Президентимиз, Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси Шавкат Мирзиёев соҳадаги долзарб масалаларга тўхталиб, жумладан, корхона ва муассасалар жамоалари учун ойда бир "Театр куни" жорий этишни уқтирди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма театри билан имзоланган шартномага биноан тақвим-режа асосида даволаш-профилактика муассасалари ходимлари учун спектакллар намойиш этилмоқда. 13 февралдан 29 февралга қадар тиббиёт жамоалари жадвалда ўзлари учун белгиланган куни соат 15 да вилоят театрида "Сабъаи сайёр", "Ибрат", "Азиз", "Тўйлар муборак", "Скапеннинг найранглари", "Усмон Носир" каби спектаклларни томоша қилиб, маънавий баҳра оладилар.

Зеро, маънавият ҳар қачонгидан муҳим. Президент таъкидлаганидек: "Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак". Дарҳақиқат, ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатбардош бўлишимиз учун жамиятда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни кучайтиришимиз, эҳтиёткорлик ва огоҳликни оширишимиз лозим. "Театр кунлари" қалбимиз ва онгимизда эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амалларга жўшқин иш­тиёқ-у ишонч уйғотиши билан катта роль ўйнамоқда. Бу ҳамкасбларимизнинг қуйидаги таассуротларида ҳам намоён.

 

Аъзамжон АБДУЛЛАЕВ,

"Пахтакўл" фтизиатрия-пульмонология сиҳатгоҳи маънавий-маърифий ишлар мутахассиси:

Мен ҳар галги "Театр куни" ҳамкасбларимнинг ташрифини уюштирарканман, қайтаётганларида бош­қа одамга айлангандай бўлдилар. Қарашлари теран, гап-сўзлари латиф, ўзларини тутишда ўзгача нафосат ва виқорни кўраман. "Ибрат", "Сабъаи сайёр" спектакллари жамоадошларимда ватанга меҳр, миллий ғурур, эзгуликка садоқат ҳисларига қизғинлик бағишлади. Қалбу онгларига кириб борган шаффоф туйғулар уларнинг турмуши ва фаолиятида янгича жўш­қинлик, ишчанлик сифатида намоён бўляпти.

 

Матлуба УМАРОВА,

Сайёра КАРИМОВА,

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали катта доялари:

– Биз спектаклдан эндигина чиқдик. Шунчалар таъсирландикки, фикрларимизни, хулосаларимизни яхлит ифодалашимиз қийин. Тўғриси, иш, турмуш ташвишлари билан бўлиб, кўпдан бери театрга тушмасдик. Бу санъат даргоҳига йўллаганларида ҳам шу қадар маънавий бойликка эга бўламиз деб кутмагандик. Аммо театр ростакам ибрат мактаби, ҳаёт сабоқхонаси экан. "Сабъаи сайёр" спек­таклини кўриб, инсон қадри, халқ муҳаббати, бурчга садоқат нечоғлик улуғ фазилат эканлигини янгитдан идрок этдик, янгитдан ҳис қилдик.

Асар бугунги ҳаётга уйғун тарзда ғоят зўр маҳорат билан саҳналаштирилибди. Актёрлар ижросидан лол қоласиз. Саҳнавий рамзлар сизга Баҳром ва Дилором даври, орзу-армонларини сўзлаётгандай. Асар мазмунига хос қўшиқлар кўнгилларимизни сел қилди.

"Театр куни" анъанаси йўлга қўйилганидан, бошқармамиз томонидан вақт ва кун белгилаб, маънавий юксалиш масканига таклиф этилганимиздан ғоят миннатдормиз.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ,

"Шифокор ва ҳаёт" мухбири.