УНУТИЛМАГАН ЯХШИЛИК
1942-1943 йиллар.
Лидия Петровна Холлонинг Уйчи туманидаги Қизил равот қишлоғи шифохонасида хизмат қилаётган пайтлари. Ёз кунларининг бирида унинг ҳузурига беда ўрими чоғида насилька пичоғига чап оёғининг тиззадан пасти урилиб қайтган, аммо бир лаҳзанинг ўзида суяги мажақланиб, пайлари хилвираб қолган 12 ёшли болани олиб келишади. Лидия ая дарҳол уни юк машинасида вилоят Марказий шифохонасининг жарроҳлик бўлимига олиб боради. Жарроҳ Г. Григорянц жароҳатни кўриб, оёқни кесиб ташлашдан бошқа илож йўқлигини айтади.
– Доктор, бола ҳали ёш, оёғи кесиб ташланса, бир умр ногирон бўлиб қолади-ку. Келинг, суякларини улаб, гипслаб қўйинг, илтимос, – дейди Лидия ая раҳмдиллик билан.
Жарроҳ бир зум ўйга толади. Сўнг:
– Хўп гипслаб ҳам қўйдик дейлик, Унга ким қарайди? Ахир, ёнида узлуксиз назорат қилиб турадиган шифокор бўлиши керак-ку. Ўзи шундоғам мутахассисларимиз етишмаётибди, – дейди.
– Ўзим қарайман. Кеча-ю кундуз ёнида бўламан.
– Қишлоқдаги ишингиз-чи, бўшатиб юборишса нима қиласиз?
– Бу боланининг оёққа туриб кетишини ҳоҳлайман. Иш эса...
– Ундай бўлса, майли. – Операцияга тайёрланглар, – деди доктор нима дейишини кутиб турган ҳамшираларга.
...Операция муваффақиятли ўтди. Лидия ая боланинг ёнида қолди. Қилинаётган муолажалар кун сайин ўз самарасини бера бошлади. Оғриқлар тўхтади. Суяклар бирикиб, пайлар тикланди.
Лидия ая шифохонага қайтди. Уни ишдан бўшатишмади. Аксинча, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишди. Қани энди, ҳамма докторларимиз ҳам Лидия Петровнага ўхшаб беморларга меҳрибон, ғамхўр, виждон билан иш юритадиган бўлишса деб, раҳмат айтишди.
Вақт ҳар қандай оғир жароҳатни даволайди. Бола оёққа турди. Аввал қўлтиқтаёқда, кейинчалик оқсоқланиб бўлса-да, қадам ташлаб юра бошлади. Ниҳоят, батамом тузалиб кетди.
* * *
Орадан йигирма йилча вақт ўтди. Лидия Петровна қандайдир юмуш билан Намангандаги марказий Деҳқон бозорига боради. Тасодифан қаршисидан бироз оқсоқланиб келаётган йигитга эътибор қаратади. Йигит яқинига келиб салом беради.
– Сиз "Қизил равот"да ишлаган доктор холаммасмисиз-а? – деб сўрайди
– Ҳа, ўшаман, мени танийсанми?
– Бўлмасам-чи! Йигит ўнг қўлини кўксига қўйиб, таъзим билан дейди:
– Сиздан жуда катта қарзим бор.
– Қарз. Қанақа қарз?
– Бундан йигирма йиллар олдин, облбольницада оёғимни кестирмасдан даволатгансиз.
Лидия аянинг хаёли ўтмишга кетди. Эслади. Тўғри. Шундай бўлган.
– И-е, сен ўша ўн икки ёшли боламисан, танидим. Катта киши бўлиб кетибсан-ку. Унутмаганинг учун раҳмат! Қўлини елкасига ташлаб, пешонасидан ўпиб қўйди. Узоқ яшагин. Болаларинг бахтини кўргин. Ота-онангга мендан салом айт.
– Қарзимни узишим керак. Ҳозир пулим кўп, айтганингизни олиб бераман. Ахир, Сиз... мени бир умр қўлтиқ таёқда юришдан сақлаб қолгансиз...
– Йўқ, йўқ, ундай дема. Ўз оёқларингда юраётганингнинг ўзи мен учун бир дунё пул.
– Биз томонга йўлингиз тушиб қолса, албатта, уйимизга киринг. Меҳмон қиламиз. Ўзим ҳам сизни излаб топаман, худо хоҳласа, – деб аянинг уй манзилини ёзиб олди.
Улар хайрлашдилар.
Оқсоқлиги деярли сезилиб – сезилмайдиган йигитнинг ортидан термулиб қолган аянинг кўзлари беихтиёр ёшланди. Яхшилик унутилмайди деганлари рост. Раҳмат, сенга йигит! – аста шивирлаб қўйди ва йўлида давом этди Лидия Петровна.
Ҳамид ФОЗИЛ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.