Шаҳанд ва Бордимкўлда уйларнинг бари шиферли. Бу – жуда соз, қор-ёмғир ҳар қанча ёғсинки, ҳеч чакки ўтмайди. Аммо олтмиш йилча бурун болаларга бундан ҳам мазза эди-да. Ўзингиз айтинг-чи, ҳандалакдай "тўпча"ни чўзғилаб нарвонга тирмашган кичкинтойнинг варрак учиришига томдан афзал пакка борми? Албатта, йўқ-да. (Энди эса лойсувоқ томлар анқонинг уруғи.) Хўп, яна айтинг-чи, аввало, ўшанда Шаҳанд ва Бордимкўлнинг тирранчалари ҳам лайлак ўйнашганми? Ундан кейин, Содиқжон ва Исоқжон бир-бирини танир эдими? Иккинчи саволнинг жавоби ноаёнроқ бўлса-да, олдингисининг жавоби аниқ: ҳа, иккови варрак учирарди. Уларнинг думини шалдиратган лайлаклари шох ташлаб, Ахсикент устида "сузишгани" ҳам мумкин. Ҳатто бир чақиримга, ундан ҳам олисгача етган тизгин-иплар уйқашиб, тақдир ва ижоднинг муштарак ришталарига айланган бўлса-чи? Бунга тағин ҳам жўяли бир асос борки, орасида ит ўлмаган бу иккала қишлоқ ўзаро жуда яқин, уларнинг ўртасида Ахсикент ётибди, холос. Қадимий хоктепалар Бордимкўл ва Шаҳанд томларидан ҳозир ҳам яққол кўринади. Таажжуб ҳол: ўша Ахсикент орадан ярим минг йил ўтгач, Исоқжон Нишонов ва Содиқ Сайҳун ижодига чамбарчас боғланиб турибди-да. Шу боис ушбу сатрлар муаллифи ҳайрат хуружидан ёқа ушлаб, Содиқжон Ахсикатий ва Исоқжон Ахсикатий девордики, шу айбни, илтимос, айб саналмасин.
Тақдир ва ижод риштаси деганимиз бежиз эмас. "Бобурнома" Ахсикент ва Кобулсиз тасаввурга сиғмайди, Бобуршоҳ бу икки манзилни китобнинг аввалидан охиригача тилдан қўйганмас. Энди қаранг: Ахсикент мавзуси бўлмаса, Содиқжоннинг ижодини кемтик деб, Афғонистону Кобулсиз Исоқжоннинг "Афғон шамоли"ни йўқ деб ҳисоблайверасиз. Ажабо: улуғ Ахсикатийлар, буюк Бобур, "Бобурнома", шоҳ ва шоир қадамжолари, Исоқжон, Содиқжон, бу икковнинг асарлари – ҳаммаси бирикиб, яхлит бир тилло занжирки, буларнинг ҳар бири мунаққаш халқага ўхшайдилар гўё.
1. Содиқжон Ахсикатий
Содиқжон – "54-йил болалари"нинг оқсоқоли, 1954 йил 1 январь куни Бордимкўлда туғилган, муаллим Солижон Тожибоев оиласининг тўнғич фарзанди. Ота-онаси мактабнинг тошдай қаттиқ, аммо жуда ҳалол нонига умрбод қаноатда ўтдиларки, бўлғуси адибнинг ризқ-насибасида иштибоҳли увоқ ҳам бўлган эмас...
Нега унинг қисмати ижод бўлди? Не учун ёзгани-ёзган? Чунки, Содиқ Сайҳун серғайратлигидан Сирдарё (Сайҳун) мисоли жўшқин, у қанча кўп ёзса, ўшанча завқ-шавқ, ҳузур-ҳаловат топади, ҳордиғи чиқади. Шон-шуҳратга, мартаба-мансабларга интилиш унинг феълига бегона. Ижодда ўз йўлини, ўзлигини топганига, қаламкашлар сафида алоҳида ўрни борлигига, номи яхшилар қаторида тилга олинишига суюниб яшайверади.
