Ўзбек мумтоз адабиётининг икки буюк сиймоси – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд айёмларини ҳар йили тантанали нишонлаш мактабимизда одат тусига кирган. Бу галгиси янада мароқли кечди. Мактабимиз директори Исмоилжон Дадажонов тадбиримизни кириш сўзи билан очар экан, икки буюк бобомиз адабий-бадиий меросининг болалар тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида тўхталди. Олий тоифали тарих фани ўқитувчиси Муҳайё Тожибоева эса Умаршайх Мирзо пойтахт қилган Ахси ва унинг Бобур ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўзлаб берди.
Ўқувчиларимизнинг фаол навоийхонлиги ва бобурхонлиги ғазалу рубоийларни ёддан ифодали ўқишганида яққол кўринди. Кутубхоначи Гулҳаё Салоҳиддинова "Хамса" достонлари кўргазмасини ташкиллади.
Анжуманимизга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Содиқ Сайҳуннинг ташриф буюргани айни муддао бўлди. У ўзининг "Бобурнинг болалиги" достони тўғрисида тўлқинланиб гапирди. Ўқувчиларнинг саволларига жавоблар қайтарди. Энг муҳими, мумтоз адабиётимизнинг икки ёруғ юлдузи ҳаёти ва ижодий меросига доир янги маълумотлардан бохабар қилди.
Маликахон ИКРОМОВА,
Тўрақўрғон туманидаги 4-ўрта умумтаълим
мактабининг олий тоифали она тили
ва адабиёти фани ўқитувчиси.