ФАХРИЯ

Истиқлол – чин иқбол, сенга ташаккур,

Етти пуштимизни танидик, шукур,

Жумла жаҳон ҳали таҳсинлар ўқир,

Мағрур ҳилпирайди давлат байроғим,

Буюк бунёдкорлик юртда ҳар ёғим.

 

Аждодлар атаган туғ деб, ялов деб,

Мардлик ўтин дилга ёқар қалов деб,

Марду майдонликка, олға чорлов деб,

Тик ушлаб сақлаган давлат байроғин,

Бировга бермаган нажот чироғин.

 

Еру само ранги қутлуғ, муқаддас,

Янги ой, юлдузлар берар олий дарс,

Ватанни ҳур тутмоқ то қиёмат қарз,

Мағрур ҳилпирасин давлат байроғим,

Туйғу туғёнлатар тимсол қайроғим.

 

Қалби қуёш каби аланга ўзбек,

Бағрикенглик мерос болангга ўзбек,

Меҳринг татир бутун оламга ўзбек,

Мағрур ҳилпирайди давлат байроғим,

Қутлуғ бобоошён – кўзу қароғим.

 

Уйғоқ халқ кутгани соямас, офтоб,

Уйғоқ халқ тутгани ҳамиша китоб,

Уйғоқ халқ етгани ҳур Ватан – меҳроб,

Мағрур ҳилпирайди давлат байроғим,

Юксак маърифатга бошлар ҳамроҳим.

 

Янги Ўзбекистон қуряпмиз бугун,

Мақсад сари собит туряпмиз бугун,

Эртамизни порлоқ кўряпмиз бугун,

Мағрур ҳилпирайди давлат байроғим,

Куч-қудрат манбаи – руҳий яроғим.

 

Юрсин соғу-омон азиз Юртбошим,

Сурсин давру даврон ҳар бир юртдошим,

Кўрсин дунё ҳар он тик қадду бошим,

Мағрур ҳилпирайди давлат байроғим,

Бахту саодатга элтар маёғим.

Содиқ САЙҲУН.