ЭЪТИРОФ ВА ЭҲТИРОМ
Адабиёт алломаларининг якдил хулосалари шу: "Халқчил адиб, халқчил асаргина ўз элига ғоят севимли, ўзгалар учун ҳам беҳад қадрли бўлади". Содиқ Сайҳун ана шундай шараф соҳиби. Бу унинг 70 йиллиги тантанасига киришилган илк кунлардан бошлаб республикамиз ва халқаро доирада янграётган табриклар, дил изҳорлари, тақдимотларда намоён бўлиб турибди.
Айни шу жараён боиси ва моҳияти ҳақида адибнинг яқин маслакдоши, "Жасорат", "Соғлом турмуш" медаллари ва "Соғлиқни сақлаш аълочиси" нишони соҳиби, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, Турон фанлар академияси академиги, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев билан суҳбатлашдик.
– Абдулла Убайдуллаевич, турли касб-кор, ёш ва табақага мансуб адабиёт ихлосмандлари, айниқса, шоир, ёзувчи, журналист ҳамкасбларнинг Содиқ Сайҳунга жўшқин ва самимий меҳр-муҳаббатларини кўриб, ҳавасингиз келади...
– Албатта. Содиқжон ака, аввало, туриш-турмуши билан тахаллусига монанд – ДАРЁ! Назмий, насрий, публицистик асарларининг тили, қаҳрамонлари халқнинг ўзидан олинган. Таъбир жоиз бўлса, Алишер Навоий буюк "Хамса" билан туркий тилнинг чексиз имкониятлар уммони эканини кўрсатгани каби Содиқжон аканинг маҳорати соддагина, жайдаригина дея таърифланган халқ тилида "ялтироқ" сўзлар ёритолмайдиган феъл-атворлар, туйғулар, ғояларни ўта "юқумли" ифодалаши билан ноёб. Лирикаси, ҳикоялари, қиссалари қаҳрамонларининг турмуш тарзи, урф-одати, феъли ҳам том маънода ўзбекона. Асарларида илгари сурилган ғоя ҳам халқ орзу-ниятларининг яққол ойнаси. Устознинг 70 йилликлари мамлакатимиз ва хорижий адабий доиралар вакиллари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиниши, чиндан адабиёт байрами руҳи вужудга келгани шундан.
– Сана муносабати билан ижодий учрашувлар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ташаббусидан бошланди. Бу – Содиқ Сайҳун ўн йиллар мобайнида ёзган тиббий мавзулардаги очерклари, хусусан, вилоят кардиологияси тараққиёти, юқори технологияли кардиоускуналарнинг афзалликлар-ю улар туфайли қўлланилаётган ноёб ташхис ва даво усуллари халқона ифодаланган публицистик асарлари учун қаҳрамонларининг муносиб эҳтироми бўлса керак.
– Ҳа, қайси шифохона, қайси тиббий жараён ҳақида мақола ёзмасин, журналистгина эмас, тиббиётчи даражасидаги таҳлил, фикр-мулоҳаза юритиши билан газетхонларнинг, шифокорларнинг эътиборлари-ю эътирофларига сазовор. Кардиомарказ жамоаси Содиқжон акани чин дилдан яхши кўришининг сабаби ҳам шу. Зал тўла шифокорлар иштирокидаги адабий анжуманда муассаса директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов ўқиб эшиттирган Филиал маъмуриятининг бетакрор истеъдод соҳибига "Ташаккурнома"сида битилган изҳорлар устознинг касбий салоҳияти, ижодий фаолиятига берилган муносиб баҳо десак заррача янглишмаймиз. Унда шундай дейилган:
"Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, дунё ва мамлакатимиз тиббиётидаги қизғин жараёнлар, Наманган шифокорларининг жаҳон андозаларини жорий этиш йўлидаги жадал фаолиятларини тезкор, ўқимишли ва оммабоп ёритиш, тиббиётдаги ислоҳотлар натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш, айни пайтда аҳолининг тиббий онг ва маданиятини камол топтириш борасидаги ижодий меҳнатларингизни юксак қадрлаймиз... Машаққатли, шу билан бирга шарафли фаолиятингизда ҳамиша омад ёр бўлсин. Сизга мустаҳкам соғлик, оилангизга фаровонлик, янги-янги ижодий чўққилар тилаймиз".
– Содиқ Сайҳун халқчил адибгина эмас, ўзи ҳам табиатан одми. Туриш-турмуши билан миллат рамзи. Бир куни суҳбатдошлардан кимдир "Шундай таниқлисиз, ўзингизни киборларча тутсангиз ҳам ярашади" деганди, ўша заҳоти терангина жавоб қилдилар: "Мен машҳурлик мартабасига эришишни ҳатто орзу ҳам қилмаганман, лекин соф бадиий асарларим, адабиётшунослик, тилшунослик, мозийшунослик, санъатшунослик, журналистика соҳаларига доир рисолаларим билан озми-кўпми ўзбек ижодкорлари қаторида ўз тахаллусимга монанд жўшқин илҳомли адиб сифатида тилга олишга муносиб бўла олсам, шунинг ўзи кифоя".
Шу маслак билан қилинган тинимсиз ижодий меҳнат уни Ўзбекистон ва хориждаги адабий доираларда ҳам донгдор этди.
