ҲАЁТ САБОҒИ
(Ҳикоя)
Китоб ўқиётиб чарчаганимдан кўзим илиниб қолибди. Негадир қулоғимга ҳар хил овозлар эшитила бошлади. Бу овозлар жудаям таниш эди. Кўзларимни очдим ва атрофимдаги яқинларимни кўрдим. Улар қандайдир ғалати ҳолатда эди, бамисоли ўз онасини йўқотиб қўйиб, қаерга учишни билмаётган қушларга ўхшашарди. Кўнглимда ғалати хавотир пайдо бўлди. Ўзим ҳам дарров "Нима бўлди?" деб сўраганимни билмай қолибман. Шунда бирдан улар кўзларидан жиққа ёш оққан ҳолда бувимнинг вафот этганини айтишди.
...Ҳаёт гўё тўхтаб қолгандай бўлди. Қандай қилиб уйқуга ётишимдан олдин бу ҳаётда бор инсон, уйғонгунимча йўқ бўлиб қолса? Қайноқ юрагимни қандайдир музлик қоплаб олди. Хаёлимдан бувим билан кечган барча хотиралар секин-аста ўта бошлади. Лекин хаёлимга бирорта ҳам бувимга қилган яхшилигим келмади. Аксинча билиб-билмай бувимнинг кўнглини оғритганимни эслай олдим, холос.
Шуни англаб етдимки, агар инсон ўз яқинларини йўқотса, ҳеч қачон унга қилган яхшилиги ёдидан ўтмайди, аксинча ҳар хил бўлиб ўтган дилхираликларга сабабчи эканини ўйлаб афсусланади.
Мана шу куни ҳаётда яна битта нарса ҳақлигига ишончим комил бўлди. Бу – ўлимдир. Ўлим – ҳақдир. У қачон келишини билмаймиз, балки ҳозир, балки бир соатдан кейин. Унга доимо тайёр туришимиз керак. Ёши улуғларнинг "Меҳмон келадигандек уйингни, ўлим келадигандек қалбингни тоза тут!" деган уқтиргиларида бир дунё маъно мужассамлигини ҳеч қачон унутмайлик. Ғафлатда қолиш ўрнига ғамли кунларга ҳам ёруғ назар билан боқишга чоғланиб яшайлик.
Шаҳинабону АБДАМУТОВА,
Исҳоқхон Ибрат номли
ижод мактабининг 10-синф ўқувчиси.