Муқовасига "Содиқ Сайҳун" имзоси битилган китоблар жуда кўп. Аввало, "Тўрақўрғоннома" (1992): умрбоқий бу асарнинг ўнги ичида, туманнинг мухтасар тарихи, қарийб тўрт юз (!) таниқли кишилар ҳақида маълумот жамланган. Иқрорлик лозимки, вилоят туманлари тўғрисидаги ўнлаб китобларнинг ҳеч бирида бунча одам қамраб олинган эмас. Ҳозиргача Содиқжон Ахсикатий қаламига мансуб "Бугун – кечанинг эртаси", "Ўн саккиз ёш эдинг", "Севги сеҳри", "Ёр келар кун", "Бобурнинг болалиги", "Ўқи, тингла, ўйла топ", "Ахсикент ва Ахси", "Садоқат саодати", "Нурпок", "Биз билган ва билмаган шоир Ҳайратий", "Назми авжинаво, насри руҳидаво" каби ўттизга яқин тўпламлари республика ҳамда вилоят нашриётларида чоп этилди. Мухлислар эътиборини қозониб, яхши эътирофларга сазовор бўлди. Айни пайтда у 10 (!) жилдлик сайланмани тартибга келтиряпти.
Ўн жилд! Ҳазил гапмаски, бунча китоб ўзи бўлиб, ўзи битиб қолмайди-да. Содиқ Сайҳун тиним билмайди: тарихий-замонавий мавзудаги "Самодил" достонининг сўнгги мисраларини қоғозга туширмоқда. Эрта-индин мухлисларини "Қиссалар ва ҳикоялар" (насрдаста), "Достонлар ва шеърлар" (назмдаста), "Қуёш қўнган томчилар" (фарддаста) билан хурсанд этади. Тасанноки, Содиқжон хайрли бир ишга қўл уриб, "Йилдошларим" туркумини яратишга саъй қилди. Бу оҳорли янгилик беш китобдан иборат бўлиб, тенгқур-қаламдошлари – "54-йил болалари"га бағишланган. Бугинамас, етмиш яшар адибнинг ижодий орзулари тағин ҳам бисёр.
– Режаларим оз эмас, – дейди у. – Айниқса, "Наманган номномаси", "Чимилдиқда йиғлаганлар", "Кемтик тақдир", "Поратўр", "Дамасхон", "Қулликдан ҳурликкача", "Ибратнинг ибрати", "Биз билган ва билмаган Шавқий Намангоний", "Ларза" каби насрий ва назмий китобларимни якунлашим керак.
Содиқжон "Шуҳрат" медали (2000) ва Амир Темур кўкрак нишони билан тақдирланган, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар, Бутунжаҳон халқ ижодкорлари уюшмалари аъзоси, Турон ФА академиги. Албатта, эл меҳрини, ижодкор дўстларининг ҳурмат-эътиборини, китобхонларнинг ихлосини қозонган. У журналист, шоир, ёзувчигина эмас, чин маънодаги тарихчи, зукко тилшунос ва адабиётшуноски, айни йўналишдаги аҳамиятли китоблари бу эътирофга далилдир.
Ҳаётда ва ижодда айни мақомларга етгунча Содиқжон Ахсикатий олтмиш йилдан зиёд илм ўрганди. Икки олий мактабни тамомлаб, ҳам филолог, ҳам журналист дипломларини олди. Лекин ўзига нисбатан ўта талабчан (ҳатто шафқатсиз) бу дўстим ҳамон ўқиш-ўрганиш билан уззукун банд, ҳамон ўз устида ишламоқда.
Ўтган асрнинг 70-йилларида Тўрақўрғон туманининг "Машъал" газетаси вилоят адабий муҳити ривожида ҳам ўзига хос рол ўйнарди. Наманган журналистикасининг дарғаларидан ҳисобланган Иброҳимжон Юсупов, Ғуломжон Акбаров, Алижон Абдуллаев, Абдулла Абдужалилов, Ҳабибулла Эргашев ва бошқа устозлардан сабоқ олган ўнлаб ижодкорлар республика даражасида ном қозонган қаламкашларга айланишди. Улар орасида сермаҳсул ва серқирра журналист, кўзга кўринган адиб ва публицист Содиқ Сайҳун ўшандаёқ алоҳида ажралиб турарди.