– Ҳақиқатан, табаррук сана шодиёнаси халқаро даражадаги акцияга айланиб кетди. Масалан, Фейсбук орқали АҚШнинг Аризона штатида жойлашган жаҳон адабиётини ривожлантириш, тинчликни сақлаш, халқлар орасида дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган хизматларни қўллаб-қувватлаш – "ОЛТИН КЎПРИК" Халқаро фонди ҳамда шоир, ёзувчи, адабиётшунос, жамоат арбобларини рағбатлантириш борасидаги "ОЛТИН ЮРАК" Халқаро фондлари президенти Раҳим Карим томонидан мазкур фондларнинг махсус Сертификати, Дипломлари билан мукофотланди. Халқаро адабиёт, санъат, маданият ва ижтимоий фанлар академияси президенти А.Менгқобилов, Бутунжаҳон халқ ижодкорлари уюшмаси қутлуғ сана муносабати билан табрикнома, ташаккурнома йўлладилар.
– Раҳмат, Абдулла Убайдуллаевич!
* * *
АДАБИЙ АНЖУМАН
Устоз Содиқ Сайҳуннинг 70 йиллиги муносабати билан таълим муассасаларида ҳам илмий-адабий анжуманлар давом этмоқда. Бу галги тадбир Наманган давлат университети филолог олимлари, таниқли адиблар, шоир ва ноширлар, журналистлар иштирокида бўлди. Улар адибнинг насрий ва назмий асарлари, адабиёт, тарих, таълим, санъат, археологияга оид илмий тадқиқотлари, ижтимоий-иқтисодий мавзулардаги публицистик чиқишлари жам бўлган китоблари ҳақида атрофлича сўз юритдилар.
Рустамжон УММАТОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Турон фанлар академиясининг академиги:
– Содиқжон жуда серқирра адиб, ҳассос адабиётшунос, туғма тарихчи, зукко ўлкашунос, ижодкор ёшларнинг беминнат ҳомийси ва энг муҳими қалби тоза, самимий, эзгуликларга лиммо-лим инсон. Биз тенгдош қаламкаш сифатида доим бир-биримизга суяниб, бир-биримиздан руҳланиб, адабиётга, маънавият ва маърифатга сидқидил хизмат қилиб келяпмиз.
Қодир НОСИРОВ,
доцент:
– Бадиий асарда характер яратиш маҳоратнинг энг муҳим ва энг мураккаб мезони бўлиб келган. Ана шу маҳорат эгалари ўз халқининг менталитетини образлар орқали ёрқин ифодалаган ва турли тоифа вакиллари, шахслар феълини зўр бадиий услубларда шакллантирган. Бу таърифлар айнан Содиқ Сайҳунга ҳам тегишли. Унинг қисса ва ҳикоялари, достонларида турли давр ва табақа кишилари ўз феъл-атворлари билан кўз олдингизда яққол намоён бўлади.
Зоҳиджон СОДИҚОВ,
профессор:
– Содиқ Сайҳуннинг барча жанрдаги асарлари замирида бугунги кун учун ўта долзарб вазифа – ватанпарварлик масаласи бўртиб туради. Адиб табиатан ватанпарвар, она тупроққа меҳру муҳаббати туғма. Ана шу аслиятдан келиб чиққан ғоя унинг шеър, достон, насрий асарлари тили ва қаҳрамонларининг маслаги орқали ўқувчи қалбига, тафаккурига кўчади, унда эл-юртига меҳр-муҳаббат туйғулари жўша бошлайди.
Мўминжон СУЛАЙМОНОВ,
доцент:
– Содиқ Сайҳун асарларининг тили халқчиллиги билан ажралиб туради. Хоҳ насри, хоҳ назмини ўқишга киришаркансиз, қуёшли ватаннинг боғу роғларида, миллий қадриятларни улуғлаб келаётган танти одамлар орасида юргандай бўласиз. Бу – она тили имкониятларини мукаммал билиш, уни ўринли қўллаш салоҳиятидир. Адиб асарлари халқчиллигининг сирларидан бири мана шу.
Комилжон АБДУЛЛАЕВ,
доцент:
– Содиқжон ака исмлари ва тахаллусларига муносиб ва содиқ инсон. Ёш ижодкорларга доимий ғамхўр. НамДУнинг собиқ 2-академик лицейида адабий-маърифий муҳитни яратишда ҳам Содиқ Сайҳуннинг катта хизматлари бор. Ўшанда лицей талабалари бўлган иқтидорли қизларнинг ижодий фаолияти гуркираб кетиши, Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлишида устознинг таълимий-тарбиявий, ижодий кўмаклари катта роль ўйнади.
Мусохон ТОШХЎЖАЕВ,
доцент:
– Машҳур адибларнинг сири – соддаликда, теранликда. Улар жим-жимадор ифодаю, ялтироқ тасвирлардан қочадилар, қаҳрамонларни олифта хусусиятлар билан безашни истамайдилар, бошқаларнинг услубидаги алланималарни қўллаш билан ўзликларидан кечмайдилар. Содиқ Сайҳундаги ана шу устувор фазилат ижодий ютуқларининг калити деб биламан.