ҲАҚИҚАТ

Синглимга қарайман – "Aqlvoy"ни кўряпти. Бошқа хонага ўтаман. Укам ўтирибди – қўлида энциклопедия. Синглимку ҳали ёш. Лекин укамнинг қизиққани техника. Телевизорниям техника ҳақида бўлмаса, кўргиси келмайди. Қандай яхши-я. Мен уни қўллаб-қувватлайман.

Синглим телевизорни жудаям ёқтиради. Баъзида "Sevimli"ни кўраман деб вазифалариниям қилмайди. Шундай пайт­ларда телевизордан хафа бўлиб кетаман. Бунинг сабаби ҳам бор-да. Ўзи яхши-ю, одамни чалғитиши, вақтини ўғирлаши ёмон. Алламбало хонанданинг қайси клипи чиққани-ю, қайсидир актриса билан актёрнинг танишув тарихи айтилади, кўрсатилади. Қаранг-а, бунинг томошабинга нима қизиғи бор?! Яна қайси каналга олманг, сериал устига сериал, реклама устига реклама! Ҳаммасини тоқат қилиб кўрадиган аёлларга қойил! Боласи уйга келдими, йўқми билмайди. Лекин сериалнинг вақтини сўрасангиз, сув қилиб ичворишганидан таажжубга тушасиз. Уйда китоби йўқ оила бўлса борки, телевизорсиз хонадонни асло тополмайсиз. Агар менинг қўлимдан келганида ҳамма телевизорларни фақат радио эшиттириладиган, янгилик ва тарихий фильмлар кўрсатиладиган қилиб қўярдим. Эҳ!..

Қарасам, фақат ёмонлаяпман, телевизор бечорани. Қани, мақтаб ҳам қўяй. Ахир "ойнаи жаҳон" деб бежиз таърифланмаган. Яхшиям янгиликлар бор. Бўлмаса, уйдаги телевизорни ташлаб юборишга ҳам розиман. Айтганча, яна бир томониям бор. Мен аввал китобни ўқиб, кейин ўша асосида тасвирга олинган фильмларни томоша қиладиган одатимни ҳам яширолмайман. Шунда кўпинча, телевизор ёрдамга келади. Ҳа, у барибир фойдали нарса. Лекин ҳаётда ҳамма ҳолатларнинг меъёри бўлгани маъқул эмасми?! Телевизор кўришда ҳам шуни унутмасак, олам гулистон, деб ўйлайман.

Азиза КАРИМЖОНОВА.