Рустамжон УММАТОВ

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).

2. ИСОҚЖОН АХСИКАТИЙ

Мана, Исоқжон юқорида сами­мият билан тенгдошини эътироф этиб, ташаккур изҳор қилди. Содиқжон Ахсикатий-чи? Исоқжон Ахсикатий ҳақида у нелар дейди?

Содиқ Сайҳун:

– Исоқжон "Афғон шамоли"да қалтис мавзуга қўл урдики, бу тасодиф эмасди. Мустақилликнинг илк йилларида афғоннинг "заҳарли тўфони" бизнинг юртимиздаям сезилиб қолаётганди. Тўғри йўлдан адашиш миллат учун, халқ учун жуда-жуда қимматга тушарди. Келажак ташвиши, одамларнинг алданишига йўл қўймаслик қайғуси Исоқжоннинг қаламини автоматдек "сайратди" ўша бузғунчи кимсалар томон. Уларнинг ғаразли ниятини, бадномлигини фош этувчи "Афғон шамоли" йилма-йил қаторлашди. Халқимиз қизиқиб ўқиди ва асосий гап – кураш нимада эканлигини чуқур англаш зарурлигини уқиб олди.

Исоқжон Нишонов Ахсикентда умргузаронлик қилган ота-боболаримиз руҳидан куч-қувват олади. Роман, қисса ва ҳикоялари эндиликда Германия, Россия, Туркия, Буюк Британия, ҳатто олис Америка Қўшма Штатлари сари қанот қоқмоқда. Бундан йилдош, сафдош, юртдош сифатида кўнглим ҳам чоғланади, ҳам тоғланади. Фақат ҳавасимгина келиб қолмай, ижобий маънода ҳасад туйғулари туғён уради. Нега унинг ёзганлари дунё кезади-ю, ундан қаерим кам? – деган савол янада бетиним ҳаракатга солаверади. Орамиздаги кўҳна Ахсикент бизни руҳан ва қалбан бирлаштириб тургандай сезаман ўзимни. Ахсикатийларга издошлик ва Исоқжон Ахсикатийга замондошлик фахри кўнг­лимни, руҳимни ҳамиша кўтариб бораверади.

 

* * *

Ўхшатмагунча учратмас экан-да. Қарангки, Исоқжон таржимаи ҳолида ёзибди: Уйимиз Сирдарёнинг ўнг ёқасида, қадимий Ахсикентга туташ. Кўклам кезлари варрак учиргани лолақизғалдоқлардан қирмизи томимизга чиқсам, кўҳна пойтахт харобалари кўриниб турарди. Ўша ёққа узоқ-узоқ термулиб қолардим, кўнглимда ҳислар, орзулар қайнаб тошарди...

Исоқжон – деҳқон фарзанди, етим ўғил, падарини эслолмайди, умри қора меҳнатда ўтган онанинг қўлида ўсди. Болалиги ёмғир "так" этса, чакки шовиллайдиган, ўчоқ-мўри дуди лойсувоқ деворларини қорайтирган ҳужрада, йўқчилик ва ўкинчларда кечди. Битта раҳмдил манглайини силаса, тўртта бераҳм бошига муштларди. Хўрладилар, алдадилар... Исоқжон ҳалигача шундай: синиқ, камтар, хокисор, етмишга кирибдики, алдасалар алданиб кетаверади-да. Ваҳоланки, уни хафа қилиб бўлмайди, бу – мумкинмас! Нега? Чунки, унинг на иниси, на синглиси йўқ, беваю бетоле, раҳматли Обидабону онамиз пешанасидаги ягона тирноқ, ягона ўғил. Якка ўғилнинг, якка қизнинг дуосида хосиятлар бисёр ва инчунин, қарғиши ҳам... Хуллас, қўйинг, бунисидан Худо сақласин. Бир тўрт­лик борки, Ҳабиб Саъдулла бизларни айни хусусда огоҳлантириб кетган:

 

Бизни сийлаганлар ёмонлик кўрмас,

Бизни ранжитганлар омонлик кўрмас.

Ёлғизлик ўзи ҳам осон эмасдир,

Бизни қийнаганлар осонлик кўрмас.

 

Муҳтарам ўқувчи, муаллиф иқрорки, ҳар қанча чиранса-да, ушбу мақолада Исоқжон Нишонов умри ва аъмолининг лоақал мингдан бирини ёзолмайди, қўлидан келмайди. Ахир, таниқли адибнинг асарлари элликдан ошиб, юзга яқинлашди-я! Шу боис энди китобхонлар, адибу олимлар фикрига назар ташлайлик, улар бу ҳақда дил сўзларини ёзиб беришган.