Дарҳақиқат, Содиқжон Ахсикатий энг аввало иқтидорли журналист, шубҳасизки, унинг қалами дастлаб газета саҳифаларида чархланган. Қирқ йилга яқин "Машъал" – "Давр"да фаолият кўрсатди, ишни адабий ходимликдан бошлаб, муҳаррир мақомида (1999-2005) давом эттирди. 2012 йили муҳаррир ўринбосари лавозимида якунлади. Лекин у газетасиз тура олармиди? "Шифокор ва ҳаёт"даги ижодига ҳам ўн йилдан ошди. Тиббиётдаги ислоҳот ва янгиликлар тавсифида Содиқ Сайҳуннинг олдига тушадиган қаламкаш йўқ ҳисоби. Бунинг исботи ўрнида кардиологлар хусусидаги битикларини эслаш кифоя. Вилоятимиз бу йўналишда анча илгарилаб кетган. Янги технологиялар асосида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, беморларнинг умри узайтирилмоқда. Чунончи, журналист Содиқжон янги – жароҳатсиз жарроҳлик амалиётини чуқур ўрганиб, инсон юрагининг тож томирларида олиб борилаётган ўта нозик ва қийин операцияларни шунақанги тасвирлаб беряптики, унинг бу услуби ёш журналистларга "маҳорат дарси" бўлмоққа муносиб. Таниқли ҳамкасбимизнинг мавзуга кириб бориш, унинг аҳамиятини белгиловчи жиҳатларини пухта билиб олиш ва мақолада бирма-бир тизимлаш ҳамда таърифлаш борасидаги тажрибасини оммалаштириш фойдадан холи эмас. У танланган мавзуни обдон ўрганади. Гўёки шифокорлар беморнинг қон томирига қанчалар беозор тушсалар, малакали журналист ҳам мавзу йўналишини шу қадар моҳирлик билан илғайди. Шу боис ҳам Содиқ Сайҳун қаламига мансуб ижод намуналари газетхонлар хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади.
Ижод кўлами кенг ва ҳамиша сермаҳсул Содиқжон Ахсикатийнинг қаламга ошноликда ҳавасга арзийдиган ўнлаб фазилатлари бор. Булар адабий, ижодий ва илмий давраларда доимо эътироф этиладики, энди ўша фикрларни келтира қоламиз.
Абдуллажон Ғозиев:
– Кўп йиллик кузатувларим давомида Содиқ Сайҳуннинг қаламига мансуб мақола ва публицистик чиқишларни ўқиганимда доимо ҳайратланаман, ҳаёт ҳодисаларини талқин этиш маҳоратига қойил қоламан. Мавзуга хос услуб танлаш, керак бўлса, ифодаланаётган янгилик, воқеа ва тажрибаларни мутахассислардан ҳам ўтказиб тасвирлаб бериш лаёқати унинг устун жиҳатларидан биридир. Юксак бадиий маҳорат ва чексиз иқтидор соҳиби Содиқжон Ахсикатий ҳақида жуда кўп ёзиш мумкин ва биз шунга бурчлидирмиз. Мен баралла айта оламанки, Содиқ Сайҳун ҳаёти ва ижоди қаламга садоқат – ибратли саодат эканига ёрқин намунадир.
Манзура Эргашева:
– Устозимиз Содиқжон акадан кўп нарсани ўрганяпмиз. Мураббий сифатида мақолаларни таҳрирдан ўтказишнинг жуда ҳадисини олганлари учун каттами-кичикми ёзганларимизни "рандалаб", силлиқлаб юборишлари биз шогирдлар учун ўзига хос мукофотдир. Ҳар маҳал беминнат маслаҳатларини аямайдилар. Камолотимизга қанот бағишлашдан қувонадилар. "Сизлар ҳали кўп ва хўб ёзишда бизлардан ўтиб кетасизлар. Фақат изланишдан, ўрганишдан тўхтамасаларинг бас!" – деб, доимо кўнглимизни кўтарадилар.
(Давоми бор).