"Сув – ҳаёт манбаи" деган иборани кўп эшитган бўлсангиз керак. Ростдан ҳам сувсиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Олдинлари бобо ва момоларимиз болаликларида юзи қизариб, тандирдан эндигина кўчган нонни зилол сувли ариқларда оқизиб ейишган. Хўш, ҳозирчи? Бундай ҳолатга камдан-кам ёки умуман рўбарў бўлмаймиз. Бунга сабаб эса айнан бизлар атроф-муҳитга салбий таъсир ўтказаётганимиздир.

Ҳозирда болалар ариқларда нарсалар оқизиб ейиш уёқда турсин, ҳатто оддийгина қўлларини ҳам юва олмаяптилар. Ахир ариқ сувлари ифлослантириб юбориляпти. Ҳатто чиқиндилар ташлаб оқизиляпти.

Мен бир нарсага сира тушунолмайман. Сувсиз яшай олмаслигимизни била туриб, нега яна уни беҳуда сарфлаймиз?! Кўчаларда оғзи очиқ қолган жўмракларни кўриб, бефарқлик билан лоқайд ўтиб кетамиз. Дунёнинг қайсидир бурчагида бир қултум сувга зор инсонларнинг аҳволини тушунганимизда эди, ҳеч қачон сувни беҳуда сарфламаган бўлар эдик.

Бир қултум сув нималарга қодир эканлиги хаёлимизга ҳам келмайди. Ўша бир қултум сув касал ётган беморга куч ато этиши, ўлим тўшагида ётган инсонни ҳаётга қайтариши мумкин. Ер юзининг 70 фоиз қисми сув билан қопланганига қарамай, ўша сувнинг 1 фоизигина ичишга яроқли экан. Ҳозирги кунда, у ҳам борган сари қамаймоқда. Бунга асл исбот эса Орол денгизининг қуришидир. Орол денгизи – Марказий Осиёдаги энг катта берк кўл. Қуришига қадар ўзининг эгаллаган майдони бўйича Шимолий Америкадаги Юқори кўл, Африкадаги Виктория кўли ва Каспий денгизидан кейинги 4-ўринда турарди.

Орол денгизининг қуришига сабаблар эса айрим экологик муаммолардир. Денгиз сувининг кескин камайиши нафақат Ўзбекистон ва Қозоғистонга, балки бутун Марказий Осиёга ўзининг салбий таъсирларини кўрсатган. Бу эса сувни асрашга бўлган масъулиятимизни икки ҳисса оширади десак муболаға эмас.

Овқатсиз инсон 3 ойгача яшай олади. Сувсиз эса атиги 3-4 кун яшаши мумкин. Одам организмидаги сувнинг 10 фоизи йўқолса ҳам у ўлим топади. Биламизки, уйларимизда ишлатаётган ичимлик сувларимиз тоғдаги қорнинг эриши орқали жилғалардан оқиб, биз яшайдиган ҳудудларга етиб келади. Қиш мавсуми келганда ёғингарчилик кўпроқ бўлади.

Аммо сўнгги йилларда глобал исиш ҳолати кузатилмоқда, яъни қиш мавсумида ёғингарчилик камроқ бўлмоқда. Глобал исиш деганда, ҳар ким ўзича фикрлайди. Глобал иссиқ дегани йилдан-йилга об-ҳаво иссиқроқ бўлиб боради, дегани эмас. Бунда кўп йиллик ўзгаришлар назарда тутилади. Яъни 20-25 йил аввалги 10 йилликларга назар солсак, ҳозир нисбатан иссиқроқ бўлмоқда. Ўз навбатида ёғингарчилик камроқ бўлиб, тоғларга қорлар нисбатан камроқ тушмоқда. Бу эса, ҳар хил қурғоқчилик ва шунга ўхшаш муаммоларни келтириб чиқараётир.

Хўш, юқорида "Ҳар қатра сув – тиллога тенг" деган жумланинг асл моҳиятини энди ангалаган бўлсангиз керак. Биламизки, тилло жуда қимматбаҳо ҳисобланади. Бир томчи сувни тиллога тенглаганимизнинг сабаби эса, агарда биз сувни асрамасак, бора-бора сув камайиб, бир томчиси тиллодан ҳам қимматлаши эҳтимолдан холи эмас.

Юқоридаги фикрларга таянган ҳолда биз сувга бўлган эътиборимизни кучайтиришимиз лозим. Ундан тежаб-тергаб фойдаланиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бугунданоқ, ҳозирги дақиқаданоқ бошлашимиз керак.

Диёра САТТОРОВА,

Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод

мактаби ўқувчиси.