Миллатларни миллатлардан фарқлаб турувчи асосий белгилардан бири – тил. Дунёда ҳар бир xалқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеъру достонлар, қўшиқлар, аввало, бирор-бир миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди. Тили яшар экан, у ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.

Мамлакатимизда мустақиллик сари биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши бўлди. 1989 йилнинг 21 октябрь куни қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг сиёсий-маънавий ҳаётимиздаги унутилмас ҳодиса юз берди. Миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилди.

Ўтган йиллар мобайнида ўзбек тилининг хал­қимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш бугунги давр талабидир.

Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ҳам тиббиёт муассасаларида давлат тилида иш юритиш ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, бошқарма бошлиғининг буйруғи қабул қилинди. Унга асосан тизимда иш юритишдаги бланкалар, ташкилот номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот ёзишмалари, реклама ва эълонлар, расмий веб-сайт ҳамда ижтимоий тармоқ саҳифаларидаги материаллар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилмоқда. Ҳар ойда бошқарма ва унинг тизимидаги тиббиёт муассасаларида вилоят Маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг қуйи тузилмалари билан ҳамкорликда "Маънавият соатлари" самарали ташкил этилмоқда.

Қолаверса, тизимдаги барча тиббиёт муассасаларида фуқароларни қабул қилиш хоналари, поликлиникаларнинг кириш йўлаклари ва кутиш залларида "Маънавият бурчаклари" ташкил қилиниб, уларда тиббий деонтология, аҳолининг шифокор олдидаги маданияти, бепул тиббий хизматлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббиёт йўналишидаги имтиёз ва ҳуқуқлари тўғрисидаги маълумотларни ўзбек тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ҳамда Брайл алифбосида жойлаштирилишига жиддий эътибор қаратиляпти.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрда имзоланган "Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ўзбек тилини янада ривожлантиришга қаратилгани билан алоҳида эътиборга сазовор.

Фармонга мувофиқ, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди. Асосий йўналишлар сифатида эса 2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш, 2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш, олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш каби вазифалар белгилаб берилди.

Ўз навбатида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида "Ўзбекистон миллий қомуси" жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш, ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш, телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш, 2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқиш, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткични 25 тага етказиш, дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш, хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш ҳам назарда тутилмоқда.

Бу вазифалар ижросини таъминлашда барчамиз ташаббускор бўлсак, давлат тили – она тилимизнинг нуфузи янада ортади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, "Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз. Чунки, неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш – бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир. Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир".

Манзура ЭРГАШЕВА.