Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида тизимда маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари, вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг раҳбарлари, бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этдилар. Йиғилишни бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев олиб борди.
Кун тартибидаги асосий масала – Президент Шавкат Мирзиёевнинг Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг ўтган йили 22 декабрь куни бўлган кенгайтирилган мажлисидаги сўзлаган "Маънавият ҳаётимизда янги куч, янги ҳаракатга айланиши керак" деб номланган нутқидан келиб чиқадиган вазифаларга эътибор қаратилди. Жумладан, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан методик тарғибот сифатида тайёрланган слайдлар воситасида мазкур нутқда олға сурилган ғоя ва мақсадлар ифодалаб берилди.
Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек, "...Ҳаммамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимизни истардим. Ҳаёт бор экан – жаҳолат ҳам, маънавий таҳдидлар ҳам бўлиши табиийдир. Аммо энг хатарлиси – юрт келажагига лоқайдлик, эзгу қадриятларга нисбатан бепарволикдир.
Тинч ва фаровон ҳаёт қуриш учун, аввало, одамлар қалбида бир-бирига ҳурмат, халққа, Ватанга меҳр ва ишонч мустаҳкам бўлиши зарур.
Мамлакатимиз янги тараққиёт даврига қадам қўйган бугунги кунда халқимиз, айниқса фарзандларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юртимиз келажагига дахлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғусини кучайтиришда сиз, маданият аҳлининг ўрнингиз ва таъсирингиз беқиёсдир...".
Йиғилишда Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида белгилаб берилган долзарб вазифаларни изчил амалга ошириш чораларини кўриш топшириғи берилди. Ёшларимизни миллий ва уммумбашарий ғоялар асосида камол топтиришда маданият соҳаси, театр санъатининг ўрни алоҳида қайд этилди. Тиббиёт муассасаларидаги маънавий-маърифий ишларни янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги, китоб – маънавият манбаи эканлиги, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши муҳимлиги таъкидланди.