Қодиржон Носиров:

– 2006 йили Исоқжоннинг "Қора кобра" номли асари "Экспресс инфо" ҳафтаномасида босила бошлаганди. "Кобра"ни ўқияпсизми?" "Бу Нишонов дегани ким экан?" каби саволлар қулоққа чалинарди. Орадан уч-тўрт йил ўтиб, асар "Афғон шамоли" номи остида пайдо бўлди. Бугунга келиб, роман-сериалнинг умумий адади ярим миллиондан ўтди. Бу – республикамиздаги энг юқори кўрсатгич, асар асосида телесериал яратиш тараддуди кетяпти, деган ҳушхабар ҳам тарқалди. Халқ Исоқжон исмини "Афғон шамоли"дан айро қабул қилолмайди, у "Афғон шамоли" билан чамбарчас боғланган. Аксарият адабиёт шинавандалари, ошналари муаллифни "Аф­ғон шамоли" деб аташлари ҳам ўринсиз эмас. Зеро, бу – мухлислар томонидан берилган яхши маъно ташувчи тахаллусдир.

Сиддиқ Мўмин:

Адиб шундай бўлса қанийди

Ўксик дилнинг сахий боғбони.

Бугун уни ҳамма танийди

Наманганнинг қалам деҳқони!

 

Дилга кирди "Афғон шамоли",

Йилдан-йилга ошди камоли,

Адибларнинг ҳусни-жамоли

Наманганнинг қалам деҳқони.

 

Қўйиб дилдан кўксига қўлин,

Тилаб буюк адиблар йўлин,

Қутлар сизни дўст Сиддиқ Мўмин,

Наманганнинг қалам деҳқони.

 

Эргашбой Абдуваитов:

– Мухтор Авезов "Абай" ва "Абай йўли" роман-эпопеясини яратди. Исоқжон Нишоновнинг мазкур романи эса Мухтор оғамиздан кейин ёзилган иккинчи йирик асардир. Унда оқиннинг ҳаёт йўли, ижоди, элпарварлиги, ватанпарварлиги кенг очиб берилганди. Ўқувчининг кўз ўнгида тиниб-тинчимайдиган маърифатпарвар, ҳақиқатпарвар, ўз халқини тўғри йўл сари етаклайдиган инсон тимсоли гавдаланади. Қозоқ болаларини саводли қилиш учун Абай нақадар жонбозлик кўрсатгани, ҳатто ҳаётини хавф остига қўйгани ҳақида ёзилган бобларни китобхон ҳаяжонсиз ўқий олмайди. Ёзувчи юрт қайғусида, эл дардида жони ўртанган Абай образини яратар экан, қора халқни қашшоқлик ботқоғидан олиб чиқишдаги, нурли йўлга солишдаги, янги ҳаёт сари етаклашдаги ва муборак Ватаннинг келажаги учун, адолатни тиклаш учун ёвларга қарши мардона курашганига алоҳида урғу беради. Исоқжоннинг "Миллат виждони" романи қардош, жондош ўзбек ва қозоқ ўқувчиларига муборак бўлсин! Асар ҳар икки халқнинг севимли китобига ва дўстлигимиз ҳайкалига айланади, деган умиддаман.

Ҳамиджон Ҳомидий, Мўминжон Сулаймонов:

– Исоқжон Нишонов қаламига мансуб Ислом Каримов ҳақидаги "Жасорат" романини бефарқ ўқиб бўлмайди. Мазкур китоб Ислом Каримов тўғрисидаги дастлабки йирик бадиий асар эканлиги билан диққатга сазовор. "Жасорат" деб номланишида ҳаққоний ва жуда катта рамзий маъно бор, чунки, унда бошқаларга ибрат бўладиган жасоратлар ҳақида фикр юритилади. Романнинг ижобий сифатлари ва хусусиятлари ҳақида кўп гапларни айтиш мумкин. Аввало, асарда ўта мураккаб давр қаламга олинганини таъкидлаш лозим. Қолаверса, ёзувчи "Афғон шамоли" номли сериални ёзиш давомида эришган тажрибаларидан унумли фойдаланганлиги сезилиб турибди. Асардаги воқеалар ғоят ҳаяжонли, ҳаққоний тасвирланган: китобхонни мулоҳазага чақиради. Энг муҳими, ҳар бир лавҳа, ҳар бир тимсол ўқувчини ҳамиша атрофида юз бераётган воқеаларга, инсонларнинг хатти-ҳаракатига бефарқ, бепарво қарамасликка ўргатади, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундайди.

Михаил Шлоссер (Олмония): «Нишонов жанобларига. "Афғон шамоли" романингиз немис адабий танқидчилари ва китобхонларимиз томонидан ижобий баҳоланмоқда. Ўйлаймизки, бу ҳали бошланиши, тез орада мазкур ўзбек детектив романи Германияда ўзининг кўплаб ўқувчиларини топади».

Тоҳир Малик: «Шогирдларим жуда-жуда кўп, уларнинг камоли менинг ифтихоримдир. Шулардан бири Исоқжон Нишоновки, у билан алоҳида фахрланаман».

Зуҳра Ашурова: «Исоқжон Нишоновга раҳмат, "Афғон шамоли"да кўнглимдаги гаплар ёзилибди. Роман-сериални ўқиб, ҳақиқий ватанпарвар йигитларимизнинг тимсолини кўрдим».

* * *

(Давоми бор).