Вилоятдаги шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмалари, даволаш-профилактика муассасалари маънавий-маърифий ишлар мутасаддиларининг навбатдаги анжумани чақирилди. Февраль ойи режасида кўзда тутилган вазифалар ҳақида ВССБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев маъруза қилди. Сўнгра "Маънавият соати"нинг долзарб мавзуси – Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг адабий-бадиий мероси тарғиботи тўғрисида кўргазмали маҳорат дарси ташкилланди. Бу галги машғулотни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист Содиқ Сайҳун олиб борди.

Маърузачи Навоийнинг "Хамса"сию, Бобурнинг "Бобурнома"си ғоявий мотивларига қисқача тўхталиб ўтди. Адолатпарварлик ҳамда инсонпарварликнинг давлат тараққиёти-ю, халқ фаровонлигини таъминлашдаги роли ва аҳамиятини бугунги ҳаётимизга боғлаб талқин этди. Навоийнинг:

Бу гулшан ичра йўқтур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур яхшилик била қолса от,

деган байтининг ҳамиша, ҳамма учун ҳаракат шиорига айлантириш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Бобурнинг:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмагай ёмонлиғ ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур,

– деган рубоийсининг ҳар мисраси ҳар бир замондошимизни вафодор, яхши хислатлар эгаси бўлишга ундашини ва айни вақтда ёмонликдан нари юрмаса, шак-шубҳасиз бунинг товонини тўлашини янада теранроқ англаши кераклигини шарҳлади. Ҳалоллигу фаоллик Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва эртасига мустаҳкам пойдевор яратишнинг муҳим омили эканини уқтирди. Шу жиҳатдан анжуман мароқли ва таъсирчан тусда якунланди.