиллик қоплайди, ариқлар бўйида ялпизлар тизилишади, дарахтлар шохи шода-шода гуллардан келинчакдек безанади.
Дарахтлар – инсонларнинг тилсиз дўстлари. Хоҳ у мевали бўлсин, хоҳ у манзарали бўлсин, кўнглимизни чиройи билан яйратади. Бутун борлиқни кислородга тўлдиради. Қушларни ўзига чорлаб, шохларида қўшиқ куйлатади. Кейин эса гулларга навбат келади. Улар ўз гўзаллигига тўйдиргач, мевалар тугиб, ризқу насибамизни бутлаш учун униб-ўсишади. Қанча меҳримизни берсак, шунча кўпроқ ҳосил терсак, ажаб эмас!
Ҳозирги пайтда тоза ҳаво муҳитини яратувчи дов-дарахтларга эҳтиёжимиз ортгандан ортиб боряпти. Шу боис "Яшил макон" умуммиллий ҳаракатини йил давомида тўхтатмаяпмиз. Президентимиз кўрсатмаларига мувофиқ бир парча бўш ерни қолдирмасдан ниҳол ўтқазяпмиз. Бу эзгу тадбирдан вилоятимиз тиббиётчилари ҳам асло четда қолаётганлари йўқ. Кеч куздаёқ барча даволаш-профилактика муассасалари жамоалари турли-туман дарахт ва гул кўчатлари ўтқазишга эришишди. Яна эрта-индиндан кўкаламзорлаштириш ҳашарлари қизғин давом эттирилади.
Ўтган ҳафтадаги интиқиб кутилган қор ерларимизга гўё малҳамдай синггиди. Энди ташкилот ва муассасалар ҳовлиларидаги, олди ёки орқасидаги мўъжаз боғу гулзорлар қатор орасини юмшатиш, ариқларни куз-қишдаги хазонлардан, хор-ҳашаклардан тозалаш, дарахтларга "оқ фартук" тақиш юмушлари долзарб тусга киради.
Азиз ҳамкасблар! Баҳор нафаси уфуришига тобора яқин қолмоқда. 2024 йилнинг кўклами барчамиздан табиатга ҳамқадам бўлиш учун ғайрат-шижоат билан енг шимаришимизни кутмоқда. Ерга меҳр – элга меҳр эканини ҳамиша ёдимизда тутайлик! Зеро, яшаш ва иш жойимизда тоза ҳаволи муҳитни яратиш, аввало, ўзимизга ҳар жиҳатдан боғлиқдир.